Бола акс-садодир!

17:00 28.02.2018 915

Она ва бола тепаликларда, тоғларда сайр қилиб, ўйнаб юрганди. Бола югураркан, бирдан оёғи тошга тегиб қоқилди ва йиқилди.

Жони оғриб, аламдан овози борича  тошга бақирди:
– Оёғимга зарар бердинг, сен жуда ёмонсан!

Бола  узоқлардан “Оёғимга зарар бердинг, сен жуда ёмонсааан” деган такрор гапни эшитди.

Бола ҳайрон бўлди, қўрқди... Ким у бақирган, ўзининг гапларини такрорлаган?  
– Сен кимсан?

Бола Уни қоя ортига беркинган ва чиқишга қўрқаётган кимдир дея ўйлади.

Овоз эгасига гапирди: “Қўрқоқсан, агар қўрқоқ бўлмасайдинг ўртага чиқардинг яшинмасдан, қани чиқ”, деди.

Бу ҳолатни тушуна олмаган бола онасидан сўради:
– Она ким бу? Нега менга бақиряпти, ҳақорат қиляпти, – деди

Она сокинлик ва табассум билан тоғларга қараб бақирди:
“Сени жуда севааааааман”. Қарши тарафдан ҳам “Сени жудаааа севамаааан” деган овоз такрорланди.

Бола тағин сўради:
– У киши нега менга бақириб, мени уришди? Сизга эса “Сени жудаа севаман” деяпти деди.

Она айтди:
– Буни акс садо дейдилар ўғлим, сен нима десанг, ундан ҳам шуни эшитасан жоним болам, гўзал сузласанг чиройли сўзларни,  ёмон сўзласанг чиркин сўзларни эшитасан.

Бола уялди. Чунки акс-садога ёмон сўзларни биринчи бўлиб у айтганди. Агар акс-садо уни эшитмасайди, унга ёмон сўзларини  қайтармаган бўларди. Бола шу кундан бошлаб бошқаларга ёмон сўз айтмасликка сўз берди.

Болалар ҳам оналарнинг, оталарнинг акс-садосидир. Уйдагилар болаларга қандай овоз берсалар, болалар шундай жавоб қайтарадилар. Бола тўрт ёшдан айнан ана шу ҳолатни бошлайди.

Онасининг юзларига, лабларига боқаркан, айни овозни чиқармоқ, айни сўзларни айтмоққа интилади. Улғаяркан  онасининг ёки отасининг мутлақо “Ўзи”   бўлиб ҳам етишади. Нафақат овоз, сўз ва характер, ҳатто виждон, иймон масалаларин ҳам буткул улардан кўчиришлари мумкин. Ўзларига ота-онанинг барча қарашларини кўчирма, ўрнак қилиб, муҳрлаб ҳам оладилар. Шундай экан “тоғларга” нима деб бақираётганимизга аҳамият берайлик.

Қандай “Из” қолдираётганимиз ҳақида ўйлаб кўрайлик!

Ноила ХОЛМАТОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!