Биз бошладик

21:32 30.08.2017 1030

Ассалому алайкум, қадрдонлар!

Маълумингизким, XXI аср шароитида бутун дунёда мувозанат бузилган ва дунё иккига бўлиниб қолган. Бир томонда кўринишидан ҳавас қилса арзигулик Ғарбнинг ривожланган давлатлари, иккинчи томонда қашшоқ ва аксарияти мусулмон халқлар. Холис одамда ҳақли тасаввур уйғонмоқдаки, қашшоқликка ёхуд ривожланишдан орқада қолишга асосий тўсиқ бу — Исломдек гўё. Чунки қаерда мусулмон бўлса, ана шу ерда жанжал-тўполон, қашшоқлик, ваҳшийлик, бир сўз билан айтганда, нотинчлик ҳукм сураётгандек. Аммо дунёдаги жараёнларга бир бош юқоридан назар ташлай олган ҳар қандай инсон яхши тушунадики, XXI асрга келиб илмдан узоқлашиш оқибатида мусулмон халқлар турли сиёсий ўйинларнинг қурбонига айланди ва у жамиятлар парокандаликка юз тутди.

Аслини олганда, илоҳий қонуниятлари диний ва дунёвий илмларни ўрганмоқни уларнинг елкасига мажбурият ўлароқ юклаган мусулмон халқлар бу масъулиятнинг моҳиятини тўлиқ англаб етган вақтларида маърифат ва тараққиётда бутун дунёга ўрнак бўлган эдилар. Минг афсуски, у вақтлар ортда қолди. Воқелик шуни кўрсатадики, Ислом олами дунёдаги ўзининг аввалги мавқеини тиклаш, аввалгидек тараққий этган халқлар сафига қайтиш учун илм олиш мажбуриятини яхшироқ англаб етиш орқали ўз ҳаётида янги бурилиш ясашга муҳтож! Таъкидлаш жоизки, аксари мусулмон бўлган халқ ўлароқ мустақил Ўзбекистон ҳам бу заруратдан мустасно эмас. Тўғри, ёш бўлишимизга қарамай дунёда ўз ўрнимизга эгамиз. Аммо бу ўриннинг бошқа халқларга нисбатан қанчалар оғир тош босиши ҳаммамизга аён. Тарихан минглаб асрларга туташ, ҳудуд нуқтаи назаридан эндигина 26 ёшга тўлаётган бу юрт ҳам дунёда ўз сўзини айтиши, жаҳонда бўлаётган жараёнларга муносиб жавоб бериши, унинг ажралмас бўлагига айланиши ва дунё тамаддунига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшмоғи даркор.

Бундай мақсадларни амалга ошириш учун ўзбек халқида, аввало, мустаҳкам иммунитет ҳосил қилиш керак бўлади. Чунки юқорида таъкидлаганимиздек, халқларнинг парокандаликка учрашига асосий сабаб бу уларда таҳдидларга жавоб бериш учун етарли иммунитет мавжуд бўлмаганлиги, бу эса ўз навбатида илмсизлик оқибатидир. Инсон танаси иммунитетни зарур моддалардан олгани каби, ақл ҳам иммунитетни илм орқали ҳосил қилади. Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 9-оятида ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссаломга қарата: “Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» деб айт”, дея марҳамат қилади. Чиндан ҳам илмлилар билан илмсизлар тенг бўла олармиди?! Мана шу омилни яхши англаган ҳолда, халқимизнинг маънавий-маърифий ҳолатини яхшилаш, илмий салоҳиятини юксалтириш ва дунёда бўлаётган жараёнларга холис муносабат билдириш қобилиятини шакллантиришга ўз ҳиссамизни қўшиш мақсадида мазкур ишга қўл урдик.

Эътиборингизга «Azon.uz» лойиҳасини тақдим этмоқдамиз! Ожизона қўл урилган бу уриниш бизни Яратган Зот Ҳақ таолонинг кўрсатмасига тобе амалдир. Зеро у Моида сурасининг 2-оятида марҳамат қилади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг».

Шунингдек, ҳозирги кунларда янги ҳукумат бошчилигида қилинаётган ислоҳотлар ва яратилаётган шароитлар ҳам бизга бу ишни амалга оширишга қўшимча туртки бўлди ва натижада «Azon.uz» ахборот-таҳлилий портали дунёга келди. Айниқса, «Интернет жаҳон ахборот тармоғида миллий контентни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори, хусусан, унда кўзда тутилган интернет тармоғидаги ўзбекзабон фойдаланувчиларнинг Ислом дини бўйича берадиган саволларига жавоб бериш ва халқнинг диний мавзулардаги эҳтиёжини ишончли манбалар асосида қондиришга оид кўрсатмалар, шунингдек, мамлакат президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг диний-маданий меросни қайта тиклаш, халқ маърифатини юксалтириш бўйича эълон қилаётган тинимсиз чора-тадбирлари бу лойиҳанинг дунё юзини кўришида ўзига хос аҳамият касб этди.

Ҳаммамизга маълумки, орамизда ватани учун жонини фидо қилмоққа-да шай инсонлар талайгина. Унутмаслик керакки, ватанга хизмат бу моҳиятан халққа хизмат демакдур. Бу лойиҳа орқали бизлар ҳам айнан шундай мақсад остида бирлашганмиз. Энди бу ишимизнинг яна ҳам яхши самара бериши ва қўйилган мақсадга қисқа муддатларда эришиш учун биз билан мақсадлари муштарак мутахассисларнинг ёрдамини қабул қилишга тайёрмиз. Бунинг учун ёзувчи, журналист, таржимон ва бошқа барча кўнгиллиларни ҳамкорликка чорлаймиз. Ахир хайрли ва манфаатли амал қилгувчиларни Яратган Зотнинг ўзи мақтаб айтади: «Иймон келтирганлар ва солиҳ (яхши, хайрли, манфаатли) амалларни қилганлар, ана ўшалар халойиқнинг энг яхшиларидир» (Баййина сураси, 7-оят).

Ким ҳам Роббиси мақтаганлар қаторида бўлишни хоҳламас эди?

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!