Болам мендан омадли бўлсин десангиз...

23:00 01.03.2019 1172

Бир турдаги машғулотлар ҳар қандай бола учун жуда толиқтирувчи ҳисобланади, шу боис улар яхши самара бермайди. У материални яхши эслаб қолмайди ва уни ёмон ўзлаштиради. Таълим жараёни қизиқарли эмас – тамом-вассалом.

Болада янги нарсаларга қизиқишни қандай қилиб уйғотиш мумкин?

Одам қизиқувчанлик фазилати билан туғилмайди – унга эришилади. Ҳар қандай одамдаги илм ва фанларни ўрганишга бўлган иштиёқни ривожлантириш зарур. Агар болани кичиклигидан доимий тарзда нимагадир қизиқтирсангиз, кейин ҳам унинг бу қизиқишини қўллаб-қувватласангиз, ана шунда унда қизиқувчанлик ривожланади, бу эса унга нафақат ҳаётда, балки ҳар қандай чалкаш вазиятда ҳам ёрдамга келади.

Болалар бутун ташқи маълумотни ўзига сингдиришга ва уни деярли шу заҳотиёқ қайта ишлашга қодир. Улар бугунги кун билан яшайди, яъни эмоционал жиҳатдан “шу ерда ва ҳозир” яшайди, шунинг учун ҳар бир кун бола учун қизиқарли ва ўзига хос бўлади. Бола ҳар қандай янгиликка, таассуротлар ва билимларга очиқ бўлади, аммо ахборотнинг ушбу улкан қатлами қандайдир бир тизимни талаб этади. Бу ерда унга албатта ота-оналари ёрдамга келишлари керак.

Агар бола зерикаётган бўлса ёки тенгдошлари билан мулоқот вақтинчалик чекланган бўлса, болалар билан ривожлантирувчи ўйинлар – ажойиб ёрдамчи ва вазиятдан чиқишнинг оптимал йўлидир. Бундай ўйинлар барча билимларни бир тизимга солади, қизиқарли мавзуларга йўл очади ва билим олишнинг янги моделларини таклиф этади.

Болага осон ва тушунарли тилда ҳар қандай маълумотни етказиш – унда мулоқот ва атрофга тез мослашиш кўникмаларини муваффақиятли ривожлантиришнинг гаровидир. Болага доимий тарзда панд-насиҳат қилар экансиз, чегарадан чиқиб кетманг, акс ҳолда унинг билимларга бўлган қизиқиши кескин тушиб кетади. Жонга тегадиган насиҳатлар ўрнига ихтирочилик қобилиятингизни ишга солинг, шунда ҳар қандай тиниб-тинчимас бола таклиф этилаётган ўйин қоидаларини қабул қилади.

Атрофимизда ўргатувчи материаллар жуда кўп – уларга диққат билан назар солиш керак, холос. Ҳамма нарсадан фойдаланиш мумкин: фотосуратлар, реклама қоғозлари, ёрқин этикеткалар, суратли журналлар, табиат материаллари. Оилавий ҳордиқда олинган ёки яқинлар ва танишларнинг тантанали дақиқаларида олинган фотосуратларни томоша қила туриб, одамларнинг мимикаси ва хатти-ҳаракатларини ўрганиш қизиқарли машғулот эмасми? Ғаройиб ечимлар ва маиший материалдан фойдаланиш болани нафақат тафсилотларга эътибор қилишга ўргатади, балки уни эмоционал бойитади ҳам.

Болаларни ота-оналарининг ижодий шижоати ҳар доим жуда қизиқтиради. Агар ота ва она ўз ишини севса, унда болада ҳам профессионал кўникмаларга нисбатан ижобий муносабат пайдо бўлади. Катталарни ташқаридан кузатиш болаларга дунёдаги энг катта энциклопедиядан кўра кўпроқ нарсани беради. Уларнинг кўзи олдида қандай манзара бўлишининг фарқи йўқ, масалан, уйни тартибга келтираётган она, пайпоқ тўқиётган буви ёки корпусли мебелни тез ва моҳирлик билан йиғаётган дада.

Болага ҳар доим машғулотни ўзи танлаши имкониятини, ўз усулларини амалда синаб кўришга рухсат бериш керак. Уни ташқаридан кузатар экансиз, тез-тез хатоларингизни кўрасиз ва уни камолга етказишнинг янги йўлларини белгилайсиз. Болаларга ритм ва ҳаракатнинг ўзгариб туриши ҳаводай зарур. Ўйин кўринишидаги машғулотлар, агар улар давом этмаса, фойда келтирмайди. Фақат шундагина бола бор эътиборини юз бераётган ҳаракатга қаратади ва жараёнга фаол киришиб кетади.

Болалар қанчалик улғайса, уларга шунчалик мураккаброқ вазифаларни таклиф этиш зарур. Фақат шу ҳолдагина улар ақллироқ, кучлироқ ва ота-оналаридан омадлироқ бўлади.

Фарзона тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!