Таҳлил

«Биз Афғонистонни шундай ўзгартирамиз» ёхуд Кобулдаги кўчма кутубхона (фотожамланма)

606

Кобул кўчма кутубхонаси ташкилотчилари афғон болалари орасида танқидий фикрлаш ва ўз-ўзини таҳлил қилиш қобилиятини шакллантириш ҳаракатидалар. Кўчма кутубхонанинг мовий рангдаги автобуслари Афғонистон пойтахтининг қайси кўчасида тўхташидан қатъи назар, болалар ўзларининг севимли китобларини олиш учун машина томонга ёғилишади, улар кўпроқ супер қаҳрамонлар ҳақидаги саргузаштларни ёки аллақандай сеҳрли эртакларни ўқишга иштиёқманд.

Ушбу лойиҳа – «Чормағз» ўтган йилнинг феврал ойида иш бошлаганди. Тез орада шаҳар атрофида бу каби кўчма кутубхоналарни кўриш одатий ҳолга айланиб қолди.

«Кўчма кутубхонанинг асосий мақсади бугун таълим тизимимизда ва жамиятимизда кўзга ташланмаётган танқидий фикрлашни тарғиб қилишдир, – дейди лойиҳаси асосчиси, 26 ёшли Фрешта Карим. – Болалар жаҳон адабиётига мансуб турли-туман ҳикояларни ўқиб, муаммоларни кимнингдир кўзлари билан кўрсалар, танқидий-таҳлилий фикрлашни, шу билан бирга ўз орзу-умидларини рўёбга чиқаришга интилишни ўрганадилар. Болалар билан ишлай бошлаганимизга яқинда бир ярим йилдан ошди ва бу вақт давомида биз уларнинг билим олишга, китоб ўқишга бўлган чанқоқлигига амин бўлдик”.

Ҳар куни автобус Кобул бўйлаб тўртта маҳаллага боради ва ҳар бир бекатда икки соат давомида тўхтаб туради. Бу вақт давомида мутолаага чанқоқ афғон болалари ўзлари учун қизиқарли бўлган китоб уммонига шўнғийдилар.

Лойиҳа эгалари автобуслар ичида болалар учун мўъжаз устахоналарни ишга туширишган. Бу ташаббус болаларга ижод қилишга ва ўз қўллари билан нарсалар ясашга ёрдам беради. Болалар учун устахона видеофильмлар ва турли мотивацион руҳдаги роликларни томоша қилиш учун проектор билан ҳам жиҳозланган.

“Аслида болалар жамиятимизнинг сармояга энг кўп лойиқ бўлган қатламидир. Шу нуқтаи назардан таълим инвестиция қилиниши керак бўлган муҳим соҳалардан бири ҳисобланади, чунки биз мамлакатимизни фақат шу йўл билангина ўзгартира оламиз», – дея қўшимча қилади Карим.

«Чормағз» лойиҳаси устида саккиз кишидан иборат гуруҳ ишлайди. Бироқ моддий имкониятларнинг чекланганлиги сабаб лойиҳа учун транспорт воситалари сотиб олинмаган. Шу боисдан маҳаллий транспорт бошқармаси улар учун иккита автобус ажратди.

Лойиҳа асосчиси Фрешта Карим

Автобус ҳар куни қатнайди ва тўртта маҳаллага боради.

Кўчма кутубхонада 2018 йилда иш бошлаган, шундан бери 40 мингдан ортиқ ташрифлар рўйхатга олинган

Ҳар куни 100 нафарга яқин болалар кўчма кутубхоналарга келади

Кутубхона фондидаги аксарият китоблар хайр-эҳсонлар асосида тўпланган. Китобларни «Чормағз» лойиҳасида ишловчи учта кутубхоначи мавзусига кўра бўлимларга ажратади

“Ота-оналар даставвал кўчма кутубхонага шубҳа билан қарашган, фарзандларини у ерга жўнатишдан хавотирланишган. Аммо ҳозир болалари учун ушбу лойиҳанинг қанчалик аҳамиятли эканини яхши тушунадилар”, – дейди Фрешта Карим

Келажакда таълим вазирлиги билан ҳамкорликда кутубхона фондига эга бўлмаган мактабларда ҳам лойиҳа фаолиятини йўлга қўйилиш режалаштирилмоқда

«Бир ярим йил давомида болаларнинг билим олишга, китоб ўқишга бўлган чанқоқлигига гувоҳ бўлдик», – дейди Фрешта Карим

Болалар жаҳон адабиётига мансуб турли-туман ҳикояларни ўқиб, ўзлари учун ғоят фойдали хулосалар чиқармоқда

Лойиҳа муаллифига кўра, таълим мамлакатдаги вазиятни ўнглашнинг ягона йўлидир

Кўчма кутубхона лойиҳаси маҳаллий ва миллий ҳокимият томонидан қўллаб-қувватланмоқда

«Чормағз» автобусларидаги мўъжаз устахоналар

«Чормағз» лойиҳасига маҳаллий транспорт бошқармаси ажратган автобуслар

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Янги масжид пойдеворига ғишт қўйилди

653 11:00 28.11.2019

Франциядаги энг эски масжид таъмирланади

620 11:00 11.11.2019

Марбельядаги масжид (фотожамланма)

727 10:00 01.11.2019

Сурияга қайтган оилалар яна Туркияга ўтиб кетмоқда

936 09:00 23.10.2019

Сурияликлар Туркия билан чегарадош шимолий ҳудудлардан қочмоқда (фотожамланма)

3062 17:30 12.10.2019

Очарчилик ва вабо туфайли хароб бўлаётган яманликлар (фотожамланма)

1238 19:05 07.10.2019
« Орқага