Биз ўзбекмиз, мусулмон миллатимиз. Ҳолимиз эса...

18:04 11.03.2019 1977

Жума кечки пайт ўғлим билан машқ ва сайл баҳонасида Яккасаройдан Хадрагача пиёда юриб бориб, яқинларни кўриб қайтишга қасд қилдик. Ўша куни 8-март куни эди. Кўча тўла одам экан. Биз ҳеч бирига эътибор қилмай ўз машқларимизда давом этавердик. Халқлар дўстлиги саройи олд қисми роса кенгайиб, чиройли манзара кашф этибди. Аслида ҳар кун ўша ердан ўтсам ҳам, эътибор бермас эканман, сабаби концерт пайти йўл тирбанд бўлади. Ўғлим билан ўша манзилдан юриб борарканмиз, бир-бирларини  қўлини қўйиб юборса, «адашиб» қоладиган жуфтликларга тўла эканига гувоҳ бўлдик. Тўғри, бизни диёрларда бу каби манзаралар  табиий ҳолга айланганига анча анча бўлиб қолди. Бу сафар мени ҳайрон қолдиргани – ёш-ёш қизларнинг хуфтон пайтидан кейин ҳам кўчада, сайл қилиб юришлари эди.. Уларнинг отаси ишдан қайтиб «қизинг қаерда?» деб сўрармикан? Она қизининг қаерда юрганидан хабардормикан? Қўл ушлашиб хилватда юриш, жуфтлигига ёпишиб хиринглаб ... очиқ-сочиқ...

Шундай манзарадан тезроқ  кетиш учун чорраҳадан хадра йўналишига ўтволдик. Қатор мебел дўконларидан то К. Беҳзод номидаги коллеж  йўлакчаси нисбатан қоронғуроқ экан, аммо одам кўп. Ёмони эса шу йўлакдаги пардасиз «театр»лар. Ёшгина навниҳоллар... Ўғлим мени, мен уни олдида қаёққа қарашга ҳам довдираб қолдик. Кейин, «она келинг тез югуриш қиламиз», деди ўғлим ва чопишга ҳаракат қилдик. Тезликданми, кўргуликданми юрагим қинидан чиққудек бўлиб дук-дук қиларди...

...Мен балки замондан кўп чандон орқада қолгандирман. Кўчаларда зинолар эркинликка ўтиб бўлгандир. Ҳаёлар модадан қолгандир, иффат билан қорин тўйдириш кулгулидир. Балки жуда кўп сабабдир, уни мен билмасам керак.

Аммо уйидан қизи чиқиб кетгани, тунда бегона йигит билан донлашиши, уйида ўғлини йўқлиги, унинг юриш-туришидан бехабарлиги.. борасида Ота нима дер экан?  Бу жуда кичик сўров ёки ном эмас, ахир Ота дейиляпти, тушуняпсизми Ота? Фарзандининг номуси бўйнидаги йўғон томиридан ҳам юрагига яқинроқ эмасми?

Бу шу куннинг манзараси.

Инстаграм  тармоғига мўраласам,  бир тўда машшоқлар ўзларини ҳар кўринишда саҳифасига жойлаб борар экан, унинг  коментчи мухлислари ҳам  боя айтганимдек,  ёш навниҳоллар. Келажагини шу артистлар кўринишида орзу этишлари яққол билиниб турибди. Тор ва очиқ кийинган аёл саънаткорларни қайси ҳаёт йўли ибрат бўлгули, қайси хизматидан ўрнак олгули (балки бундан ҳам хабарсиздирман). Ватан учун ёдлаб олган «ватанпарварлик» қўшиғи мисолида қайси биридир фидойи фарзанд бўла олганми?

Нега ёшларимиз аждодларнинг ўтмиш изларига изини босмайди. Шоҳи ва шоири Бобурнинг таваллуд кунида «Валентин»ни нишонлайди. Бир чеккадан саноқ қилиш ниятим йўқ...

«Ухламайди ва ҳеч кимни ухлагани қўймайди» (Холид ибн  Валид розияллоҳу анҳу).

 “Исломга киришимдан уч кун илгари тушимда ўзимни қатма-қат зулматларнинг ичра қолганимни кўрдим. Унинг тўфони ичида типирчилаб турганимда, бирдан менга ой нур сочиб қолди. Мен у томон юрдим. Кўз олдимда, у ойга мендан олдин борган кишиларни кўрдим. Зайд ибн Ҳориса, Али ибн Абу Толиб ва Абу Бакр Сиддиқни кўрдим (Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бошингни осмонга кўтарганингда, у айтган сўзлар ер билан осмон оралиғида нур каби таралиб турганини кўрар эдинг», деб марҳамат қилдилар. (Худайр розияллоҳу анҳу ҳақларида)

****

Саҳобалар ҳаёти ҳақида тунда юрган боласига сўзлаб берувчи Оналар борми? Номаҳрамни қучоғидан чиқиб уйига бемалол кириб келувчи ўғлонига буюклар ҳақида эслатувчи Оталар борми???

Биз ахир ўзбекмиз, мусулмон миллатимиз. Иллатга қоришаётган кунимиздан яраладиган келажакка кўзимиз кўр, қалбимиз чўлоқ холатида борамизми? Айтинг, сўнги манзилимиз қадар ҳамроҳларимиз бу бизнинг жигарпораларимиз экан, нега биз бефарқ қолдик?

Қўшнини томидан бир қарич томини баланд қилишга уринаётганлар, орини йўқотаётганини билмайдиларми?

“Жирапча”лар ичра емирилаётган кунларимиз учун жавобни ким беради?

Ўзимизга савол берайлик?

Мадина Мўминова

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!