Биз нимага улгурдик?

09:01 08.11.2017 2692

Саъд ибн Муоз ўттиз бир ёшида мусулмон бўлди; ўттиз етти ёшда вафот этди; Исломда олти йил яшади, холос; лекин ўлими сабабли Аллоҳнинг Арши ларзага келди; жанозасида етмиш минг фаришта иштирок этди; қабрини қазиш пайтида мушки анбар ифори таралиб турди; Аллоҳим, бизга ҳам ана шундай зотларнинг иймон, ихлос ва тақвосини насиб эт!

“Тўғри йўлдаги бешинчи халифа” номини олган Умар ибн Абдулазиз ҳам нисбатан қисқа умр кўрган. У милодий 681 йили туғилган ва 720 йили вафот этган, яъни ўттиз тўққиз йил ҳаёт кечирган. Умар ибн Хаттобнинг эвараси, умавийлар халифаси, “Иккинчи Умар” номи билан машҳур бу киши Миср, Дамашқда яшаган, Мадина ноиби бўлган. Халифа Абдулмалик топшириғига кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларини қайта таъмирлаган. Милодий 717-720 йиллари умавийлар салтанатини бошқарган. Ислом олимлари уни якдиллик билан умавий ҳукмдорлар орасида ягона тақводори, энг адолатпарвари деб ҳисоблашган.

Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий ҳижрий 631 йили туғилиб, 676 йили вафот этган, яъни бор-йўғи қирқ беш йил умр кечирган. Мана шу қисқа ҳаёти давомида у илм ва китоб таълиф қилиш бобида шунчалар улкан даражага эришдики, замондошлари у ёқда қолиб, кейинги олимлар ҳамон у зотга етишни орзу қилиб ўтишяпти. Болалигидаёқ Қуръони каримни ёд олди, барча машҳур ҳадис китобларини пухта ўрганди, ўзи эса ана шу қисқа давр ичида юздан ортиқ асар ёзишга муваффақ бўлди. Булардан “Азкор”, “Риёзус-солиҳийн”, “Арбаъин” ўзбек ўқувчиларига ҳам яхши таниш.

Бизлар-чи?! Орамизда етмиш-саксон йил яшаб, дин учун, миллат учун, ватан учун бирор арзирли иш қилмай ўтганлар қанча? Берилган қисқагина умрни гуноҳ ишлар, бефойда амаллар йўлида совурганлар қанча? “Умрнинг мазмуни қанча йил яшалгани билан эмас, уни қандай ўтказилгани билан ўлчанади” деган ҳикматни унутмайлик, азизлар!

Аҳмад МУҲАММАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!