БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш матбуот анжумани чоғида дунё бўйича ядровий каллаклар сони ортаётганини танқид қилди.
“Афсуски, ядровий каллаклар сони ортиб бораётганини кўряпмиз. Ҳозир дунёда 13 минг ядровий каллак бор ва буни биз қабул қила оладиган нарса деб ўйламайман”, – деди у.
Аввалроқ Гутерриш БМТга аъзо барча давлатлар ўртасида ядровий қурол назорати бўйича мулоқот ўтказишга чақирган эди. У “ядровий бешлик”нинг қўшма баёнотида ядровий қуролга эга бошқа давлатлар тилга олинмаганига шундай изоҳ берди.
3 январь куни “ядровий бешлик” давлатлари – Россия, Хитой, АҚШ, Британия ва Франция қуролланиш пойгасига қарши чиқиб, келажакда ядровий урушнинг олдини олиш учун ҳамма нарсани қилишга чақирди. Уларнинг таъкидлашича, ядро қуроли фақат мудофаа мақсадларига хизмат қилиши ва халқаро майдондаги иштирокчиларнинг тажовузкорлигини олдини олишга қаратилган бўлиши керак.