«Биз фақатгина синов (воситаси)миз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма!»

19:05 09.06.2019 686

Фолбинларнинг сўзи билан бугун кўплаб разил иллатлар намоён бўлмоқда. Одамларнинг кўнглига ғулғула солган, икки қўшнини бир-бирига душман, фарзандни отага қарши қайраган ҳам улардир. Бир сафар бир аёл бошига тушган ташвишлардан шикоят қилиб масжидга келди. Фарзандининг оиласи бузилиш арафасида эканлиги боис, унга бир башоратчи фолбинни тавсия қилишибди. (фолбиннинг манзилини сир тутди). Ҳикоясини у фолбиннинг эшиги олдида бир соатдан ортиқ навбат кутдим, дея бошлади. Навбатим етгач, киришга рухсат беришди. Кўрсатилган хонага қадам ташлашим билан юрагим орқага тортди. Қоронғи хонада шам ёруғида қора либосга ўранган фолбин, унинг ўнг ва чап тарафида илон, алламбало нарсалар бор эди. У мендан дардимни сўради. Айтган эдим, у бироз ўйланиб туриб: “Қизингизнинг олдини фалончи қўшнингиз боғлаган, қабрга суратини ўқиб кўмган, етти қабрнинг тупроғига дам солиб, уйингиз олдига сочган. Энди қайтариқ қилиб, эмламасак, бир-икки йилда қизингиздан ажраб қолишингиз мумкин”, деди...

Пайғамбаримиз алайҳиссалом; фол очувчи, яъни гўё ғайбдан хабар берувчиларни биздан эмас, деганлар. Одамлар ўртасини бузиб, пул эвазига ҳар қандай одамни бахтсиз бўлиши учун сеҳр-жоду, қилувчи, ёлғондан башорат берувчи, дуохон каби фол билан шуғулланувчи кимсалар ҳам диндан чиқади. Бу кабиларнинг олдига борганлар, уларнинг айтганларини бажарганларнинг ҳам эътиқодига путур етади.

Аллоҳ таоло фолбин, азайимхонлик ва сеҳр улкан гуноҳ эканлиги тўғрисида бундай огоҳлантиради: Яна, (улар) Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) ўқийдиган нарсаларга эргашиб кетдилар. Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир бўлдилар*. (У икки фаришта): «биз фақатгина синов (воситаси)миз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма!», – деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар. Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар. Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар. (Хуллас) ўзларига фойдаси йўқ, балки зарарли нарсаларни таълим олар эдилар. Уни (Аллоҳ китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди! (Бақара сураси, 102-оят).

Манбаларда, фолбинлик ва сеҳргарликни кичик ширк, дейилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким фолбин ёки сеҳргарга бориб, унинг айтганларини тасдиқласа, Муҳаммад(с.а.в.)га нозил бўлган нарсага куфр келтирибди", деганлар. Демак, мўмин инсон юқорида айтилган кимсаларнинг олдига бориб, уларни тасдиқласа, Қуръонга куфр келтирган бўлади. Куфр келтиришнинг оқибатини ҳаммамиз яхши биламиз. Аллоҳ асрасин.

Айни замонда турли фильм, мультфильмларда сеҳргарлар тўғрисида бўрттириб кўрсатилади. Уни кўрган болалар ёшлигидан сеҳргар бўлишга қизиқади. Бу ҳам жамият учун хавфлидир. Баъзилар ўзларини башоратчи қилиб кўрсатиш мақсадида бир гуруҳ тузади. Улардан биттаси бир кишининг молини ўғирлайди ва яшириб қўяди. Ташвишга тушиб молини қидириб тополмаётган кишига иккинчиси боради ва фалон фолбинга борсанг молингни топиб беради, дейди. Учинчиси, фолбинга келаётган одамни хабарини беради. Шу тариқа мол топилади. Фолбиннинг обрўйи ошиб бораверади. Яна бошқаси касал кўргани боради. Бошқа бир гуруҳ аъзоси уни дардини яхшилаб ўрганади ва касални фалончи дуохонга олиб боринг, дейди. Ундан хабар топган азайимхон нимадан касал бўлгани ва нималар қилиш кераклигини ғайбдан билгандек айтаверади. Қарабсизки, дуохоннинг обрўйи ошади. Афсуски, бу каби ёлғон, фириб йўли билан мол тўплаётганлар охиратда аламли азобни сотиб олаётганидан бехабардир.

«Коҳ ота бузрук» жоме масжиди имом ноиби Абдувоҳид ЎРОЗОВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!