Блогерлик ва журналистика

12:40 06.08.2019 901

Президент Шавкат Мирзиёев айрим вилоят ҳокимларига блогерлардан кечирим сўрашни буюриши билан ижтимоий тармоқларда бу сўз энг кўп қўлланадиган бўлиб қолди.

Тилимизда яқиндан бери ўралашиб қолган blogger (блогер) сўзи асли қайси тилдан эканини билмайман. Қарасам, Ғарб халқларининг деярли барчаси уни бир хил ёзаверар экан.

Сўзнинг ўзаги (“blog”) билан қўшимчасини (“...ger”) бир-биридан ажратдим-да, ўзак сўзнинг маъноси нима экан деб қизиқдим.

Табиий, дарров гугл таржимондан сўрадим. У менга “blog”ни “кундалик”, “тармоқ кундалиги”, “журнал” деб тушунтирди. Қўшимчаси “...ger” шахсни билдиришини ўзимиз ҳам биламиз.

Википедияни очсам, у ҳам деярли бир хил маъно берди.

Бундан чиқди, “blogger” дегани “кундалик дафтар юритувчи” дегани экан. Замонамизда қоғозли дафтар ўрнини “тармоқ дафтарлари” эгаллаб олгани учун блогерни “тармоқ кундалигини юритувчи шахс” деб таржима қилсак тўғрироқ бўлади.

Луғавий маъносини тахминан билиб олдик. Энди унга атама ўлароқ қандай маъно бериш устида бош қотириб кўрайлик.

Менинг назаримда блогерни истилоҳий маънода “кундалик воқеаларга ижтимоий тармоқлар орқали муносабатини очиқ билдириб борадиган киши” деса бўлади.

Албатта, “блогер” сўзи ўрнига ҳар сафар шу узундан-узоқ таърифни ёзиш керак демайман. Десам, шу заҳоти тошбўрон тагида қолиб кетаман. Чунки бугунги зеҳният билан ҳеч ким буни қабул қилмайди. Бу ерда “блогер” сўзининг ва бу тур машғулотнинг номи ва маъноси ўзбекчада қандай бўлишини эслатяпман, холос.

Аслида ўзбек тилимиз мустақил ва кучли бўлганида (яъни етти ёшдан етмиш ёшгача бутун халқимиз ўз тили тозалигига ичдан қайғурадиган, унинг қадри-қимматини юксалтириш учун жидду жаҳд қиладиган даражада ҳамиятли бўлганида) эди, ижтимоий ҳаётимизга тармоқлар кириб кела бошлаганидаёқ дарров бу ва бошқа ажнабий сўзларни тилимизга таржима қилган ёки тилимиздан унга муқобил шаклини излаб топган бўларди. Афсус, ундай эмас. Шу учун биз ҳам ҳозирча бу сўзнинг аслини қўллаб туришга мажбурмиз. Бўлмаса, тилига рашки йўқолган миллат кўзида кулгига қолишимиз тайин.

Сарлавҳадан билиниб турибди, биз бу икки ҳодисани қисқагина солиштирмоқчи эдик.

Бошдан айтиб қўяқолай: блогерлик ва журналистика деярли бир хил ишни бир-бирига ўхшаш усулларда қилса ҳам, булар бутунлай бошқа-бошқа соҳа ва бошқа-бошқа ҳунардир.

Бу бошқачаликларнинг ҳаммасини бир бошдан ёзишни мақоланинг ҳажми кўтармайди.

Энг асосийлари:

1. Журналистика муайян бир қонун-қоида асосида ишлайди. Блогерликда қонун-қоида йўқ ва бўлиши ҳам тўғри эмас. Масалан, уйида ўтириб олиб кундалик дафтар тутаётган қайси одам қонун-қоидага риоя этади?! У мутлақо эркин бўлиши, кўнглида борини дафтарига тўкиб солиши керак. Блогерлик луғавий маънода ҳам, истилоҳий маънода ҳам шундай иш тутади. Журналистика эса ярим расмий фаолиятдир.

2. Рамзий тақсимласак, журналист уч қисмдан иборат бир шахсдир: халқ – давлат – шахс. Яъни у айни чоқда халқ томонида ҳам туради, давлат томонида ҳам туради ва алоҳида бир шахс ҳам бўлиб қолади. Бу ҳолни ҳозириги тил билан айтганда, “учи бирда”деса бўлади.

Блогер эса сочининг учидан то тирноғи учигача халқдир, халқ вакилидир, халқ томондир. Албатта, у ҳам ҳар бири алоҳида шахс, аммо бу шахс халқни ташкил этадиган шахсдир. Яъни “иккиси бирда”.

Бундан блогер давлатни ўйламайди экан-да, деган маъно чиқмайди. Ўйлайди, лекин барибир халқ бўлиб, халқнинг вакили бўлиб ўйлайди.

3. Журналистика ҳуқуқ ва бурчларини кўрсатиб берадиган қонунга муҳтож, блогерлик табиатан бундай қонунга муҳтож эмас. Бошқача айтганда, ҳар қандай қонун блогерликнинг фитратини, табиатини бузиб юборади. Модам, у халқ экан, халқ вакили экан, умум халққа чиқарилган давлат қонунлари доирасида яшайверади, ҳуқуқ ва бурчлари ўшалар билан белгиланади. Оммавий ахборот воситалари ҳақидаги давлат қонунини кўчада юрган оддий одамларга қўллаш қанчалик кулгили ва фойдасиз бўлса, блогерлик соҳасига қўллаш ҳам шунчалик ва балки ундан ортиқ кулгилидир, фойдасиздир.

Яна бошқа фарқларни ҳам санаса бўлади, биз бу мақолада ўзимиз энг муҳим деб билганимиз, бугун билишимиз лозим деб ўйлаганимиз фарқларни келтирдик.

Бу айтилганлардан чиқадиган хулосалар:

  • 1. Блогерликлик ва блогерларнинг мақомини журналистика ва журналистлар билан тенглашга асло уринмаслик керак. Бу жуда хатарлидир. Бу йўлдаги ҳар бир ҳаракат тармоқ кундалигини юритувчи кишиларнинг шахсий ишига аралашиш, хусусий эркинлигини бўғиш бўлади.
  • 2. Блогерга, блогерликка давлат томонидан ҳеч қандай мақом, ҳеч қандай “ғамхўрлик” керак эмас. Ўз ҳолига тинч қўйсин, назорат лозим бўлса, давлатнинг умумий қонунлари доирасидагина назорат қилсин – шунинг ўзи улкан ғамхўрлик бўлади.
  • Яъни энг катта ғамхўрлик – блогерлик соҳасига давлат бевосита аралашмаслиги, блогерга кўнглидан кечган ҳар бир ўй-хаёлни, фикр-мулоҳазани эркин ифодалашига йўл қўйиб беришидир.
  • 3. Блогерга жамиятда ҳеч қандай имтиёз, мукофот керак эмас. Буларни лозим топса, халқ ўзи беради ва шу етади. Чеккадан берилган ҳар қандай имтиёз, мукофот қурбонлик талаб этади. Имтиёз ва мукофот учун ёзадиган киши блогер бўлмай қолади, блогерликдан чиқади, ўзининг мақомини билмаган, қадрига етмаган ҳисобланади.
  • 4. Блогерларга ҳеч қандай уюшма ёки бирлашма ҳам керак эмас. Халқ ўзи битта номда бирлашиб турибди: ХАЛҚ! У яна нима асосда уюшади? “Уюшиш” сўзи сиртдан гарчи “бирлашиш” маъносини билдирса-да, аслида ажралишдир. Асосий оммадан ажралишдир! Бугун блогерларнинг, блогерликнинг асосий кучи – халқ номида бирлашиб турганидир. Ундан ажралган заҳоти кучи-қудрати кетади, эркинлигини бой беради.

Ва ҳоказо.

Искандарнинг сочини олган сартарош воқеасини эсланг.

Сартарош бир куни қараса, ҳукмдорнинг бошидан шох ўсиб чиқяпти!

Кўриб қолади! Одамларга айтгиси келади! Лекин айта олмайди! Ҳукмдорнинг ғазабидан қўрқади! Айтса, боши кетади! Аммо айтмай юриш ҳам хавфли – ичида сақлаб юраверса бир куни портлаб кетиши мумкин!

Охири нима қилади?

Кимсасиз бир саҳрода бир қудуқ топади-да, оғзига бошини суқиб, бир неча марта: “Искандарнинг шохи бор!!!” деб бақиради! Шу билан енгил тортади, ўзига келиб олади.

Блогерни ўша сартарошга ўхшатсак бўлади, тармоқдаги кундалик дафтари эса у қудуқдир. "Ичида қайнаб тошаман деб турган СЎЗини бечора блогер (халқ) шу қудуғига ҳам бақириб айтмасинми?!"

Бу ўхшатишнинг битта фарқли томони – Искандар замонидаги қудуқдан қайтган акс садони сартарошнинг ўзи эшитган, чунки у кимсасиз бир ерда бўлган, блогерлик қудуғи эса халқнинг қоқ ўртасидадир ва блогернинг юрагидан отилиб чиқаётган СЎЗлар акс садосини бутун жамият эшитяпти, қандай яхши!

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, ёзувчи
2019 йил августининг 5-6 кунлари

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!