Биз сен билан, Kun.uz!

23:25 16.08.2019 2882

Узоқ ўтмиш… 1733 йил. Жон Питер Зенгер, америкалик журналист, «New York Weekly Journal» газетасига асос солди, бир мақсад йўлида – амалдорлар жиноятларини фош қилиш учун. Тасаввур қилинг, сал кам 300 йил олдин амалдорларни «тартибга келтириш» учун бутун бошли ОАВга асос солинган. Кўнгилочар мақолалар, зодагонлар ҳаёти ҳақида хабар берадиган эмас, айнан, яна ҳам аниқроғи, ўша штат губернаторининг қинғир ишларини очиб бериш учун газета ташкил қилинди. Интернетдаги маълумотларга қараганда губернатор ёмон одам бўлган. Бундай ишларни биринчи марта кўриб турган «раҳбар»лар Питер Зенгерни судга беришади, бизга туҳмат қиляпти, деб (журналистни тутиб олиб дўппослашмаган, маълумот учун). Бир йиллик уринишлардан сўнг журналистни судга тортишга эришишади, лекин суд Питер Зенгерни айбдор эмас деб топади ва бу Америка тарихида янги саҳифани очади, сўз эркинлиги ҳамда ОАВнинг ғалабаси.

Бугунги кун, 2019 йил…Ўзбекистон тарихида янги саҳифа очиш учун мана 3 йилдирки қаттиқ уриниш бўляпти, лекин айрим «раҳбар»лар 300 йил олдинги губернаторлар каби «бўшанг» эмас. Керак бўлса, журналистнинг камерасига ташланиб қолишади, қаттиқ кесатишлар ва дўқ-пўписалар қилишади, зириллатиб қувишади... Видеотасвирларда аниқ кўриниб турган ҳолатнинг тескарисини айтиб, устига-устак, бунга ишонтиришга ҳаракат қилиш учун, билмадик, қандай иқтидор эгаси бўлиш керак…

Kun.uz, ҳақиқатан бугунги куннинг фаол оммавий ахборот воситаларидан, ўзига яраша ўқувчилари ва “ўқитувчилари” – журналистларига эга ОАВ. Айрим ҳамкасбларига қандай ишлаш бўйича мастер-класслар ўтиб бераётган портал. Ва яна туҳматларга қолаётган мазлум касбдошларимиз…

Ўқидик, эшитдик, бир тадбиркорнинг масаласини адолатли ҳал бўлишига ҳаракат қилиб адолатсизликка учраган журналистлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишган. “Губернатор”нинг айтишича, ўша журналистлар сал қолса пора бериш жиноятини амалга ошириб қўйишарди, лекин “қаҳрамонимиз” бунга йўл қўймаган, болалар ёш, ҳали уйланмаган, маҳалла-кўй дегандай…

Журналистлар уюшмаси, АОКА баёнот билан чиқди. ОАВ, блогерлар ўз муносабатини билдиряпти, биров олдин, биров кейин. Кутаётганлар ҳам бор, тўғри-да, “губернатор” исбот келтирса уятли бўлиб қолади – мана шу жойидан жиддийроқ мулоҳаза қиламиз. Қонунларимизда пора беришга ҳаракат қилган журналистларга ахборот олиш тақиқланганми? Ёки уларнинг ҳокимлик органларига мурожаат қилишларида чекловлар ўрнатилганми? Ё АОКА баёнотида иқтибос келтирилган  Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида” ва “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларда истиснолар борми? Йўқ, албатта.

Йигитларнинг “эски” айблари тасдиқланган тақдирда ҳам, бу уларга бундай муносабатда бўлишга асос ҳисобланмайди, умуман ҳеч нарса асос бўлолмайди.

Ўз навбатида, биз ҳам мустақил Ўзбекистон ҳаётининг янги саҳифаларига “доғ” тушишини истамаймиз, доғ тушириши мумкин бўлган элементларни “тузатиш” тарафдоримиз.

Kun.uz, ҳақиқат йўлидаги фаолиятингга зафарлар тилаймиз! Биз сен билан!

Azon.uz таҳририяти

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!