"Фарзанди аржумандим"

Болажонни  қувонтирамиз

906

Фарзандингизни осонгина севинтириш ва унинг энг оддий кунини кичик байрамга айлантириш ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Сизга болада бирозгина бўлса-да, табассум уйғотиши мумкин бўлган тавсияларни берамиз.

1. Оддий ўйинчоқ ясанг. Бирор қутини олиб, унда оғизга ўхшаган тешик қилинг ва кўзларини чизинг. У очкўз ҳайвончага ўхшаши керак. Ёки картон машина қирқинг, севимли китобидаги қаҳрамон тасвирланган суратни чиқариб келинг.

2. Фарзандингиз уй ичида у ёқдан бу ёққа нима қилишини билмай юрибди, сиз эса ўз ишларингиз билан бандсиз. Унга «Кел, сенга бирор нарса ўқиб бераман» ёки «Кел, бирга ўйнаймиз», деб таклиф қилинг. Унинг юзи қувончдан ёришиб кетганини кўрасиз. Ўзингизга ҳам бироз чарчоқ ёзиш ортиқчалик қилмайди.

3. Кечикаётган бўлсангиз, болани қўлидан тортманг. Яхшиси уни белбоғидан ёки шарфининг учидан ушлаб «Чуҳ-чуҳ ту-тууу» деганча тезроқ юришга унданг. Шу тарзда сиз ўзаро норозиликдан қутиласиз ва шошаётган жойингизга тезроқ етиб оласиз.

4. Болангиз учун қизиқарли шаклдаги бир нечта махсус кичкина котлетачалар ёки қуймоқларни тайёрланг – у хурсанд бўлади.

5. Фарзандингизни кийинишга чақиришидан олдин, тайёрлаб қўйган кийимлар ёрдамида бирор нарсани тасвирланг – гул, одамча ва ҳоказо.

6. Йўлга отланишдан олдин қўполлик билан «Тезроқ қўлингни бер» дейиш ўрнига, чийиллаган овозда «Мен кичкина одамчаман, мени ушла», деб айтинг.

7. Автобусдан тушаётганингизда уйқуси келаётган болани бир неча метргача қўлингизда кўтариб боринг. У катта бўп қолган бўлса нима қипти, баъзида катталар ҳам уларни кимдир кўтаришини истайди. Сиз эса болага (албатта, сўз 3-5 яшар бола ҳақида кетяпти) бундай қувончни бахш этишга қодирсиз.

8. Наҳотки батон нонидан унинг устки қисмини яхши кўрувчи фарзандингиз учун ноннинг четини кесиб беришга билимингиз, тажрибангиз ва тасаввурингиз етмаса?

9. Бола кўрадиган жойда бирор кичикроқ, аммо ёқимли нарсани сюрприз қилиб қолдиринг. Чарчаган ва уйдан узоқда бўлган фарзандингизга тўсатдан таклиф қилиш учун ўзингиз билан ширинлик (ёнғоқлар, қуруқ мевалар, мармелад, печенье) олиб юринг. Сумкангизда доим юрадиган кичкина қўғирчоқ ёки машинача ҳам асқотиши мумкин.

Ота-оналар учун оғир бўлмаган, бироқ боланинг ҳаётини кутилмаган қувончга тўлдирувчи бундай ишларни кўплаб ўйлаб топиш мумкин. Вақт ўтиши билан бола ота-онасининг намунасидан илҳомланади ва оилангизда бошқаларга табассум ҳамда яхши кайфият улашадиган яна бир кичик сеҳргар пайдо бўлади.

ФАРЗОНА тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага