Бола тарбиясида Қуръони Карим қиссаларининг ўрни

18:00 13.04.2019 494

Баъзилар боласи ҳали икки-уч ёшга кирмай туриб, унинг тарбияси «нобоп»лигидан шикоят қилишни бошлаб юборишади. Норасида гўдакни худди катталар­дан талаб қилинадиган «қолип»ларга солишга, унинг одоб-ахлоқини «ўнглаш» ҳаракатларига киришилади.

Бу ҳам хато йўл. Чунки ҳали суяги қотмаган, яхши ва ёмон нималигини англамаган ёш болани ҳадеб тергайвериш, уни турли қолипларга солишга уриниш, кучи ва иқтидори етмайдиган машғулотларга мажбур­лаш иродасини синдириши, руҳига салбий таъсир кўрсатиши, кейинчалик ҳамма нарсага бефарқ ва лоқайд қарайдиган қилиб қўйиши мумкин.

Буюк ватандошимиз шайхурраис Абу Али ибн Сино ёш авлод тарбиясининг ибтидоси қандай ва нималар билан бўлиши ҳақида қуйидагиларни айтган эди: «Ёш бола бошланғич таълим ва тилга доир қоидаларни ёд олганидан кейин у машғул бўлиши мумкин бўлган касб-ҳунар ва санъатга мойиллигига қараб, уни шунга йўллаймиз. Агар у котибликни хоҳласа, тил, хат ёзиш, нутқ сўзлаш ва одамлар билан муомала қилиш каби­ларга далолат қиламиз. Албатта, бу ўринда, боланинг майли аҳамиятга эга («Исломий тарбия ва унинг фалсафаси». Муҳаммад Атия, 197-бет)».

Мутахассислар тавсиясига кўра, бола мактабга боргунича уни подшоҳ туйиб муомала қилинади, яъни рисоладаги барча илтимослари сўзсиз бажарилади, шўхлик ва эркаликлардан қайтарилмайди. Шундан сўнг унга аста-секин тушунтириш, катталарнинг ўзи ибрат бўлиши орқали тарбия берилади.

Тарбия бир неча томондан олиб борилади. Болалар ақлан ривожланиши учун унга турли китоблар ўқиб берилади, ривоят ва ибратли ҳикоятлар сўзланади ёки ақл-заковатини ўстирадиган ўйинлар, машғулотларга жалб қилинади. Руҳий тарбиясини яхшилаш учун ҳаёт ва ўлим, яхшилик ва ёмонлик, ахлоқ ва одоб каби боқий мавзуларда содда, бола руҳиятига мос суҳбат ва тушун­тириш олиб борилади. Жисмоний тарбия бериш учун эса бирор фойдали меҳнатга жалб қилиш, сузиш, мерганлик, чавандозлик каби машғулотларни ўргатиш мумкин.

Болаларга ёшлигидан бошлаб Қуръони карим қиссаларидан, пайғамбарларнинг ҳаёти ҳақида нақл қилувчи турли ривоятлардан, халқ эртаклари ва достон­ла­ридан, топишмоқлар, мақол ва маталлардан ўқиб бе­риш, сўзлаш ёки уларнинг ўзларига ўқитиш ҳам керак. Бу билан болаларнинг зеҳни ўсади, фикри кенгаяди, дунёқараши бойийиди, хотираси кучаяди. Энг асосийси, бола эшитганларидан ибратланиб, яхши одамларга эргашишга интилади, уларнинг хулқу одобидан баҳ­раманд бўлади.

Ўғил-қизларининг зеҳни ўсишини, ақл-идрокли, фикрловчи бўлиб улғайишини истаган ота-оналар уларга кичиклигидан турли ибратли ҳикояларни, улуғ­ла­ри­миз­нинг ҳаёт йўллари ва фазилатлари ҳақидаги ривоятларни, ҳайвонлар ҳақидаги яхшиликка, чиройли ахлоқ ва одобга чорловчи эртакларни сўзлаб беришса, улар маънавиятини юксалтиришда катта тарбиявий иш қилган бўлишади.

Манбалар асосида А. Нуруллоҳ ўғли тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!