Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Биз учун  рўмол – иймон  масаласидир!

6414

Ниҳоят, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун кучга кирди. Гарчи миллионлаб ўзбекистонликларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб турган қатор масалалар кўндаланг қўйилган бўлса-да, бу саволлар жавобсизлигича қолаверди. Ҳаммасидан ҳам алам қиладигани, АОКА да бўлган матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига бошқа давлатлар андозаси ҳақида узундан-узоқ гапирилиб, “қўлларингдан нима келади, қонун шундай қолади” қабилида жавоб берилди. 

Биргина енгиллик – аёлларнинг рўмол ўраб юришларига рухсат берилгани бўлса, шу масалани кўриб чиқайлик. Жамоат жойларида рўмол ўрашга рухсат берилгани ҳақида жар солиняпти-ю лекин кечаги матбуот анжуманидан сўнг янги ўқув йилидан мактабларда рўмол ўрашга янада қаттиқроқ қаршилик бўлишига шубҳамиз қолмади.

Афсуски, рухсат берилиш билан бир қаторда, бошқа бир томондан, аёл- қизларимизнинг катта бир қисми жамланган халқ таълими соҳасида рўмол ўрашга рухсат берилмаслиги таъкидлаб қўйилди. Эмишки, қизларимиз баъзи давлатлар стандартлари бўйича кийинишлари керак эмиш. Қани мантиқ?! Қани диний эркинлигимиз?!

Кўриниб турибдики, яна янги ўқув йилидан бошлаб рўмол масаласида аввалгидан ҳам жиддийроқ тортишувлар бўлиши тайин. Энди мактаб ўқувчиларининг рўмолини ечдириш тадбирлари кўпаяди, мактабларда рўмол ўраб келган қизларни доскага чиқариб иззат-нафсига тегиш, синф ўқувчилари орасида муҳокама қилиб, дўқ-пўписа қилиш давом этади. Бу аниқ. Ана сизга рўмол ўрашга рухсат берилишининг ифодаси!  

Мусулмонлар яшаётган давлатларда мактаб ўқувчиларидан тортиб телевидениедаги сухандонларгача динларида буюрилганидек кийинадилар. Буни ҳар куни дунё телеэкранлари орқали халқимиз кўриб-билиб турибди. Нега уларга ҳеч ким бундай кийинишни тақиқламайди. Улар қандай стандартларга амал қиладилар? Нега биз фақат ғарб давлатлари қоидаларини ўзимизга дастак қилиб олишимиз керак? 

Ажабо, юз йиллар давомида ўз ҳуқуқларидан маҳрум этилиб, азият чекиб келган ўзбек халқи мустақиллик йилларида ҳам “Алҳамдулиллаҳ, мусулмонман!” деб юрган ва Қуръондан, рўмолдан қўрқадиган айрим депутатларнинг бирёқлама қарашлари туфайли яна неча йиллаб азият чекадиганга ўхшайди.

Қачон ўзбек қизи ва аёли рўмолини бемалол ўрайди? 

Қонунда уларнинг рўмол ўраб юришига рухсат берилган экан, айтинг-чи,  миллионлаб аёл-қизлар ўқиб-ишлайдиган халқ таълимида бўлмаса, қаерда рухсат берилди? Хўш, “Таълим тўғрисида”ги Қонунни ва Вазирлар Маҳкамасининг 666-қарорини мутлақо ўзгартириш мумкин эмасми? Халқнинг хоҳиш-иродаси Халқ таълими соҳасида инобатга олинмайдими?!
Вазирлар Маҳкамасининг 366-қарори (қонуности ҳужжати) Конституциямиздан ҳам устунми? Унда ўзгартириб бўлмайдиган қандай сабаб бор? 

Бундан икки йил аввал вилоят Халқ таълими ходимлари нашри бўлган “Устоз” газетасида ишлардим. Бирор тадбир бўлса, ташкилотчилар, биринчи навбатда, ўқитувчи аёлларнинг бошидан рўмолини олдирар, менинг шу тадбирни ёритиш учун келган журналист эканлигимдан бехабарлар эса мени ҳам рўмолимни ечишга ёки ташқарига чиқиб туришга буюрар эдилар. Шунда рўмолимни ечишдан кўра ташқарига чиқиб туришни афзал кўрардим ва тадбирни интервьюлар ёрдамида ёритиб берардим. 

Бугун биз аёлларни қийнаган нарса Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида Ўзбекистон фуқаролари истаган динига эътиқод қилиши мумкинлиги битиб қўйилган бўлса-да, депутатларимиз унга зид равишда эътиқодимизга путур етказадиган амални бизга мажбуран бажартирмоқчи бўлаётганликларидир. Наҳотки улар орасида аёл-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиганлари топилмаса?!

Ҳозир таътил даври. Ҳадемай, янги ўқув йили бошланади. Яна ўша рўмол масаласи жиддий масала сифатида кўнгилларни оғритиб, кўндаланг бўлиб тураверади. Нега дейсизми? Гарчи Конституциямизда кўрсатилган, “Диний ва эътиқод асосидаги камситишлар ва дискриминациянинг барча турларини тугатиш тўғрисида”ги Халқаро Декларацияга Президентимиз имзо чеккан ва яна “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция” Ўзбекистонда ратификация қилинган бўлса-да, шунингдек, “Бола ҳуқуқларини кафолатлаш тўғрисида”ги Қонунда ҳам ҳар бир бола истаган динига эътиқод қилиш ҳуқуқига эга эканлиги ёзиб қўйилган бўлса-да, фарзандларимиз халқ таълими раҳбариятининг бирёқлама қарашлари туфайли ўз ҳуқуқларидан фойдалана олмайдилар. 

Ўқув йили охирроғида мактаблар раҳбариятига маълумот бериш учун келган жадвал билан танишиб қолдим: “Вилоят халқ таълими тасарруфидаги умумтаълим мактабларида кийиниш маданиятига риоя қилмаган ўқувчилар тўғрисида маълумот” деб ёзилган эди унда. Жадвалда, жумладан, “Кийиниш маданиятига риоя қилмаган ўқувчилар сони”, “Ҳижобини ечган ўқувчилар сони”, “Ечмасдан ўқув муассасасига кирганлар сони” каби қаторлар бор эди. Унда  “Ушбу жадвални тўлдириб, 28 апрель кунига соат 12-00 га қадар тақдим этишингиз сўралади”, – деб ёзилганди. 

Энди ўзингиз хулоса қилинг! Хўш, бу рақамлар нима учун олиняпти? Рўмол ўраган қизларни назоратга олиш учунми ёки рўмолли қизлар сони кўпайган мактабларга чора кўриш учунми? Кейин нима қиладилар? Рўмолли қизлар жиноятчиларми? 

Ҳақли савол: кийиниш маданияти деганда нимани тушуниш керак? Наҳотки, калта-култа, тиззадан юқори  юбкалар билан очиқ-сочиқ юришни маданиятлилик, деб ўйланса?! Аслида, бу бизнинг маънавиятимиз, қадриятларимизга тўғри келадими? Бу ўта очиқ юришлар ўтиш ёшидаги тенгдош йигитлар тарбиясига таъсир қилиб, зино кўпаяётган, ҳали мактаб ё коллежни битирмай туриб она бўлаётган қизларимиз ҳақида нима дейсизлар?! Миллийлигимиз қаерда ўзи?! Биз кийинишда кимларга эргашганмиз ва қайси йўл тўғри?! Ваҳоланки, бизлар мусулмон аёлларимиз-ку! 

–  Мен рўмолларингни орқадан ўрайсизлар, деганлари учун мактабда ишламайдиган бўлдим, – дейди мактабларда янги ташкил этилган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимига тавсия этилган шоира аёл, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларидан бири. 

Ҳа, ўқувчи қизларга рўмолни тарғиб қилиб қўймасликлари учун бечора ўқитувчи аёллар ҳам рўмол ўрамасликлари керак. Нима эмиш, текширув келиб, кичкина рўмолни орқадан ўрашгина мумкинлигини тушунтириб кетганмиш. Унда бу рўмолни ўрашнинг нима ҳожати бор! Қаранг-а, халқ таълими раҳбариятидан айнан рўмол ўраётган ўқитувчиларни текшириб келибдилар. Ахир, уларнинг ўзлари ҳам диндошларимиз эмасми? Биз бошқа дин вакилларини рўмол ўрасин, деяётганимиз йўқ-ку! 

Ҳурматли сенаторларимиз! Биз, ўзбек аёл-қизларининг ислом динига эътиқод қилиши конституцион ҳуқуқимиз бўлиб ва бу ҳуқуқимиз қонунан кафолатланган экан, айрим соҳа вакиллари нега бундан мустасно бўлиши керак?!  Айниқса, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг рўмол ўрашига нега ҳамиша тўсқинлик қилиб келинади? Бизнинг ҳуқуқимизни ким ҳимоя қилади? Шундай жиддий муаммоларимизга ақл кўзи билан ечим топа олмас экансизлар, сизларни нима учун сайлаганмиз?

Халқ таълимидаги мусулмон аёл-қизларнинг кўпчилиги илм ўрганиб, динимизда кўрсатилганидек, авратларини беркитаётган бўлсалар, уларга қаршилик қилманг, Аллоҳдан қўрқинг! Уларни ортиқ чекламанг! Зеро, Қуръони каримда аёлларнинг авратларини беркитишлари, зийнатларини кўрсатмасликлари, рўмолларини кўкраклари устига ташлаб юришлари кераклиги ҳақида оят нозил бўлган ва биз “Нур” сурасининг 31-ояти орқали огоҳлантирилганмиз. Шуни ёдингиздан чиқармангки, рўмол масаласи мусулмон аёллар учун сиз ўйлагандек, имкон масаласи эмас, балки иймон масаласидир.        

Ойдиной Темирова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ёшларимизда миллатимизни дунё тараққиётининг чўққисида кўришни истайдиганлари бор

537 19:00 17.07.2021

Қуръон курсидаги кечинмаларим...

4437 16:55 12.07.2021

«Халқаро ҳужжатларда диний таълим ҳуқуқи деган нарса йўқ» – Адлия вазири

3321 13:21 10.07.2021

Биз англай олмадик...

3976 22:55 07.07.2021

«Ҳамма иш қонун доирасида бўлсин...»

1278 14:25 02.07.2021
« Орқага