Ахлоқ

Болаларга тарбиясиз тарбия бермайлик...

737

Болаларга тарбиясиз тарбия бермайлик...

(1-мақола)

Бугун баъзи мамлакатлар ўз миллий қиёфасини сақлаб қолиш ва ҳатто тиклаш ҳаракатида. Масалан, Қозоғистон «Рухани жаңғыру» («Маънавий янгиланиш») дастурини ишлаб чиқди. Фан, таълим, маданият, санъат ва тилни миллийлаштиришга қаратилган бу лойиҳа аллақачон самара ҳам бера бошлади. 

Хўш, биздаям шундай дастурга зарурат борми? Бўлса, улар нималарни ўз ичига олиши керак? Умуммиллий тараққиётимизда мафкуранинг ўрни қандай ўзи? Зиёлилар, раҳбарлар, оддий одамлар учун миллий мафкура нимани англатади? Мамлакатимизда миллий мафкура шакллантириш ва тарғиб этиш сиёсати мавжудми?.. 
Мулоҳазаларимиз шу ҳақда...

Бу саволлар моҳият эътибори билан 130 йил қарамликда бўлган миллий тафаккуримизни “қутқаришда” муҳим аҳамият касб этади. Кечаётган 30 йилга яқин вақт ичида жамият “сийрати” ўзгариши қийин кечди. Бу бир томондан ўтиш давридаги маҳдудлик билан баҳоланса, иккинчи томондан, давлатнинг ўзи жамиятнинг миллийлашувидан чўчиди, уни кескин назоратда ушлаб турди. 

Бугунги Ўзбекистон ҳукумати ҳаракатлари эса бу борада қозиликни эмас, мазкур ижтимоий жараёнга рағбатни назарда тутади. Зотан, жамиятни ҳукумат истак-хоҳишига қараб эмас, балки миллий анъаналар ва тарихий ўзликка мос тарзда модернизациялаш давлат миллий қиёфасини шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. 

Бу борада биринчи навбатда таълим-тарбия масаласига эътибор қаратмасак бўлмайди. Мактабгача таълим тизимида ҳозиргича миллий методика йўқ. Бу аввало, тизимни, боғчаларимиздаги тарбияни тамомила миллийлаштириш керак, деганидир. Фарзандларимиз боғчада халқ эртаклари, достонларимиз қаҳрамонлари жасоратлари ва халқ оғзаки ижоди намуналари, миллий мусиқа ва қўшиқларимиз жозибасидан баҳраманд бўлиб улғайса, ўзбекча салом-алик, муомала маданиятини ўрганса, ўйлаймизки, бизни бугун қийнаётган муаммоларга ўрин қолмайди. 

Қолаверса, “оила инқирози” хатарга айланаётган бугунги замонда давлат бу ишни қўлига олиши муҳим. Акс ҳолда, бугун телефонидан бош кўтармай, мурғак болага “сволоч” деб ўшқирадиган боғча опадан фарзандимиз нимани ўрганади?! 

Японларни қаранг. Уларда бошланғич таълимда ўқиш билан бирдек миллий тарбия масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилади. Яъни япон болалари овқатланиш маданияти, кийиниш ва саломлашишу миллий тил ва қадриятларга ҳурмат кўникмасини мурғаклигидаёқ онгига сингдиради. Буни давлат ўз зиммасига олган. Шунинг учун ҳам японлар миллий жиҳатдан беқиёс бир миллат. 

Халқ таълими тизимида ҳам мактаблар дастурини тўлиқ қайта кўриб чиқиш, бу борада махсус ҳукумат комиссияси ташкил этиш муҳимдир. Дарсликлар савияси, сифати ва мазмун-моҳияти кескин ислоҳга муҳтож. Айниқса, болаларимизга ўқитилаётган тарих, она тили ва адабиёт китоблари мундарижаси ва дарс соатларини ўйлаб кўриш, хусусан, адабиёт дарсликларини қадимги туркий халқлар оғзаки ижоди ва фольклори, ёзма адабиёти намуналари билан янада бойитиш, туркий халқлар тарихини, тилини изчил ўргатиш лозим. 

Негаки, бизнинг чин тарихимиз умумтуркийлар тарихидир. Ачинарлиси, мактаб дарсликлари совет даври педагогикаси методологиясида тўла воз кеча олгани йўқ. Ваҳоланки, бу методологиянинг бош мақсади миллийликдан бегоналаштириш эди. Миллий тарбияни шакллантириш ва таълимни миллийлаштириш биз, катта авлоддан фарзандларимизгаям “юққан” дурагай тафаккурни емиради, миллий онг шаклланишида етакчи омил бўлади. Болаларимиз қалбида қадим миллатимиз тарихига фахр-ифтихор уйғотади.

Манба: Platforma.uz

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Японлар фарзандига қандай тарбия беради? 

1626 20:30 23.05.2020

Иброҳим Адҳамнинг насиҳатлари

1039 02:20 18.05.2020

Бир дўппи гилос, онам ва татар хола... 

1178 02:00 18.05.2020

Султонга бақирган муаллим...

2695 02:40 15.05.2020

Японларнинг ютуғи нимада?

1016 08:20 30.04.2020
« Орқага