Таҳлил

Блогер: "Ҳозир 1937 йил эмас-ку?!"

3297

Мен бу блогерни танимас эканман. Шу пайтгача биронта постини ўқимаганман ва фаолияти билан таниш эмасман. Бугун айримларини кўрдим.  Аммо у барибир Ўзбекистон фуқароси, ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга ва ахборот тарқатиш фаолияти туфайли жавобгарликка тортилибди.

Аввало, Отабек Нуриддиновнинг постлари ҳақида. 

Ижтимоий тармоқда, омма учун сўз айтишда ифода муҳимлигини унутмаслик керак. Ахборот олиш ва тарқатишда ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўрганиб олиш ҳам зарар қилмайди. Шошмашошарлик, исботсиз айбловлар, бировнинг шаънига нисбатан қатъий ҳукмлар билан ўзини "гўшт" қилиб  бермаслик керак.

Тахмин тахминдек, гумон гумондек, сигнал сигналдек, фикр фикрдек кўриниши лозим. Чунки тармоқда ҳар хил одам бор. 

Отабекнинг постларида қизишиш, эҳтирослар кўп экан, фалончи порахўр, ўқитувчилар ҳар ой унинг картасига пул ўтказишади, ўтказмалар тарихини текширса, бу исботланади, деган гап ҳали далил ҳам, факт ҳам эмас, тахмин. Шу асосда фалончи порахўр деб юборсангиз,  тилингиздан илинасиз ва бу бутун дунёда шундай (АҚШда бир адвокатлик фирмаси "Сен жиноят қилдинг, аммо сен айбдор эмассан" деган мазмунда ўзини реклама қилган.Чунки жиноятчилиги аён бўлса-да, исботлаб берилмаса, озод қилиб юборишган ҳолатлари ҳам бор уларда).

Умуман, журналистик текширув қилиб, далилларни гапиртира олмасангиз, фош қилувчи эмас, мулоҳаза билдирувчи бўлинг. Текширув қилаётган бўлсангиз, охирига етмай туриб ҳидини чиқарманг.

Отабекка нопрофессионаллик ва шошмашошарлик панд берган кўринади. Адолат учун ҳислар эмас, ақл билан курашиш керак.(Янаям билмадим, бу мен ўқиган бир-икки постларидан чиқарган хулосам).

Лекин бу дегани исботи йўқ сигналлар эътиборсиз қолиши ва дарров туҳмат деб баҳоланиши керак дегани эмас. Бир кунда ушлаб, суд қилиб, "ёпиб" юборилиши саволларни ва шубҳаларни кўпайтиради ("тройка" бўпкетингларе). 

Отабек Нуриддиновнинг суди нега шаффоф ўтмади? Унга ўзини ҳимоя қилиши ва айтган гаплари ҳақлигини исботлашга имкон берилдими?  Ахир, уйидан молия бўлимига деб чақириб олишган, ҳамма далил-исботлари ёнида бўлмагандир. Безорилик қилган бўлса, қадамда камера, биронтасида кўринмабдими?  Кейин одам шунча айбловчи, қонун билувчи, қўлида куч ва ваколатлари бор жамоага қарши судда бир ўзи туриши адолатданми? Унга адвокат берилдими?

Мавзуга доир:
Мўмин Мирзо тез қатл қилинганми ё Отабек тез қамалган?

Асака туман бюджетини ҳам очиқлаш керак энди, албатта. 

Отабек Нуриддиновни Янги йилни оила даврасида кутиб олмаслиги ёмон. Катта жарима белгилашибди яна. Мен оиласига, тўрт боласига ачиняпман. Умид қиламизки, бугунги кунни болажонлар бир умр энг ёмон байрам деб ёдда сақлашмайди.

Бу 1937 йил эмас. 

Тўғри, Отабек Нуриддинов ҳам Қодирий эмас, албатта.

P. S. Ушбу пост фб саҳифамда кеча ёзилган эди. Отабек Нуриддинов Янги йилни оила даврасида нишонлайди деб умид қилган эдим. Афсуски, ундай бўлмади. Энди бу мамлакатда тўрт мурғак аламзада бор... 

Шаҳноза Соатова,
блогер

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Блогерларнинг Telegram аккаунтини бузишга уриниш – сўз эркинлигига таҳдиддир

486 10:20 08.08.2020

Муфтий Усмонхон Алимов: “Журналист ва блогерларни энг асосий таянчим ва энг яқин ёрдамчим деб биламан”

1190 13:40 27.06.2020

Омбудсман: “Бунинг учун, аввало, ...блогерлардан миннатдор бўлишимиз керак”

1270 14:38 26.06.2020

Халқ таълими вазири блогерларга мурожаат қилди

2075 09:37 26.06.2020

Прописка йўқ бўлиши ёлғонми? – Блогер мулоҳазалари

1449 15:30 16.03.2020

“Покиза инсонлар” акцияси – бундан кўзланган мақсад нима? (видео)

905 15:30 03.02.2020
« Орқага