Бола-ку...

16:35 19.07.2019 1113

Отаси тўрт томлик, яшил муқовали китоб келтирди. Зафаржон улардан бирини қўлига олди. Варақлай бошлади. ўз-ўзидан қошлари чимирилди, узала тушиб ётган оёқларини йиғиштирди. Китобга термулиб қолди, такрор ўқиди. Кейин кейинги саҳифага ўтди. Яна бошқа бет, яна ва яна...

Кўнглига хуш ёққан шеърларни ёд олди. Баъзилари, ёдлаш нияти бўлмаса ҳам, қайта-қайта ўқийверганидан хотирасида муҳрланиб қолди. Қўлидан қўймади, китобни қучоқлаб ухлаб қолган пайтлари бўлди. Шеър айта-айта кетмон чопди, ер беллади, мол-қўйларига шеър ўқиб берди, хаёлида сўз айланди, шуурида шеър мавжланди...

Уйларига меҳмонлар келишди. Зафаржон уларга елиб-югуриб хизмат қилди. Қўй сўйилди. Зиёфат қизиди, майхўрлик кўпирди, май ҳиди анқиган лаблар орасидан хушомадлар сизди, шариллаб оқди. Отаси қўлга қадаҳ олди. Шеър ўқиди. Бу анави яшил китобдаги шеър-ку? Худди ўша: «О! Юртим шамоли...». Жаранг-журунг, қий-чувлар шеърга жўр бўлди.

Ота меҳмондўст. Меҳмонларига кўрсатаётган илтифотлардан қонмади. Нима қилса экан?! Нозик меҳмонлар, зиёли одамлар. Ана, ҳаммаси бўйинбоғ тақиб олган. Илкис ўрнидан турди. Бироз гандираклади. Токчада қатор тахланган китобларга қаради. «Темур тузуклари»ни олди. «Амир Темур бизнинг фахримиз, Фалончи Фалончиевич, сиз ҳам биз дўстларингиз фахрисиз!», дея китобни Фалончиевичга тутқазди. Ҳеч бир меҳмон қуруқ қолмади. Мана, ниҳоят сўнгиси. Унга-да атагани бор экан. Тўрт томлик, ям-яшил китоб. Йигитчанинг қўлидан юлқиди. Меҳмонга тутқазди. Меҳмон азиз.

Бола-чи?

У ҳали бола-ку! Китобнинг қимматини қаёқдан билсин!..

Ғолиб БАҲРОМ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!