Биз нега илмимизга амал қилмаймиз?..

11:05 29.07.2019 330

Аллома Ферузободий хилватнинг турлари ҳақида сўзлаб туриб, шундай дейдилар:

"Иккинчиси – хилватлари фикр сафоси учун бўлганлардир. Улар буни маълумотлар талабидаги тушунчалари тўғри бўлиши учун қилишади. Бу нав хилват илмни ақл мезонида талаб қиладиган қавм учундир. Бу мезон жудаям нозик. У энг кучсиз ҳавои нафс билан ҳам истиқоматдан чиқиб кетади". (Аллома Ферузободийнинг "Китобу сифрис-саодат" китобларидан).

Яъни илм ладунний (Аллоҳнинг ҳузуридан келадиган илм) ва ақлонийга бўлинади. Ақлоний илм талабидагилар хилватдан фикр ва тааммул учун фойдаланишади. Бу билан фикр ва тушунчалари тўғри бўлишини таъминлашади. Лекин бу фикрлар зикрсиз бўлгани учун фақат ақллари тўйинади, қалблари эмас.

Ладунний илм талабидагилар эса хилватларини фикр билан эмас, зикр билан ўтказишади. Чунки фикр бўлса, Ундан бошқани зикр қилган бўлинади. Уларнинг хилватлари Ҳақдан ҳақиқат илмини кўпроқ олиш учун бўлади. "Мен Мени зикр қилганнинг ҳаммажлисиман"дан* истифодани исташади. Шу сабаб уларга Илоҳий файз, фатҳ ва илмлар ҳосил бўлади.

Бу ўринда хилват воситасида фикримизни англатяпмиз, холос. Мақсадимиз, ақлоний илмнинг ўзи билан истиқомат – тўғри йўлда мустаҳкам туролмаслигимизни кўрсатиш. Чунки руҳ ва қалб тўйинтирилмай, фақат ақл билан илм олиш, эгасини истиқоматда тутиб туролмайди. Шайх Ферузободий айтганларидек, у энг кучсиз ҳавои нафс билан ҳам истиқоматдан чиқиб кетади.

Демак, илмимизга амал қилмаслигимиз, дунёга мубтало бўлганимиз, ибодат ва амалларимиз ихлоссизлигини шу нуқтадан қидиришимиз керак. Тама, ҳасад, адоват каби хасталикларимиз давоси мазкур фикрларда яширин эканини англашимиз лозим.

Яхшилаб мулоҳаза қилайлик!

_______________________

* Дайламий ва Байҳақий марфуъ ривоят қилишган ҳадис.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!