Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Борлиқ инсон учун бўйсундирилганига иймон келтиришнинг молиявий муомалотларга таъсири

376

Осмонларни ва улардаги қуёш, ой, юлдузлар, шамоллар, ёмғирлар, фалаклари билан ҳамда ерни ва унинг томонлари, сувликлари ва бойликлари билан, ҳамма-ҳаммасини Аллоҳ ўзининг фазли билан инсонга бўйсундириб қўйди ва унга бу бойликлардан фойдаланиш йўлларини осон қилиб қўйди. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизларга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйганини ва сизга зоҳирий ва ботиний неъматларини мукаммал қилиб берганини билмадингизми?” (“Луқмон” сураси, 20-оят). “Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни – ҳаммасини Ўз томонидан бўйсундириб қўйди. Албатта ана шунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-белгилар бордир” (“Жосия” сураси, 13-оят). 

Демак Қуръони карим таълимотига кўра бор борлиқ инсонга бўйсундирилган ва уларни бошқаришда у Аллоҳнинг халифаси дея эълон қилинган. Борлиқни башариятга бўйсундирилганига эътиқод қилишнинг инсон тасарруфларига таъсири қандай? Инсоннинг ерда халифа қилинганига эътиқод қилишнинг бунда қанчалик аҳамияти бор?

Борлиқдаги ҳамма нарсани инсониятга бўйсундирилганига эътиқод қилиш мусулмонда муҳаббат, тинчлик ва табиий мансублик ҳисларини қўзғайди. Шунингдек уни ушбу борлиқни чуқурроқ танишга, илмий тафаккурини янада ривожлантиришга ва борлиқнинг ўзгармас қонуниятларини теран англашга ундайди. Мана шулар туфайли инсон Аллоҳ таолонинг уфқлардаги ва ўзидаги оят-далилларини давомли кашф қилишга интилади. Аллоҳ таоло айтади: “Биз уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўз нафсларидаги оят-белгиларимизни кўрсатамиз. Токи уларга Унинг ҳақлиги равшан бўлсин”. (“Фуссилат” сураси, 53-оят). Яна айтади: “Эй жин ва инс жамоалари, агар сиз осмонлару ер чегараларидан чиқиб кетишга қодир бўлсаларингиз, чиқаверинглар. Фақат Султон (Раббингизнинг қудратидан зиёда қудрат билан. Бундай қудрат бўлиши эса маҳолдир) ила чиқа олурсиз, холос” (“Раҳмон” сураси, 33-оят).

Аллоҳ таоло инсонни илм ва таълим олиш воситалари билан қуроллантирди. Унга борлиқ сирлари ва қонуниятларини кашф этишнинг фитрий истеъдодини ато қилди. Аллоҳ таоло айтади: “Ва У зот одамга исмларнинг барчасини ўргатди”, (“Бақара” сураси, 31-оят). (Фаришталарга ўргатмаган илмни одамзотга ўргатгани учун бу оятни юқоридаги гап, яъни инсонга ўзига хос истеъдод бергани учун далил қилинмоқда). Чунки борлиқни фақат илм билан бўйсундириш мумкин. Зеро Аллоҳнинг борлиқдаги қонуниятларини билмаслик, бу борлиқни инсонга бўйсунувчан қила олмайди. Бу хусусиятлар туфайли инсоннинг бу борлиқ билан муомалада, фазо, зироат, саноат, чорвачилик, бойлик яратиш ва ҳаётнинг бошқа майдонларида ўз жидди жаҳд ва ҳаракатларини тўхтатмайдиган тарзда таъсирланиши юзага келади. Яъни, борлиқни бўйсундиришга ва унда халифаликка лаёқат, инсон ичида яширин бўлган интилиш ва ҳаракатларни қувватлантиради ва ташқарига чиқаради.   

Инсониятни ер юзида Ўзига халифа қилиш зикри Қуръони каримда кўп бора такрорланган. Аллоҳ таоло айтади: “У зот сизларни ер юзида халифалар қилиб қўйгандир. Ким куфр келтирса, унинг кофирлиги ўзига зарар. Кофирлар учун куфрлари Роббилари ҳузурида ғазабдан бошқни зиёда қилмас”. (“Фотир” сураси, 39-оят). Яна айтади: “У сизларни ер юзида халифалар қилган ва баъзингизнинг даражасини баъзингиздан устун қилган зотдир” (“Анъом” сураси, 165-оят). Яна айтади: “Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтиринглар ҳамда сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан эҳсон қилинглар. Бас, сизлардан иймон келтирган ва эҳсон қилганларга улкан ажр бордир” (“Ҳадид” сураси, 7-оят).

Халифа қилиш назарияси мол-мулк Аллоҳ таолоники, инсон эса бу тўғрида Ундан халифалиги асосига қурилган. Шу сабаб инсондан ер юзини гуллатиб-яшнатиш ва бойликларидан унумли фойдаланиш талаб этилади. Шунинг учун ҳам инсонга ўзидан бошқа борлиқни ўз манфаати учун бўйсундиришга куч-қудрат берилган. Ҳис-туйғулар, бошқа жисмоний ва ақлий хусусиятлар уни ўша халифалик мартабасига лойиқ қилган сифатлардир. 

Модомики инсон мол-мулк тўғрисида ҳам Унинг халифаси экан, унинг мулкдорлиги бир мақсадга боғлиқ ва уни халифа қилган ҳақиқий Моликнинг шартларига тааллуқлидир. Инсон ўз мол-мулкни тасарруф этишда, уни вакил қилган Зотнинг иродасини намоён этадиган, талабини ижро қиладиган ва қўйган чегара ва қоидаларига боғлиқ бўлган вакил ҳисобланади. Демак инсонда мол-мулкини у хоҳлагандек ва ўзи орзу қилганидек яккаҳоким тасарруф қилиш ҳуқуқи йўқ. Илло шундай қилса, у берилган ваколатини ботил қилибди. Ваколатни суистеъмол қилгани учун халифалик ҳаққига нолойиқ бўлибди.

Шундай ҳуқуқдан маҳрум бўлмаслик учун инсон мол-мулкни Аллоҳ рози бўладиган услублар билан қўлга киритмоғи, Аллоҳ шариатида кўрсатган воситалар билан кўпайтирмоғи ва ҳалол йўлда ишлатмоғи ҳамда у тўғридаги Аллоҳнинг ҳаққини унутмаслиги лозим бўлади.

(Давоми бор)

Мубашшир Аҳмад

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бугунги ҳаётимиз

193 04:00 16.04.2021

Мусулмонларни ўлдирган террорчи қамоқхонадаги шароитдан норози

808 23:00 15.04.2021

Белгия ва Швейцария санитария чекловларини бекор қилмоқда

188 20:00 15.04.2021

Швецияда Ўзбекистон элчихонаси очилади

238 19:00 15.04.2021

Нукус шаҳрида учта янги масжид қурилиши бошланди

250 18:00 15.04.2021

Ангрен МИБнинг сўконғич раҳбари билан боғлиқ ҳолатни Сенат назоратига олди

382 17:30 15.04.2021
« Орқага