Ислом

Бизни умр бўйи тутгин, Рамазон

565

Насиб этса Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасидамиз. Гарчанд Рамазоннинг кетиши кўнгилга ҳузун солса-да, рўза ибодатининг ҳаловати ва сокинлиги йил бўйи руҳимизга ҳамроҳлик қилишидан умидвор бўлиб, муборак ойни байрам билан кузатамиз. Зеро, ушбу кун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига мувофиқ катта байрам саналади.

Ҳайит — хурсандчилик айёми

Бу кунда динимизда мубоҳ саналган, кўнгилни кўтарадиган барча ишларни бажариш билан қалбга ором берилади. Чунки  Ҳайит завқу шавқ, шодлик кунидир. Энг гўзал инсоний ҳислар тантанаси,  мўминлар орасида меҳр-эҳтиром туйғулари жонланган гўзал дамлардир бу улуғ айём. Бу кунларда меҳр-мурувват, ўзаро ҳамжиҳатлик ортади.  Ҳайит айёмининг гўзал хусусиятларидан бири — мўминларни дийдорга чорлайди. Суннат ва Ислом буйруқлари билан сайқалланган ўзбекона қадриятларда эса бу улуғ кунлар завқу шукуҳи буткул гўзаллашади. Бекалар тансиқ таомлар тайёрлаб, тўкин дастурхон ҳозирлайдилар. Қўни-қўшни, ёндош уйларга ҳайит пишириқлари, арафа оши улашилади. Қариндош-уруғ, яқинлар ҳолидан хабар олинади. Ноз-неъматга тўла дастурхон атрофида ҳайит айёмларига соғ-саломат етказгани учун Аллоҳга ҳамдлар айтиб, шукрона келтирилади.  Бу кунларда нафақат тириклар, балки марҳумлар ҳам Қуръон ва дуолар билан йўқланади, руҳлари севинтирилади, қабрлари зиёрат қилинади. Рамазон ҳайити мўминлар ҳаётида муҳим ўринга эга. Чунки бу айём ўттиз кун тутилган рўзанинг ифторлик пайтидаги севинчи каби катта ифтор шодлигини ифода этади. Рамазон ҳайити ҳижратнинг иккинчи йилидан бошлаб нишонланган. Рамазон рўзаси ҳам биринчи бор шу йили фарз қилинган, бир ой давомида рўза тутган мусулмонлар шаввол ойининг дастлабки уч кунини байрам сифатида нишонлаганлар. Асосий шодиёналар ҳайитнинг илк куни тантана қилинади ва ушбу кунда рўза тутмоқлик ҳаром қилинган. Рамазон мобайнида хурмо меваси билан ифтор қилган мўминлар, ҳайит куни куни тонгда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб ширинлик тановвул қиладилар.

Айтаримиз шу

Интизор кутганимиз муборак моҳи Рамазонни кузатяпмиз. Рўза тутдик, ибодатлар қилдик. Имкониятимиз етганича яхшилик қилдик, садақа, закот ва ҳадялар бериб ажру мукофотини Аллоҳдан истадик. Аммо руҳиятимиз, фикру ўйларимиз ҳам савоб умидвормиди? Фақат жисмоний поклик билан чекланиб қолмадикмикан? Рамазонда қадам қўйган ҳидоят йўлидан бир умр юришга имкону иродамиз етадими?  Айтишларича, ҳар қандай нарсага йигирма кунда одатланса бўлар экан. Рамазондаги ҳалимлик, сомелик бизни йил бўйи тарк этмасин. Биз ўттиз кун рўза тутдик, Рамазон бизни умр бўйи тутиб турсин. Ҳаётимиз Рамазон, охиратимиз Ҳайит бўлсин...

Умида АДИЗОВА

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қурбонлик – Аллоҳга қурбатдир

2163 12:45 10.08.2019

Ўзбекистонда Қурбон ҳайити санаси маълум бўлди

1469 20:48 03.08.2019

Икки ҳайит намози боби

484 14:00 29.07.2019

Ҳайит байрамлари одоблари

458 20:30 04.06.2019

Уммон султонлиги рамазон ҳайити муносабати билан авф эълон қилди

496 19:30 04.06.2019
« Орқага