Болангизга Аллоҳни севдиринг

11:00 12.01.2019 930

Анча олдин ота-оналар учун ўтказилган ўқув- семинардан кейин ёнимга бир она келди.

Хадийжа хоним, боламни намоз ўқишга даъват қиляпман, – деди севинч билан. – Қизиқтириш учун “намоз ўқисанг, ҳақини бераман” деяпман. Нима деб ўйлайсиз, бу тўғрими? Қандай ҳақ беряпсиз? – дедим.

Ҳар таҳорати учун эллик қуруш (турк майда пули- таржимон), ҳар бир суннат намози учун бир лира, фарз намози учун бир ярим лира бераман...

Бекор пул аралаштирибсиз-да! – дедим.

Аммо пул олса болам жуда хурсанд бўлади. Дарҳол намоз ўқишга ошиқади.

Хўп, яхши. Лекин бир куни сизга “Онажон, намоз ўқимайман. Пулга эҳтиёжим йўқ!” деса нима қиласиз? Менимча, бу ишингизни тўғри ташкиллаштирганинг маъқул, – дедим. – Ваҳоланки, бу рағбатингиз болангиз учун “Ҳақ” ёки “маош” ёхуд ҳадя эмас – пора! Бунинг ўрнига катта жойнамозлар солиб, болаларимизга жамоат бўлиб намоз ўқишни ўргатганимиз яхши эмасми? Намоз ўқиган бандасини Аллоҳ паноҳида асраши, Ўзи мукофотлаши ва ризқини яхшиликда давомли қилиши ҳақида гапирганимиз маъқул эмасми? Аллоҳ болаларни “жаннат райҳонлари” деб севишини, бандаларини неъматлар билан сийлаганини, жаннатларни ваъда қилиб ибодатга чорлаганини айтиб, фарзандларимизга Роббисини севдирганимиз қандай гўзал, шундай эмасми? Токи дилбандларимиз ибодатга пул учун, моддий рағбат учун эмас, астойдил истаб, қалбан интилсинлар. Аллоҳни севсинлар ва Унинг неъматларини қадрласинлар. Тарбиянинг бу усули менимча, жуда гўзал самара беради...

Хадийжа Кубро Тонгар, туркиялик психолог
Умида Адизова таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!