Борига қаноат қилиш ғамни кетказади

14:05 09.09.2019 389

Ҳадисда шундай дейилган: “Раббимизни рози қиладиган сўзларнигина айтамиз”.

Тақдир сизга хавф солса, унга бўйсуниш ва таслим бўлишингиз лозим. Шунда унинг натижаси фойдангизга ва ўйлаганингиздек бўлади. Бу билан сиз дунёда амалларингиз барбод бўлишидан ва охиратда бирон савобдан қуруқ қолиш балосидан қутуласиз.

Шеър:

Ёмонликка десанг доим марҳабо,

У бошингга ташвиш солмайди асло.

Юзим ва сочимга қарилик келди,

“Хуш кўрдик”, дедиму тутиндим ошно.

Тақдирга имон келтириш лозим, ундан қочиб бўлмайди. Кийимингиздан чиқсангиз ҳам, терингиздан суғурилиб чиқсангиз ҳам, тақдирда белгиланган ишлар бўлади.

Эмерсон “Бажаришга қудрат” номли китобида бундай ёзади: “Фаровон, барқарор ва машаққатлардан холи ҳаёт бахтли ва улуғ кишиларни яратади, деган фикр бизга қаердан келди? Аслида бунинг акси бўлади. Ўзларига тасалли билдиришга одатланган кишилар ипак устида ухласалар ҳам, ўзларига тасалли билдиришдан тўхтамайдилар. Тарих гувоҳ: саодат ва улуғлик ўз тизгинини турли хил миллатлардаги кишиларга бериб келган. Бир миллатда яхшиси ҳам бор, ёмони ҳам бор. Бошқа бир миллатда яхши билан ёмонни ажратиб бўлмайди. Бу миллатлардан масъулиятни бўйниларига оладиган кишилар етишиб чиқди”.

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даъватларининг илк кунларида ҳидоят байроғини тутганлар қул, фақир ва кучсиз кишилар эди. Муқаддас имонга қарши чиққанларнинг кўпи бой ва машҳур кишилар бўлган.

Аллоҳ таоло айтади: “Қачон уларга Бизнинг равшан оятларимиз ўқилса, куфр келтирганлар имон келтирганларга: “Икки гуруҳнинг қайси бири мақом ва мажлис жиҳатидан яхшироқдир?” дерлар” (Марям сураси, 73-оят).

“Улар: “Бизнинг молу дунёмиз, бола-чақамиз кўпроқ. Биз азоблангувчи эмасмиз”, дерлар” (Сабаъ сураси, 35-оят).

“Орамиздан Аллоҳ неъмат берганлар шуларми?” дейишлари учун шундай қилиб баъзиларини баъзилари ила синадик. Аллоҳнинг Ўзи шукр қилувчиларни яхши билгувчи эмасми?!” (Анъом сураси, 53-оят);

 “Куфр келтирганлар имон келтирганларга: “Агар у (Қуръон) яхшилик бўлганида, унга биздан илгари бормасдилар”, дерлар...” (Аҳқоф сураси, 11-оят);

“Мутакаббир бўлганлар: “Албатта, биз сиз имон келтирганга кофирмиз”, дедилар” (Аъроф сураси, 76-оят).

“Улар: “Ушбу Қуръон икки шаҳардан (бирида) бўлган улуғ кишига нозил қилинганида эди”, дедилар. Ёки улар Раббингнинг раҳматини тақсимлайдиларми?” (Зухруф сураси, 31-32 оятлар).

Антаранинг бир байтида унинг қиймати асли ва моҳиятида эмас, балки туғма хусусияти, жасорати ва зоти улуғлигида бўлиши айтилган:

Шеър:

Мен – қул, хожаликка бўлдим сазовор,

Таним қора, кўнглим оппоқ беғубор.

“Ўкинма” китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!