Биз сизни соғиндик, ҳамиятли эркаклар! Ёхуд шармандаларга кенг инстаграм

16:00 16.04.2019 3416

Глобаллашув маҳсуллари шиддат билан ҳаётимизга кириб, ўрнашиб олгани қувонарли ҳол, албатта. Ахир бугун мобил телефон ва интернет тармоғи туфайли узоғимиз яқин бўлмоқда, вақтимиз тежалмоқда. Аввалгилардек узоқдаги яқин инсонларимиздан мактуб кутиб почтачининг йўлларига кўз тикмаймиз. Комьпютер ёки мобил телефонимиз бўлса бас, бир неча сонияларда яқин инсонимизнинг овозини эшитиб, саломатлигини билишимиз мумкин. Тиниб-тинчимаган мутахассислар ҳатто интернет тармоқларида кўришишиб мулоқот қилишни ҳам ихтиро қилганлар.

Давр тамаддунининг бу имкониятларига қойил, албатта. Аммо ҳар неда меъёр бўлгани маъқул. Кўп бора таъкидланганидек, одамзод техника қулига эмас, техника инсон дастёрига айланиши жоиз. Қолаверса, ҳар қандай ҳолатда инсон ўзи яшаб турган жамият билан ҳисоблашиши, ўзини ўраб турган менталитетнинг ёзилмаган қонунларига амал қилиши ва албатта ўзлигини унутмаслиги лозим. Акс ҳолда бирнинг касри мингга уриши, бир одамнинг қалтис қадами бутун бошли миллат бошига маънавий-моддий балоларни ёғдириши ҳеч гап эмас.

Интернет фойдаланувчилари орасида “инстаграм” тармоғини билмайдиганлар бўлмаса керак. Фойдаланувчилар асосан суратлари билан мулоқотга киришадиган ушбу ижтимоий тармоқ аввал санъат соҳаси вакиллари орасида урфга кирган бўлса, бугунги кунда ундан турли ёшдаги ва турли касб эгалари фойдаланмоқда.

“Мана бу севгимиз самараси!”

Бир пайтлари фарзанд кутаётган аёллар, қорни сезилиб қолгач ҳатто ота уйига боришга, отаси, ака-укаларига кўринишга ҳам истиҳола қилган. Куёв хонадонидаги эркакларга кўриниш ҳақида-ку, гап бўлиши мумкин эмас эди. Бир онахон билан суҳбатлашганимизда “фарзанд кутаётган аёл юкли эканини ҳаммага ошкор қилиши яхши эмас. Аёлнинг ҳомиладорлигини фақат оиласидаги яқинлари билса бўлди, қариндош-уруғ, қўни-қўшнига суюнчилаш шарт эмас. Бу – шунчаки ирим эмас, аксинча, ёмон назар, баднигоҳлардан оғироёқ аёлни асраб-авайлаш кўзда тутилган мақсад...” дедилар. Ори рост гаплар. Назарнинг кучи тошни ёради, кўзнинг заҳри отни йиқитади, дейдилар. Кўз тегиши, назарланиш бидъат эмас, аксинча бу нарсанинг ҳақиқатлигини тақозо қилувчи манбалар, ҳадислар ривоят қилинади. Ҳаётда ҳар хил ҳолат, ҳар хил одамлар бор. Кимдир узоқ йиллар фарзанд кутиб, бу бахтга эришолмаётган, яна кимнингдир ёш гўдаги вафот этган, бировнинг ҳомиласи нобуд бўлган, кимнингдир яқини фарзандини дунёга келтираётиб ҳаётдан кўз юмгандир... Ҳомиладорлигини кўз-кўз қилаётган аёл ўзининг бахтлилигини оммага намойиш қилиш билан неча-неча кўнгилларнинг эски ярасини тирнаётганини ўйламасмикан? “Аҳволи сендан оғир одамлар олдида, бахтингдан сўз очма!” деган экан аҳли донишлардан бири. Айримлар эса сўз очиш нари турсин, андишани бетидан сидириб ташлаб, “ҳамма кўриб қўйсин!”, “кўрганнинг кўзи куйсин!” дея дўппайган қорнини ҳар хил оҳанжамада суратга олиб, интернет тармоқларига қўйишдан ҳаё қилмаяпти.

Яқинда фарзандли  бўлган таниш аёлнинг “инстаграм”даги шахсий саҳифасига меҳмон бўлдим. У ердаги суратлар, беҳаё тасвирларни кўриб... уятдан ловуллаб кетдим. Хоним қорнини ушлаб, белини тутиб яна алламбало қилиқлар акс этган суратларини саҳифасига қўйган, ҳатто “Бир-биримизни севамиз, натижа эса мана бу!” дея қорнига ишора ҳам қилибди. Балки аёлнинг бу андишасизлигидан эри, қайинбўйинлари бехабардир, дерсиз? Асло ундай эмас экан. Буни хонимнинг ахлоқ доирасига тушмайдиган суратларига “like” (“менга ёқди”) ишорасини кўрсатган эрининг қариндош-уруғларининг муносабати ва суратларга ёзилган изоҳларидан билдим. Аёл фақат оила даврасида томоша қилиш учун мўлжалланган барча суратларини “инстаграм”даги саҳифасига жойлаган шекилли, никоҳ тўйидаги суратлар орасида ҳатто куёв билан чимилдиқда ёлғиз қолган пайтларини ҳам келин бола боплаб тарихга муҳрлаб қўйган эканлар. Албатта буни интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали виртуал танишларига кўз-кўз қилишга ҳам улгурганлар... Хоним шахсий саҳифаларига жойлаштирган ҳар бир суратга бирма бир тавсиф беришга вақт ҳам, асаблар ҳам дош бермайди. Индаллога ўтамиз: интернет орқали нағмайи муқомлари акс этган суратларини номаҳрамларга, дўсту душманга кўз-кўз қилаётган аёлнинг эри ёки эркак яқинлари орият, ҳамият, номус, хонадон шаъни деган тушунчалардан йироқмилар?!..

Обрў-эътиборли, эл-юрт орасида ўзига яраша номи бор аёллар турмушга чиқмаган қизларининг суратини ижтимоий тармоқларга қўйиб, етмаганига “Фалончихон қизим, писмадон ёшда. Бирдан бир орзуим – шу қизимнинг бахти очилиб, оқ либосларда келин бўлишини кўриш”,  деб изоҳ ёзиб ҳам қўйишади. Кап-катта аёлларга бунақанги майнавозчилик, аҳмоқгарчиликнинг нима кераги бор? Қизини ижтимоий тармоқлар орқали “реклама” қилгани билан бахти очилармиди? Тағин қизларини машиналарга ўтирғизиб, суратга туширишган. Бу билан “бўлажак куёв қизимиз билан бирга машинани ҳам қўлга киритади” демоқчи бўлишадими, билмадим. Андиша, уят, орият, номус ва шаън ҳақида гап кетганда кўпчилик “ҳозирги ёшлар”, “бугуннинг ёшлари” деб бошланувчи таъна-маломатлардан иборат “қўшиқ”ни куйлашга ўрганиб кетган. Лекин орқа-олдига қараб, кексалик ёшига етиб, юриш-туриши, рафтори ёшларга ибрат бўлиши керак бўлган катталарга разм соладиган ҳақиқатгўй одамни топиш бироз маҳол. Суратларига қолдирилган изоҳларда “Вой, менинг ҳаммадан гўзал опажоним!”, “Ҳуснингиз худди ўн саккиз ёшлилардек” каби тийиқсиз хушомадларни ўқиб, эллик-олтмиш ёшли аёлларнинг қилғиликларидан уларнинг ўрнида ўзинг бўлганингдек хижолат чекасан киши...

Сўнгсўз ўрнида

Ҳаётда ҳар ким ўз танлаган йўлидан боради. Албатта инсон ўз йўлини оилада кўрган тарбияси, дунёқараши маънавий ва ахлоқий тушунчаларига асосланиб танлайди. Мулоҳазаларимиз кимларгадир эриш туюлса ёхуд фикрларимиз кимнингдир ғашини келтирса, ажабланмаймиз. Зотан, дунёни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди. Балки мулоҳазаларимизни маъқулламаганлар турли ижтимоий сайтларда суратларни жойлаштиришга замонавийликнинг бир кўриниши, дея нисбат берарлар. Бироқ ўзини замонавий ҳисоблаган рисоладагидек шахс аввало ўзи туғилиб ўсган юртнинг урф-одатларини қадрият даражасига кўтара ола билиши ва миллий менталитетига ҳурматда бўла олиши шарт. Ўз тарихи, миллий маънавияти, элининг азалий қадриятларидан бехабар ва айро бўлган киши замонавийликни орзу қилиши ақлга сиғмайди. Қолаверса, ўзбекона тамойилда оила шаъни ҳар недан устун, хонадон қўрғони метиндек мустаҳкам қўриқланади. Фикримизча, глабаллашув даврининг маҳсулларига элимизнинг минг йиллик қадриятларига раҳна солиш ваколатини ўз қўлларимиз билан топшириб қўйишга маънавий ҳақимиз йўқ. Менимча, сиз ҳам бу фикрларни тасдиқласангиз керак?

Кавсар НУР

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!