Кеча, 4 декабрь куни Франциянинг Бокудаги элчиси Закари Гросс Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди.
Франция Миллий ассамблеяси (парламентнинг қуйи палатаси) 3 декабрь куни “Европа ва Шарқдаги насроний жамоалари ҳамда арман халқини ҳимоялаш” ҳақида резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатда француз ҳукумати Тоғли Қорабоғни мустақил давлат деб тан олишга чақирилган.
Закари Гроссга ушбу резолюция халқаро ҳуқуқнинг меъёрлари ва тамойилларига, БМТ низоми ва Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларига зидлиги таъкидланди. Элчи Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигининг позициясини расмий Парижга етказишини маълум қилди.
Аввалроқ Франция парламентининг юқори палатаси – Сенат ҳам Тоғли Қорабоғни мустақил давлат деб тан олиш ҳақида резолюция қабул қилган эди. Маълумки, Франция Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этиш учун тузилган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Минск гуруҳи ҳамраисларидан бири ҳисобланади. Аслида Париж мазкур можарода холис бўлиши зарур, бироқ француз парламентининг қарорлари бунинг буткул аксини кўрсатмоқда.