Бизни ётган жойимиздан ким қўзғатди?!

09:30 06.12.2018 468

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло "Ёсин" сурасида шундай марҳамат қилади:

«Улар: «Воҳ, шўримиз қурисин! Бизни ётган жойимиздан ким қўзғатди?! Бу Роҳман ваъда қилган ва (юборилган) расуллар тасдиқлаган нарса-ку?!» – дерлар (52-оят).

Бошларига тушганда кўзлари очилиб, ҳушлари жойига келади. Исрофил алайҳиссалом дудга иккинчи бор пуфлаганидан кейин қабрларидан шошилиб чиққан кофирлар ҳайрон бўлиб:

«Воҳ, шўримиз қурисин! Бизни ётган жойимиздан ким қўзғатди?!»

Ўлиб, кўмилиб ётган жойимиздан ким чиқарди?!» – дейдилар. Бир оздан сўнг гап нимада эканини фаҳмлаб етиб:

«Бу Роҳман ваъда қилган... нарса-ку!» – дейдилар.

Аллоҳ бизга ўлгандан сўнг тирилиб, қабрдан чиқишни ваъда қилган эди. Бу худди шунинг ўзи-ку!

«...ва (юборилган) расуллар тасдиқлаган нарса-ку?!» – дерлар».

«Бизга келган пайғамбарлар ҳам ўлгандан кейин тирилиш ҳақ эканини айтган эдилар, бу ишлар ўшанинг ўзгинаси-ку», – дейдилар.

 

Тафсири Ҳилолдан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!