БМТ тизимидаги етти агентлик раҳбарлари БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларини Туркия билан чегарадаги Боб ул-Ҳаво назорат пункти орқали Сурияга трансчегаравий юк ташиш мандатини узайтиришга чақирди. Бу мамлакат шимоли-ғарбий қисмидаги миллионлаб аҳолига инсонпарварлик ёрдамини мунтазам ва узлуксиз етказиб беришни таъминлайди.
Сурияда уруш давом этаётганига 11 йилдан ортди. Мамлакатда ўта оғир гуманитар вазият юзага келган. 14 миллиондан ортиқ одам ўта қийин аҳволда қолган. Трансчегаравий таъминот мандатининг узайтирилиши Сурия шимоли-ғарбий қисмида, мухолифат қўлида бўлган ҳудудда 4,1 миллион кишига инсонпарварлик ёрдами етказишга имкон беради. Мазкур режа амалга ошса, 2,7 миллион суриялик мунтазам равишда ёрдам олади.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йилнинг июль ойида БМТ Хавфсизлик Кенгаши Суриянинг Иордания, Ироқ ва Туркия билан чегарадош тўртта чегара пунктлари: Боб ус-Салом, Боб ул-Ҳаво, ал-Ярубия ва ар-Рамата орқали инсонпарварлик юкларини етказиб беришга рухсат берувчи резолюцияни қабул қилган эди. Ўшандан бери ушбу рухсат бир неча бор узайтирилди. 2020 йилги резолюцияда Хавфсизлик Кенгаши тўртта нуқтадан иккитаси – Боб ус-Салам ва Боб ул-Ҳаво орқали товарларни ўтказишга рухсат берди. Ва охирги икки йил резолюцияларида Хавфсизлик Кенгаши аъзолари фақат битта – Туркия билан чегарадош Боб ул-Ҳаво ўтиш жойини қолдирган. 2022 йил 9 июлда Кенгаш аъзолари рухсатномани олти ойга узайтирганди.
Шу тариқа, Сурияга Боб ул-Ҳаво ўтказиш пункти орқали трансчегаравий етказиб бериш механизми 10 январда фаолиятдан тўхтайди. Агар Хавфсизлик Кенгаши уни узайтириш бўйича тегишли резолюция қабул қилмаса, ҳукумат назорати остида бўлмаган ушбу ҳудудларда яшовчи миллионлаб сурияликлар ҳалокатли вазиятга тушиб қолади, дея огоҳлантиради БМТ.
БМТнинг тизимли агентликлари раҳбарлари бугунги кунда барча ёрдамга муҳтож кишиларга инсонпарварлик ёрдамининг тўсиқсиз етиб боришини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканини таъкидлади. Бусиз миллионлаб сурияликлар озиқ-овқат, тоза сув ва бошпанадан фойдалана олмайди. Улар қишнинг оғир шароитига чидай олмайди, тиббий ёрдамдан маҳрум бўлишади. Бу эса, БМТга кўра, яна вабо тарқалишига олиб келади.
2022 йилда БМТ ҳамкорлари ёрдамида Туркия чегараси орқали Суриянинг 2,7 миллион аҳолисига ҳар ойда ёрдам етказиб турди. Бундан ташқари, БМТ агентликлари Сурия ҳукумати назорати остидаги ҳудудлардан фронт чизиғи орқали мамлакатнинг шимоли-ғарбий қисмига таъминот етказиб беришни ташкил эта олди.
"Биз ушбу таъминотни сақлаб қолиш ва кўпайтиришга қатъий қарор қилдик. Барча манфаатдор томонларни ҳукумат назорати остидаги ҳудудлардан Сурия шимоли-ғарбий қисмига гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз ва узлуксиз киришини таъминлашга чақирамиз", деди БМТ агентликлари раҳбарлари.
Шу билан бирга, улар ички таъминотни ажралмас бўлган трансчегаравий операциялар билан миқёсда таққослаб бўлмаслигини таъкидладилар.
"Бизнинг позициямиз изчил ва аниқ бўлиб қолмоқда: инсонпарварлик ёрдами доимо муҳтожларга энг хавфсиз, тўғридан-тўғри ва самарали тарзда етказилиши керак", дейилади баёнотда.
Мазкур баёнотни БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффиц, Халқаро миграция ташкилоти Бош директори Антонио Виторино, БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди, UNICEF ижрочи директори Кетрин Рассел, Жаҳон озиқ-овқат дастури раҳбари Девид Бисли, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Гебреесус ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси ижрочи директори Наталя Канемлар имзолаган.