Илм

Бобур – фиқҳий асар муаллифи

630

Кўплаб ғазаллар, рубоийлар муаллифи бўлган саркарда, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур етук диний билимлар эгаси ҳам эди. Бобур Мирзо Ҳиндистонга юришлари даврида ўзининг “Мубайян” асарини яратди. 

Кўпгина илмий ва адабий манбаларда “Мубаййин” номи билан келган асарнинг асли номи “Мубайян” бўлиб, “Мубаййин” бу унга ёзилган шарҳнинг номидир. Маснавий тарзида ёзилган ушбу асар ҳанафий фиқҳига оид бўлиб, унда ислом динининг беш асоси фарз-иймон, намоз, закот, рўза ва ҳаж масалалари батафсил ёритилган. Бу асарни муаллиф ўз фарзандлари Ҳумоюн ва Камрон Мирзоларга дастуруламал сифатида ёзган. Баъзи манбаларда бу асар “Фиқҳи Бобурий” деб ҳам юритилади. Ушбу асарни Бобур Мирзо ўз фарзандлари учун ёзган бўлсада лекин у бу билан бутун халққа ислом динининг асосини таълим беришни хоҳлаган.

Асарнинг биринчи бобида иймон эътиқод масаласи, иймоннинг шартлари батафсил ёритилган. Иккинчи намоз бобида эса намознинг фарзлари, таҳорат масаласи, таҳоратнинг фарзи, суннати, одоблари, сувларнинг ҳукмлари, таҳоратда ўқиладиган дуолар, нафл ва суннат намозлар каби масалалар батафсил ёритилган. Шу каби кейинги закот, рўза ва ҳаж масалаларига оид бобларда ҳам бу ибодатларнинг энг нозик ва аҳамиятли жиҳатлари ҳадислар асосида ёритиб берилган. Ушбу асарнинг матни назмий яъни шеърий ифодаланиши ҳам аждодимизнинг ниҳоятда етук шоирлигидан дарак беради. Асарнинг дуо матнлари ҳам ишончли ҳадис китоблардан яъни машҳур олти муҳаддиснинг китобларидан танлаб олинганлиги ҳам илмий тадқиқотларда маълум бўлган. 

Бобур Мирзо ўз фаолияти давомида араб хатини соддалаштириб “Хатти Бобурий” деган ёзувни ишлаб чиққани ва шу хатда Қуръони каримни кўчиртириб Маккайи мукаррама маъмурларига юборгани ҳам ватандошимиз диний илмларга муҳаббатли ва уларни пухта эгаллаган олимлардан эканлигига далилдир. 

Буюк аждодларимизнинг барчалари нафақат давлат арбоби ёки шоир бўлиш билан диний билимлар эгаси, олими замон ҳам бўлишган. Ўз фаолиятларида оқу - қорани, ҳалолу - ҳаромни, яхши - ёмонни ажрата олишган. Мустаҳкам иймон, ҳар бир ишда ҳалоллик, адолат каби тамойилларга оғишмай амал қилишлари ҳам балки уларнинг номлари бугунги кунимизгача тарих саҳифаларида фахр-ла эсланишига сабабдир. 

Комила Абдувалиева,
Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси 

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага