Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Биз - ер юзини обод қилиш учун яралганмиз..

490

Экологик муаммоларнинг асли динимизнинг бир неча аҳкомларига бепарволик оқибатида юзага келади. Жумладан, исроф динимиз  қатъий ман қилган ишлардандир. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аъроф сураси 31-оятда: “Енглар ва ичинглар, (лекин) исроф қилмангизлар! Зеро, У (Аллоҳ) исроф қилувчиларни севмайди”, - дея марҳамат қилади. 

Исрофгарчилик оқибатида инсон Аллоҳнинг ғазабига учрайди. Шунингдек, неъматни исроф қилиш оқибатида ташқи муҳитга, табиатга жиддий зарар етказади. 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Саъднинг олдидан ўтдилар. У таҳорат қилаётган эди. Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу қандай исроф?!” – дедилар. “Таҳоратда ҳам исроф бўладими”, - деди Саъд. “Ҳа! Агар оқиб  турган дарё устида бўлсанг ҳам!”, - дедилар”. Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган. 

Мана бу ҳадисдан кўринадики, инсон ҳатто дарё бўйида бўлса ҳам таҳорат учун сувни исроф қиламслиги лозим. Аслида таҳорат Аллоҳ таоло буюрган, динимизнинг муҳим аҳкомларидан биридир. Ҳадиси Шарифда айтилдики, инсон ҳатто ибодатларида ҳам исрофга йўл қўймаслиги керак. Демак, ибодатдан ташқаридаги ишларда эса бунга икки ҳисса эътоборни қаратишимиз лозим. 

Барчамизга маълумки исроф деганда фақат сув назарда тутилмайди, балки эҳтиёждан ортиқча ишлатилган, ёки неъматни  беҳуда сарфлашнинг ҳар қандай кўриниши - исрофдир. Исроф сўзи луғатда “чегарадан чиқиш” деган маънони англатади. Инсон ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида меъёр чегарасидан чиқишлиги бу – исрофдир. 

“Исрофчилар (эса) шайтоннинг биродарларидир”. Исро сураси 27 оят 

Яна бир эътибор беришимиз лозим бўлган жиҳат бу – атмосферанинг ифлосланишидир. Тирик организм сувсиз ва овқатсиз бир неча кун яшаши мумкин. Аммо ҳавосиз 5 дақиқадан ортиқ яшай олмайди. Ҳаво таркибининг ўзгариши, яъни унинг ифлосланиши нафақат инсонга балки барча тирик жонзодларга салбий таъсир кўрасатади. Шунинг учун ҳам атмосферани тоза сақлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда атмосфера  асосан, автотранспорт воситалари,  турли завод-фабрикалар ва шу каби қурилмалар  чиқараётган чиқинди газлар сабабидан ифлосланмоқда. Биз атмосферани тозалаш учун автотранспорт воситалари, турли завод-фабрикалар фаолиятини тўхтатиб қўёлмаймиз, албатта. Фақатгина уларнинг зарарларини камайтиришимиз мумкин холос. Шундай экан, атмосферани тозалайдиган, бизга қайта ҳаво ишлаб чиқариб берадиган табиий имкониятлардан кенг фойдаланишимиз лозим. Барчага маълумки ўсимлик ва дарахтлар кислород ишлаб чиқарувчи энг қулай ва зарарсиз воситадир. Демак, мевали ва манзарали дарахтларни кўпайтириш, боғлар яратиш олдимизда турган зарур ишлардан бири экан.  Зеро, динимиз ҳам бунга тарғиб қилади. 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Бирортангиз экиш учун қўлингизда бир кўчатни ушлаб турган вақтингизда қиёмат қойим бўлиб қолса-ю, қоим бўлишидан илгарироқ уни экиб олишга кўзингиз етса, албатта экиб қўйинг", дедилар".  Халифа Хорун ар-Рашид ва кекса боғбон ривояти барчамизга яхши таниш. Кекса боғбон ёши бир жойга бориб қолган бўлишига қарамай кўчат экиши ва шу орқали савоб умид қилиши ёшлигимиздан бизга ўрнак сифатида кўрсатилган. Ҳа, мўмин-мусулмон инсон қилаётган ишидан дунёвий фойдани эмас балки кўпроқ савобни умид қилади. Шундай экан кўчат экмоқчи бўлган одам ҳам у кўчатнинг мевасини тановвул қилиш ёки моддий манфаатни эмас, инсонларга фойдасини ва натижада улкан савобларни умид қилиши лозим. Инсон бир кўчатни экиб, уни парвариш қилса, унинг мевасини одамлар, ҳайвонлар, ёки қушлар  истеъмол қилса, унинг соясида йўловчилар ором олса, ерга тўкилган қисмидан қурт-қумурсқалар озиқланса, унинг барглари ҳавони тозаласа ва шу ҳаводан тирик жон нафас олса, буларнинг барчаси инсонни улкан ва беҳисоб савобларга доҳил қилади.

Ер юзидаги экологик  муаммоларнинг яна бир сабаби, инсонларнинг тозаликка фақатгина масъул шахларгина жавобгар, деган нотўғри фикрларидир. Мусулмон инсон қалбидаги ҳасад, кибр каби ифлосликларга қарши курашиш билан бирга, атрофдаги инсонларга зарар берадиган нарсалар билан ҳам курашиши даркор. Чунки бу Аллоҳга суюкли амал ва улкан савобга эга бўлиш учун имкониятдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Иймон етмишдан ортиқ шўъба(шохча)дан иборатдир. Унинг энг афзали  “Ла илаҳа илла Аллоҳ” калимасини айтиш. Унинг (иймоннинг) энг қуйи  даражаси эса йўлдан азият берувчи нарсани олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам иймондан бир шохчадир”, - дедилар (Муттафақун алайҳ)

Мана бу ҳадисда мавзу жиҳатидан эътибор беришимиз лозим бўлган нарса шуки, қалбида оз бўлса-да, иймони бор инсон йўлда, кўча-кўйда ётган инсонларга зарар етказадиган ёки уларнинг кўнглини хира қиладиган ҳар қандай нарсага бефарқ бўлмаслиги лозим. Бу билан бефарқ, эътиборсиз инсонларни иймонсизга чиқариш фикридан йироқмиз, албатта, лекин оёғимиз остида бизни жаннатга киришимизга сабабчи бўлиши мумкин нарсалар ётганлигини унутмаслигимиз лозим.     

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир киши кичик бир тикон шохининг сабабидан жаннатга киради”, - дедилар. Яъни ўша шохнинг тикони инсонларга озор берадиган ҳолатда эди, шуни йўлдан олиб қўйганлиги сабабидан Аллоҳ уни жаннатга киритади. Демак, арзимас бўлиб кўринсада,  инсоннинг гўзал ният ила, Аллоҳнинг розилигини, инсонларнинг  фойдасини кўзлаб қилган иши мукофотсиз қолмайди. Ҳақиқатдан ҳам кўчада ёки йўлда турли хил политилен махсулотлари, пластик буюмлар, қоғоз ва шунга ўхшаш нарсаларга кўзимиз тушади. Бу нарсалар ҳаётимизда шунчалик кўп учрайдики, ҳатто эътибор ҳам бермай қўйганмиз. Давлатимиз томонидан ободонлаштириш ва тозалик ишларига катта маблағлар сарфланмоқда. Агар биз кўзимиз тушган ҳар қандай чиқиндини йўлдан олиб, инсонларга зарари тегмайдиган, керакли жойга ташласак, ана шу сарфланаётган улкан маблағлар янада зарурроқ ишларга, хусусан таълим, тиббиёт, ижтимоий қўллаб-қувватлаш каби ишларга сарфланган бўларди, менимча. 

Инсонларга фойда келтириш энг афзал ишлардан бири эканини уламолар таъкидлайдилар. Биз табиатни асрашимиз, исрофга йўл қўймаслигимиз, осмон мусаффолиги учун биргина кўчат экиб бўлсада ҳисса қўшишимиз ҳамда   маҳалламиз,  шаҳримиз, мамлакатимиз ва бутун ер юзи ободлиги йўлида барчага ўрнак  бўлишимиз орқали аввало, ўз ҳаётимизни турли қийинчилик ва касалликлардан асраган бўламиз, қолаверса, келажак авлодларимизга экологик муаммолардан ҳоли бўлган соф табиатни мерос қолдирган бўламиз. Зеро, Аллоҳ таоло инсониятни ер юзини обод қилиш учун яратган (Ҳуд сураси 61).

Муҳаммадсодиқ Абдуолимов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жаҳрий зикр қилишликдаги одоблар

71 15:16 06.03.2021

"Фотиҳа"нинг муҳим бир ояти

173 15:01 06.03.2021

Сенегал: мухолифатчининг ҳибсга олиниши ортидан тўполонлар (фото)

87 14:30 06.03.2021

Маҳр борасида қай даражада маълумотга эгамиз?

180 14:05 06.03.2021

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Мьянма бўйича бир тўхтамга келолмади

126 13:30 06.03.2021

Ҳазрат Навоий ва тасаввуф

107 12:30 06.03.2021
« Орқага