Таҳлил

Биз кимларни тарбиялаяпмиз?

1834

Аёллар саҳифаси

“Бир ўғилни яхши тарбияласангиз, бир инсонни тарбиялаган бўласиз. Бир қизни яхши тарбияласангиз, битта оилани, ҳатто жамиятнинг каттагина бўлагини яхши тарбиялаган бўласиз”. Бу ҳикмат ҳеч бир даврда долзарблигини; “Оналар – миллат тарбиячиларидир”, деган ҳақиқат аҳамиятини йўқотмайди. Қуйидаги қачондан бери хаёлимни банд қилган мушоҳадалар ҳам ана шу ҳақиқатга таянган.

Чаноққалъа жанги. Янги келган аскарлар орасида бирининг сочи хиналанган. Қўмондоннинг “Нега сочинг бундай?” деган саволига аскар: “Онам мени ҳарбийга кузатаётиб хина суртди, сабабини билмайман”, деб жавоб берди. “Ҳа, майли, сафга қайт, хинали Али”. Қўмондоннинг шу гапидан кейин аскарни ҳамма “хинали Али” деб чақирадиган бўлди. Али тез орада яхши фазилатлари, жасурлиги билан ўртоқлари орасида ҳурмат қозонди. Бир куни уйига хат ёзмоқчи бўлди. Саводи йўқлиги учун йигитлардан ёрдам сўради. Ҳаммалари бирга мактуб битишга ўтиришди. “Отажон, онажон, яхшимисизлар, уйдагилар яхшими? Мендан хавотир олманг...” каби одатий жумлалардан кейин “Биз бор эканмиз, душман бир қадам ҳам босолмайди”, дея ғурур билан хатни тугатишди. Хат сўнгига Алининг қуйидаги гапини илова қилишди: “Онажон, сочимга қўйган хинангиз сабаб бу ердагиларга кулги бўлдим. Яқинда ҳарбийга келадиган укамга асло бундай қила кўрманг”.

Орадан вақт ўтди. Гелибўлуни ҳимоя қилаётган аскарлар, уларга ёрдамга келган қўшимча кучлар ҳам бирма-бир шаҳид бўлди. Гелибўлу қўлдан кетиш арафасида. Бу ҳолатдан хинали Али қўмондонининг боши қотган. Ротасини юборай деса, аскарлар янги, ҳали жангга тайёр эмас. Шунда аҳволни тушунган хинали Али ва ўртоқлари жангга бориш ниятлари қатъий эканини билдиришди. Қўмондон чор-ночор рози бўлди. Ротадан ҳеч ким тирик қайтмади...

Хинали Али уйига ёзган мактубга жавоб келди. Бошлиқлар уни кўзларида ёш билан ўқишди. Отаси ҳўкизини сотгани, пулининг ярмини Алига жўнатгани, ярмини ҳарбийга кетадиган кичик ўғлига берганини ёзганди. Шундан кейин хат онанинг сўзлари билан давом этганди: “Болажоним, сочимдаги хинани мазах қилишди, укамга қўйманг, дебсан. Укангга ҳам қўйдим. Ўртоқларингга айт, буни ҳазилга йўйишмасин. Бизда уч ҳолатда хина қўйишади:

1. Қурбонлик ҳайвонга: Аллоҳга қурбон бўлсин дея;

2.Келин бўлаётган қизга: бораётган оиласига, болаларига қурбон бўлсин дея;

3. Ҳарбийга кетаётган йигитларга: Ватанга қурбон бўлишсин дея...”

Бу – бўлган воқеа (мактубнинг асли Чаноққалъа музейи экспонатлари орасидан ўрин олган). Биринчи марта ўқиганимда этларим жимирлаб кетганди. Фарзандли бўлгач, ҳар эслаганимда кўзимга ёш тўладиган, кейин-кейин эса уяладиган бўлдим. Битта мисол айтсам, ўзингиз тушуниб оласиз. Дугонам турмушга чиқди. Куёв томон тўйни қарзга қилган экан. Туғруқ таътили учун ишхонаси яхшигина пул тўлаганида куюнчак дугонам бир қисмини қайнона-қайнотасига бермоқчи бўлди. Эрига айтди, “ҳарна қарздан қутулиб туришсин”, деди. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Она ўғлини: “Нега энди ёшгина келин пулининг ҳаммасини эмас, бир қисмини беради? Сен эрмисан ўзи, нимасан?” каби маломатлар билан эзган, эр келиб яқинда кўзи ёрийдиган хотинга жаҳл қилган, оиладаги тотувликдан ном-нишон қолмаган...

Мана, сиз ҳам юқоридагидек воқеаларни эслай бошлаяпсиз, тўғри эмасми? Чунки атрофимиз бундай гапларга тўлиб ётибди.“Топганингизни менга олиб келиб берасиз”, деб келиннинг маошига кўз тиккан; “Ўғлим қўймаса, мана, мен сени талоқ қўяман”, деб дунёни бошига кўтараётган; келинининг: “Ўғлингиз онам даволанишим учун берган озгина пулни ҳам олиб қўйди”, деган шикоятини: “Ие, ҳеч замонда хотиннинг пули бўладими, унинг ўзи ҳам, бор-йўғи ҳам эриники-да”, деб жавоблаётган; “Келин тушадиган уйни жиҳозлаб қўйсак, қуда томондан ҳеч нарса – мебель ҳам, емак-ичмак ҳам келмаса, яхши бўларди”, деган ўғлининг шаштини: “Ахир, улар ҳам умид билан қиз ўстиришган, орзу-ҳавас кўраман дейишган. Қилаверишсин, тирикликнинг зийнати-да, буям. Ҳали ўзинг қизли бўлсанг, биласан”, каби “насиҳат”лар билан шаштини қайтараётган қайноналар, оналар... Ота-онаси бир ножоиз қилиғига қаршилик кўрсатса, масалан, калта-култа кийинишига кўнмаса, бу ишда қиз набираларига ёрдамчи бўладиган бувилар ҳам бор: “Ҳамма нарса ҳозир ярашади-да, эртага бир жойга борса, шундоғам сипо кийинишга мажбур бўлади. Ўз уйида яйрасин, қўйинглар...” Эгилганда яна эркакнинг, отанинг боши эгилади.

Бир дугонам гапириб қолди. Уйланаётган жияни тўй куни янгаларнинг “эшик пойлаб” қолишидан норози бўлиб, бу ишнинг ножоизлигини айтиб, кетишларини талаб қилади. Дарҳол онаси, онасининг ёнига холалари кириб: “Одамларга гап бўлишни хоҳлайсанми? Ҳеч ким буни тўғри тушунмайди. Агар ножоиз бўлса, шу пайтгача катталар, буви-буваларимиз қайтаришарди-да”, деб ўз билганларидан қолишмаган.

Энди боласининг сочига хина қўйиб, уни мардонавор ўлимга, Ватан учун шаҳидликка юбораётган она билан келтирилган мисолдаги аёлларни солиштириб кўринг. Мен бу ўринда бир миллатни мақтаб, ўзимизни ерга урмоқчи эмасман. Агар дунё миллатларига қиёслайдиган бўлсак, улардан кўптомонлама устун келишимиз аниқ. Лекин юқоридаги каби оғриқли нуқталарда анча-мунча халқни чангимизда қолдириб кетишимз ҳам бор гап.

Айтсам гап, айтмасам дард бўладиган мулоҳазаларим қоғозга тушмай ҳам қолиб кетавериши мумкин эди. Бироқ бу сўзлар кимнингдир юрагига юқса, ҳеч бўлмаганда, фарзанд тарбиялаётганимда ўзим айтган гапга ўзим амал қилишимга туртки бўлса, деган умид билан ёздим.

Зумрад Фозилжон қизи

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳиндистон: очликдан ўлган онасини уйғотишга уринаётган бола

1706 17:30 28.05.2020

Хитойлик шахс 79 ёшли онасини тириклайин кўмиб юборди

3331 16:00 08.05.2020

30 йил олдин ва 30 йил кейин...

2193 03:00 03.05.2020

Онасига оқ бўлгандан кейин...

1675 18:00 14.03.2020

«Диндан чиқдингми, болам?!»

4087 07:00 11.03.2020

Бугунги жума маъвизаси мавзуси билан танишинг

2230 10:05 06.03.2020
« Орқага