«Борига барака» қонуний томондан ҳам қиморга оид унсурларга эга

15:44 08.06.2019 1576

Яқинда ҳуқуқшунос Дилшод Абдуқодировнинг шу номдаги мақоласи эълон қилинди.

Муаллиф ўз мақоласида ТВ орқали берилаётган бу каби шоуларга диний томондан, яъни ҳалол ёки ҳаромлиги ҳақида эмас, балки Ўзбекистон қонунларида белгиланган қоидалар бўйича таҳлил қилган.

Ҳуқуқшунос сифатида муаллифнинг барча фикрларига қўшиламан. Ҳақиқатдан “Борига барака” кўрсатуви қонунчиликда тақиқланган қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар элементларига эга ва бу жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин. Айниқса, мақоланинг мана бу қисми муҳим:

“Борига барака” қонуний томондан ҳам қиморга оид унсурларга эга

Энди танганинг иккинчи томонига ўтамиз. “Борига барака” дастури шу йўналишдаги барча кўрсатувлар орасида қиморга хос энг кўп элементга эга ўйин ҳисобланади.

Чунки ўз навбатида фақат ушбу кўрсатувдагина иштирокчи бўлиш учун Click ва Paynet орқали алоҳида 5 минг сўмлик тўлов ҳам жорий қилинган. Қолган кўрсатувлар (шу жумладан “Борига барака”нинг ўзида ҳам) қатнашиш учун бирор маҳсулот (хизмат) сотиб олиш талаб этилади. У ёки ичимлик, ёки ширинлик сотиб олиш, ёки суғурта компанияси хизматидан фойдаланиш бўлиши мумкин.

Яъни назарий жиҳатдан кўрсатувда қатнаша олмасангиз ҳам, пулингизга куйиб қолмайсиз (SMS тарзида юборилганда ушлаб қолинадиган 70-80 сўмни ҳисобга олмаганда). Сарфлаган харажатингиз эвазига бирор маҳсулот олган бўласиз. Кўрсатувда чиқиш эса гўёки Сизга истеъмолчи сифатида бонус кўринишида тақдим этилади.

Муайян товарлар ва хизматлар истеъмолчилари ўртасида сотувларни рағбатлантириш мақсадида, ўйинда қатнашганлик учун қўшимча ҳақ ундирилмасдан ўтказиладиган пул-буюм ютуқлари ўйинларини тўғри тушуниш мумкин, чунки бундан кўзланган асосий мақсад – товар ёки хизматларни реклама қилишдир. Фақат энг асосийси ушбу акция қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда ўтказилиши ва акция давомида маҳсулот (хизмат)нинг нархи аввалгидан сунъий кўтарилмаслиги шарт.

Аммо “Борига барака” кўрсатуви Click ва Paynet орқали қабул қилаётган 5 минг сўмлик тўлов эвазига фуқаролар ҳеч нарса олишмайди. Уларга ҳеч қандай хизмат кўрсатилмайди, ҳеч қандай маҳсулот берилмайди. Агар омади келмаса, 10, 20, ҳатто 30 марта тўлов қилганлар ҳам пулига шунчаки куйиб қолаверишади. Пулига куйиб қолаётган инсонларнинг сони минглаб, уларнинг йўқотган маблағлари эса, жами юз миллионлаб суммани ташкил қилиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Айнан мана шу қиморнинг асосий белгисидир. Тағин буни диний атама билан адаштирманг, биз қонунлар билан тақиқланган қиморни назарда тутяпмиз.

Қандай жазо белгиланган?

Ўзбекистонда қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил қилиш тақиқланганини билиб олдик, энди бундай хатти-ҳаракатлар учун қандай жазо берилишини ҳам айтиб кетсак мақсадга мувофиқ.

Бундай ўйинларни ташкил қилганлик учун Жиноят кодексининг 278-моддасига биноан, тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик назарда тутилган:

Унга кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”, - дейилади мақолада.

“Гапнинг индаллосини айтганда, агар ушбу кўрсатувлар ҳақиқатдан қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйин деб топилса, унда тегишли чоралар кўрилиши, аксинча, бундай деб топилмаса, унда қайси асосларга кўра, шундай мазмундаги хулосага келинганини кенг жамоатчиликка маълум қилишларини сўраб қоламиз”, - дея мақолага якун ясалган.

Kun.uz таҳририяти эса “мазкур мақолада таъкидланган фикрлар юзасидан ҳар қандай муносабатни сайт орқали эълон қилишга, очиқ мулоқотга тайёрмиз“, дебди. Қани, кўрамиз, Zo'r TV телеканали раҳбарлари бунга қандай муносабат билдиришар экан.

Экран орқали очиқчасига қимор кўрсатилса ва қонунчиликда тақиқланган бўлса, ҳар ҳолда бу масала шундай қолмаслиги керак.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг телеграм каналидан олинди

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!