БМТнинг Савдо ва тараққиёт конференцияси (UNCTAD) Исроилнинг Ғазо секторини қамал қилиши қандай оқибатларга олиб келгани ҳақида ҳисобот тайёрлади.
Унда айтилишича, Исроилнинг қамали ва ҳарбий операциялари туфайли Ғазо бюджети 2007-2018 йилларда 16,7 миллиард доллар зарар кўрди. 2018 йилда зарар миқдори Ғазодаги ялпи ички маҳсулотнинг олти бараварига тенг бўлди. Бу ерда ишсизлик даражаси ҳаддан ташқари ортиб кетган.
Экспертларнинг фикрига кўра, агар қамал бўлмаганида 2017 йилда Ғазода камбағаллик даражаси 15 фоизга тушган бўларди. Бироқ бу кўрсаткич 56 фоизга етган.
Ҳисоботда ғазоликларнинг аксари тоза ичимлик суви, мунтазам электр таъминоти ва ҳатто канализация тизимидан маҳрумлиги айтилган.
UNCTAD қамални тезроқ бекор қилишга, ғазоликларнинг эркин ҳаракат қилиши ва ташқи дунё билан бемалол савдо-сотиқ олиб боришига имконият яратишга чақирди.