Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Болалар учун исломий қиссалар. Икки биродар ўртасидаги мусобақа (бешинчи қисм)

569

(Давоми, боши мана бу ерда)

Саййидимиз Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анаҳу айтади: “Мен Бадр куни ансорлардан бўлган икки эгизак йигит Муоз ибн Афроъ ва Муавваз ибн Афроънинг ўртасида турардим. Уларнинг бири ўнгимда, бири эса чапимда эди.

Уларнинг бирига қараган эдим, шеригига эшиттирмасдан секингина “Эй амаки, Абу Жаҳлни танийсизми?”, деди.

Мен: “Ҳа, танийман, эй жиян, уни нима қилмоқчисан?”, дедим.

У: “Менга унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сўккани хабари етди. Уни  кўрсангиз менга ҳам  кўрсатиб қўйинг. Мен уни кўрсам қатл қиламан, ёки унинг қўлида қатл  бўламан, дея Аллоҳга аҳд берганман” деди.

Иккинчиси ҳам шеригига эшиттирмасдан “Эй амаки менга Абу Жаҳлни кўрсатиб қўйинг. Мен Аллоҳга уни кўрсам қиличим билан чопаман деб аҳд қилганман”, деди.

Бир пайт Абу Жаҳл кўриниб қолди. Уларга “Анави кимсани кўраябсизларми, мана шу киши сиз қидираётган Абу Жаҳл бўлади”, дедим. Улар икки лочин каби Абу Жаҳлга ташланиб, унга қилич уришди.

Сўнгра, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга буни хабарини беришди.

 У зот алайҳиссалом: “Уни қайси бирингиз қатл қилди?”, дедилар.

Иккаласи ҳам: “Мен”, дейишди.

У зот алайҳиссалом: “Қиличингизни артмадингизми?”, дедилар.

Улар: “Йўқ!”, дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккала қиличга қараб, “Уни иккингиз ҳам қатл қилибсиз!”, деб айтдилар.

Ҳунайн - шаҳодат сари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклар билан жанг қилиш учун Бадрга чиқишни истаган чоғларида, у зот билан бирга ёши ўн олтида бўлган Умайр ибн Абу Ваққос исмли бир йигитча ҳам бирга чиқди.

Умайр, Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ёшлиги туфайли қайтариб юборишларидан қўрқиб, ҳеч кимга кўринмасликка ҳаракат қилар эди.

Лекин, катта акаси Саъд ибн Абу Ваққос уни кўриб қолиб “Сенга не бўлди, нега яшириниб юрибсан?”, деди.

У: “Мен кичкинаман, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга муқоталага чиқишни яхши кўраман. Шоядки Аллоҳ мени шаҳодат ила ризқлантирса”, деди.

Умайр қўрққанидек бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солиб, унинг кичик ёшли эканини кўрдилар. Ахир уруш ёш  йигитчаларнинг иши эмас, улар урушда нима қилади? Уруш катталарга ҳам оғир  ишку?!

Лекин Умайр ортга қайтиш, уйида ўтириш, дўстлари ва тенгдошлари билан Мадинада ўйнаб юришни яхши кўрмас, у Аллоҳ йўлида шаҳодат топишни яхши кўрар эди.

Шунинг билан бирга Умайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўла олмас, у зотга хилоф иш қила олмас эди. Зотан, у фақатгина Аллоҳ розилигини истар эди. Ахир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга осийлик қила туриб, Аллоҳ розилигини топиб бўлармиди?!

Умайрни ҳайрат ва маҳзунлик чулғаб олди. У уруш қиладиган ёшга етмаган, лекин шаҳодат топишни, Аллоҳ йўлида қатл қилинишни, жаннатни орзу қилар эди. Уни жуда яқин эканлигини ҳис қиларди.  Лекин, уруш ёшига тўлмай туриб, қандай қилиб унга етар эди?!

Бу ҳолатлар Умайрнинг кичик қалбига жуда ҳам оғир ботиб, йиғлаб юборди.  Унинг йиғлашидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  қалблари юмшаб, унга рухсат қилдилар. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юмшоқ қалбли эдилар!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижозатларидан сўнг Умайр ҳудди унга жаннатга кириш хати етгандек, ўта ҳурсанд бўлиб кетганини  сўрамай қўя қолинг!

 Умайр мусулмонлар ва акаси билан бирга жангга чиқди. Уларнинг барчаси катта ёшли ва бақувват эдилар. Умайр ўзи истаганидек шаҳодат топиб, кўплаб ёши улуғлар ва йигитларни ортда қолдирди.

Аллоҳ Умайрдан рози бўлсин ва уни ҳам рози қилсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайш аҳли билан  Уҳуд жангига чиққанларида Аллоҳ учун жанг қилишни севгувчи  Мадиналик икки йигитча ҳам бирга чиқишди. Уларнинг ёшлари кичик бўлиб, ўн бешга ҳам кирмаган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни жангдан қайтардилар. Зеро, уларнинг ёши қитол учун етмаган, ўзлари мато каби бўлиб, жанг вақтида уларни ёши катталар қўриқлаши ва улар билан машғул бўлиб қолишига тўғри келар эди.

У икки йигитчаларнинг бирининг исми  Рофеъ ибн Худайж бўлиб, ҳали ўн беш ёшга тўлмаган эди. У шавқ-у шиддат билан  катта кўриниш учун бўйини чўзар, одамлар уни ёши катта деб ўйласин дер эди. Уни кичик ва заифлигини билиб қолишмаслигини истар эди.

Лекин, уни кичик ёшдалигини билгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қайтардилар. Шунда отаси ёрдамга келиб “Эй, Аллоҳнинг расули, ўғлим мерган бола, унга изн беринг”, деди. Бас у зот алайҳиссалом унга изн бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга изн берганидан Рофеъ жуда ҳам ҳурсанд бўлди. У Ийд куни янги либослар билан намозга чиққан йигитчалардан-да ҳурсандроқ эди.

Иккинчиси эса Рофеънинг ёшида бўлган Самура ибн Жундаб исмли бола эди. Рофеъдан сўнг у ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилди ва у зот уни ёшлиги сабабли  рад қилдилар. Самура: “Эй Аллоҳнинг Расули, Рофеъга ижозат бериб, менга бермаябсиз, мусобақалашсак уни енгаман-ку”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кураш тушишга амр қилдилар. Самура ўзи айтганидек Рофеъни енгди ва у ҳам Аллоҳ йўлидаги мусулмонлар сафида жанг қилишга ҳақли экани маълум бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Самурага ҳам қитолга ижозат қилдилар. Самура Уҳуд кунги жангда қатнашиш бахтига муяссар бўлди.

Аллоҳ таоло Рофеъ ва Самура  розияллоҳу анҳумодан рози бўлиб, уларга муносиб бўлишни бизларга ҳам насиб қилсин.

(Давоми бор).

Абул Ҳасан ан-Надавийнинг “Болалар учун Ислом тарихидан қиссалар” китобидан олинди.

Таржимон: Суннатуллоҳ Абдулбосит

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Болалар учун исломий қиссалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга рисола

558 21:05 14.09.2020

Болалар учун исломий қиссалар. Хашаба (қатлгоҳ)да  (еттинчи қисм)

407 18:20 12.09.2020

Болалар учун исломий қиссалар. Уҳуд тарафдан (олтинчи қисм)

288 18:40 10.09.2020

Болалар учун исломий қиссалар. Етимнинг жасорати (тўртинчи қисм)

494 16:06 07.09.2020

Абул Ҳасан ан-Надавий: Болалар учун Ислом тарихидан қиссалар (учинчи қисм)

657 19:20 06.09.2020
« Орқага