Болаларнинг инжиқликлари ва ғалвалари билан қандай курашишимиз керак?

12:00 01.06.2019 608

Меҳмонга борганимизда ёки айлангани чиққанимизда, айниқса бегоналар олдида, болаларимиз ўзларини “ёмон” тутишади. Яъни ғалва қилишади, ман қилинган нарсаларни еймиз деб, туриб олишади ва ҳоказо. Биз эса одамлар олдида қаттиқ гапиришимиз керакми ёки уларни бир чимчилаб уйга олиб кетишимизми билмай қоламиз.

Биринчидан, тушуниб қабул қилишимиз керак бўлган нарса, болалар ҳали ҳисларини 100 фоиз бошқара олишмайди. Улар ҳисларини бегона одамлар борлигига қарамасдан хоҳлаган жойида кўрсатишлари мумкин. Унинг устига, оналар улар учун энг хавфсиз инсон, шунинг учун ҳам ҳамма ҳисларини фақат уларга эркин кўрсата олишади. Оналар эса ўз ўрнида уларни ҳисларини бошқаришга ва ҳар хил ҳолатларда ўзини қандай тутишга ўргатишлари керак бўлади.

Иккинчидан, биз оналар уларни одатда нима қайғуга солишини тушуниб олишимиз керак. Болалар ҳислари ҳақиқий бўлади, улар нимадандир хафа бўлишса чин дилларидан, худди биз яқин инсонимизни йўқотганимизда қандай ҳис қилсак, болалар ҳам оддий нарсаларни худди шу даражада қаттиқ ҳис қилишади. Биз ҳам қачонлардир қайғуларимизни енгиб ўтишга ёки уларга эътибор бермасликка ўрганганмиз, улар ҳам худди шундай ўрганиши керак. Албатта, бунга уларни ҳисларини йўқ қилиб эриша олмаймиз.

Учинчидан, олдини олиш мумкин бўлган ҳолатларни олдини олинг. Масалан, ўйинчоқ олиб бериш ниятингиз бўлмаса, пастки расталарда ўйинчоқ қўйилган дўконга фарзандингизни олиб кирмаганингиз маъқул. Ширинликка аллергияси бор фарзандингизни ширинликлар дастурхонга тортиладиган жойга меҳмонга олиб борманг ёки мезбонларга аввалдан бу ҳақида илтимос қилиб қўйинг. Бу биз катталарни масъулиятимиз, болаларимиз ҳисларини бошқаришни ўргансин, лекин биз уларни бундай қийин “синов”ларга қўймаслигимиз керак.

Демак, ҳисларини бошқариши учун болаларга шароитни тушунтиришимиз ёки олдиндан келишиб қўйишимиз мумкин. Масалан, мен ҳар доим фарзандларимни боғга олиб чиқишим йиғи билан тугарди, доим уларни хурсанд қилмоқчи бўлсам бу ҳаммамизни кайфиятимиз бузилиши билан тугарди.

Кейинроқ, улар билан аввалдан келишишни бошладим: паркда фақат 2 та атракционда учиш мумкин. Ёки фақат 1 та ширинлик ёки ўйинчоқ олишимиз учун 1 ой қолдирмай бомдод ўқишлари керак. Келишувлар саёҳатларимиздаги ғалваларни камайтирди, болаларга эса ўйлаб қарор чиқаришни ўргатди (Яъни фақат 2 та атракционга тушиши мумкин бўлганидан кейин, қайси бирини хоҳлашини аниқ ўйлаб қарор қила бошлашди.)

Албатта, олдиндан билиб бўлмайдиган ҳолатлар ҳам бўлади, унда нима қилишимиз керак?!

Ундай ҳолатларда уларга кўрган нарсаларини ёки шароитни тушунтиришимиз керак. Масалан ўйинчоқ олишни талаб қилаётган фарзандимизга, уни четроққа олиб чиқиб, эътиборини ўзимизга қаратгандан сўнг “ҳозир бу ўйинчоқни олишга пулимиз етмайди”, “сени худди шундай ўйинчоғинг бор”, ёки “бу ўйинчоқ жуда сифатсиз экан тезда синиб қолади ва пулимиз исроф бўлади,” дейишимиз мумкин. Тушунтириш албатта ёрдам беради. Уч ёшли фарзандим боғчага кириб кетаётганда, йўлда пирожки сотиб олишни талаб қилган эди. Лекин, фақатгина сосискали пирожкилар борлигини кўриб, индамай боғчага кириб кетганини кўрган сотувчи ҳам, ўзим ҳам ҳайрон қолган эдик. Чунки, унга сосиска зарарли ва шубҳали эканини кўп такрорлаган эдим.

Гап тушунмайдиган, кичкина ёшдаги болаларни эса эътиборини бошқа нарсага қаратганимиз маъқул.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бу вақт ички хотиржамлик ва воқеаликни англаб етиш муҳим, чунки асабийлашишимиз ўзимизга ва фарзандимизга зарар қилиб қўйиши мумкин.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Ойша розияллоҳу анҳо онамиз шундай дедилар: “Бир куни олдимга камбағал аёл икки қизи билан келди. Мен уларга 3 та хурмо бердим. У 2 та хурмони қизларига бериб, 1 тасини оғзига солаётган эди ҳамки, қизлари яна хурмо сўраб йиғлади. Шунда она охирги хурмони ҳам уларга бўлиб берди. Мен бу воқеадан таъсирландим ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб бердим. Шунда У Зот алайҳиссалом: “Бу иши учун Аллоҳ унга жаннатни кафолатлади,” дедилар. (Саҳиҳи Муслим, 2630)

Манба: Muslima Ona kundaligi

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!