Таҳлил

Бош прокурор кўпларнинг «пўстагини қоқди!» Лекин...

1174

1

Тартиб-тамоил шундай: муайян масалада йиғилиш қилинар экан, аввалига бу борада амалга оширилган, эришилган натижалар қайд этилади. Сўнг муаммолар, йўл қўйилаётган камчиликларга эътибор қаратиб, уларнинг келиб чиқиши сабабларига урғу берилиш асносида мутасаддилар «обориб-олиб келинади».  Бош прокурор раислиги ўтадиган йиғилишларда-ку, инчунин!

2

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ҳам айни тартиб-таомилга тескари бормади.  Жиноятчиликка қарши кураш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашининг кенгайтирилган йиғилишнинг (йиғилиш видеоселектор тарзида ўтди) «бисмиллоси»да бу борада амалга оширилган ишлар хусусида мухтасар тўхталди. Айтдики, Ўзбекистоннинг ҳозирги янги тараққиёт босқичида президент Шавкат Мирзиёев  томонидан суд - ҳуқуқ, жумладан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилди. Сўнгги уч йилда соҳа фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган 150 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Энг асосийси, бу соҳа ҳуқуқбузарликлар оқибати билан курашиш эмас, балки уларни барвақт олдини олиш зарурлиги тамойили асосида ислоҳ қилинмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида биргина 2019 йилда умумий жиноятлар қарийб 3 мингтага ёки 6 фоизга камайиб, юртимизда криминоген вазият барқарорлиги сақланди. Мавжуд 9.116 та маҳалладан 3.074 таси ёки ҳар учинчисида жиноят қайд этилмади.

Лекин...

3

Ҳамма бало мана шу «лекин»да!

Турган гап, «лекин»лар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш фаолиятида кузатилаётган айрим камчилик ва нуқсонлар соҳадаги ислоҳотларга соя солади. Шундай бўлмоқда ҳам. 2019 йилда жиноятлар сони Бухоро, Сирдарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ваТошкент шаҳрида юқорилигича қолди. Қотиллик жинояти Тошкент, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида, оғир шикаст етказиш Қашқадарёда, номусга тегиш Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий ва Қашқадарёда, босқинчилик Сирдарё, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида сезиларли ошганига нима дейсиз?! Хуллас, профилактик тадбирлар етарли даражада олиб борилмаганлиги оқибатида  51 та туман ва шаҳарларда қотиллик жинояти кўпайган!

4

Вазиятнинг  энг оғриқли нуқтаси шундаки, ушбу жиноятларнинг 28 фоизи эр-хотин, ака-ука, ота-ўғиллар ўртасида юз берган. Масалан, бирон жойда ишламагани етмагандай ичкиликка ружу қўйган избосканлик (Андижон вилояти) К. уйида маст ҳолда ногирон отаси ва онаси билан жанжаллашиб, уларни шафқатсизларча ўлдирган. Самарқанд шаҳрида Ю. эса отасининг маст ҳолда унинг ўғлини сўккани орасидан келиб чиққан арзимаган жанжал оқибатида падаркушга айланди.

5

Айрим ҳужудларда ичкиликка ружу қўйган ва илгари судланган шахсларнинг юритиш-туришига етарли эътибор берилмаётган кўринади. Нега десангиз, Навоий, Фарғона ва Тошкент вилоятларида «ўтириб чиққан» шахслар ёки маст ҳолда жиноят содир этиш ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда. Мисол учун, Юнусобод туманида маъмурий назоратда бўлган К. спиртли ичимликка ружу қўйиб, 4 ёшли қизини 4-қаватдан пастга ташлаб юбориб, қотиликка қўл урган.

Ички ишлар вазирлигида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этишга масъул  Пробация хизматига юклатилган вазифалар етарлича бажарилаётгани йўқ. Акс ҳолда, муқаддам гиёҳвандлик моддасини ўтказиш жинояти учун судланиб, Гулистон шаҳар ИИБ пробация хизматида жазо ўтаётган Б. жиноий шериклари билан фуқаро М.нинг уйига бостириб кириб, 90 млн. сўмлик тилла буюмларини қўлга киритишга қайда журъат топарди?! Ёки, оғир тан жароҳати етказиш жинояти учун судланиб, Жиззах шаҳар ИИБ пробация хизматида ҳисобда турган Т. (жиноий шериклари билан ниқобда) фуқаро А.нинг уйига бостириб кириб, вояга етмаган фарзандини қўл ва оёқларини боғлаб, 250 млн. сўм пули ва 32 млн. сўмлик тилла буюмларини эгаллаган-чи?!

6

Айрим маҳаллаларда жиноят қайд этилмаётгани бор гап. Бироқ маҳаллалардаги умумий манзара ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда давлат бошқарув идоралари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлик ҳамон тўғри йўлга қўйилмаганини кўрсатмоқда.  Йўқса, ўтган йилда мамлакатдаги қарийб 67 фоиз маҳаллаларда жиноят содир этилармиди?! Инсоният бор экан, бирор қилмиш содир этилмаслигининг иложи йўқ, тўғри. Бироқ   1.797 та маҳаллада жиноятлар сони камайиш ўрнига баттар ошиб кетганига нима дейсиз?!  Бу криминоген вазияти оғир ва аҳоли сони кўп маҳаллаларга ҳуқуқий соҳада етарли билим ва тажрибага эга ходимларни профилактика инспектори лавозимига тайинлаш зарурлигини кўрсатмоқда.

7

Содир этилган жиноятларни маҳаллада муҳокама қилиш ва сабабларини бартараф этиш маҳалла раисларидан фаолликни талаб қилади.  Ҳамма бало шундаки, барча маҳалла фуқаролар йиғинлари бу жараёнга тайёр эмас. 2019 йилда 32 нафар маҳалла раиси, 16 нафар посбон ва котиблар турли жиноятларга қўл ургани кўп нарсаларга далолат қилмоқда. Мисолми? Марҳамат: Бухоро туманида маҳалла фуқаролар йиғини раиси Э.фирибгарлик йўли билан фуқаро Б.нинг 800 АҚШ долларини қўлга киритганда ушланди.

Бундай мисоллар битта бўлса, кошки...

8

Жиноятнинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳар бир қилмиш фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланмас экан, кутилган натижага эришиш қийин. Аёллар ўртасида содир этилаётган жиноятлар ҳақида-ку, оғриқ билан гапирмасликнинг иложи йўқ. Ўтган йили хотин-қизлар томонидан  11 та босқинчилик, 38 та қотиллик, 75 та оғир тан жароҳати етказиш, 484 та ўғрилик ва 202 та гиёҳванд моддалар муомаласи билан боғлиқ жиноятларга қўл урилгани барчани бирдек ташвишлантириши керак. Косонлик 25 ёшли З. янги туғилган чақалоғини 5 мил. сўмга сотаётганда қўлга тушгани етарлича шов-шувларга сабаб бўлди. Ҳолат ўрганилганда аён бўлдики, З. ҳам, унинг онаси ҳам кам таъминланган, кўп йиллардан буён ишсиз экани ойдинлашди. Масалага босиброқ қарласа, жиноят илдизи мутасаддилар томонидан уларни иш билан таъминлаш, ҳаёт тарзини ўрганиш чоралари кўрилмаганига бориб тақалади. Терговда  бечора З. гапнинг пўсткалласини айтди-қўйди:  у фарзанди оғир шароитда вояга етишини хоҳламаганлиги  учун уни сотишга қарор қилган!

Шундан келиб чиқилса, муаммоларни ҳал этишда хотин-қизлар қўмиталари, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳам етарли ташаббус кўрсатмагани аён бўлади.

9

Содир этилган жиноятлар ҳақида гап кетар экан, ёшлар, айниқса, вояга етмаганлар қўл ураётган қилмишлар хусусида алоҳида тўхталмасликнинг иложи йўқ. Катта таассуф  билан айтиш шартки, мактаб ўқувчилари томонидан содир этилган жиноятлар ошган. Битта мисол келтирайликми? Пойтахтнинг Яшнобод туманида мактаб ўқувчиси Ш. ўзаро жанжал оқибатида таниши Х.ни ўлдириб, жасадини ҳовлидаги қудуққа ташлаб юборади! Буям етмагандай  воқеага гувоҳ бўлган марҳумнинг турмуш ўртоғи Х. ва унинг дугонаси К.ни ҳам ўлдириш мақсадида ҳаётига суиқасд қилган. Энг ёмони, ёш бўла туриб қўли қонга ботга Ш. 7 ой давомида дарсга қатнашмасдан, марҳум Х.нинг уйида ишлаб келган бўлсада, синф журналларида «сабабли дарс қолдирувчи» сифатида қайд этиб келинган...

Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давомат муҳим аҳамият касб этади.

Бош прокуратура томонидан ўтказилган давомат тадбирида 2019 йил 9—14 ноябрь кунлари Тошкент шаҳар мактабларида 4.215 нафар, 11-27 ноябрь кунлари Қашқадарёда 1.057 нафар ўқувчи дарсларга сабабсиз қатнашмаганлиги аниқланган.

Демак, мутасаддилар олдига қўйиладиган саволлар етарли.

10

Вояга етмаганлар ўртасида пичоқ ва бошқа совуқ қуроллар олиб юриш ҳолатлари кўпайганлигини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Эътибор беринг, биргина 2019 йилда таълим муассасаларида 210 нафар ўқувчилар совуқ қурол олиб юрганлиги аниқланган. Юнусобод туманидаги мактаб ўқувчиси Ю. отасига тегишли пневматик автоматни 1.188 дона металл ўқлари билан мактабга олиб келгани ҳаммасидан ошиб тушди. Ўтган йилда ёшлар томонидан пичоқдан қурол сифатида фойдаланиб, 346 та жиноят содир этилган. Булар асосан, қотиллик, тан жароҳати етказиш, босқинчилик ва безорилик жиноятларидир. Уларнинг аксарияти Сурхондарё, Наманган, Андижон, Қашқадарё, Тошкент, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрига тўғри келган...

Қани, масъуллар бу каби мисолларга нима дер экан?!

11

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Жиноятни ҳисобга қўйиш, тезкор-қидирув ва тергов фаолиятида ҳам камчиликлар етарли. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар айрим ходимлари томонидан инсон ҳуқуқларини поймол этиш ҳолатлари ҳануз учраб турганига тоқат қилиб бўлмайди. Жиноятчиликка қарши курашга масъул бўлган айрим ходимларнинг ўзи жиноят содир қилаётганига ҳам фавқулодда ҳолат сифатида қаралиб, тегишли жазо ҳам шунга монанд бўлмоғи керак. Акс ҳолда, қилмишларга «барака» киришидан ташқари бир-иккита «погон»ли сабаб аҳолида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга нисбатан ишончсизлик шаклланиши эҳтимоли юзага келади.

Қонунсизликнинг энг хавфли жиҳати шунда!

12

Бош прокурор маърузасини «эътибор учун раҳмат» дея якунлаган бўлса-да, бу ёппасига билдирилган миннатдорчилик эмаслиги аён эди. Аксинча, йиғилишнинг «қайноқ жойлари» ундан кейин бошланди. Қайд этилган рақамлардан келиб чиқиб, мутасаддиларлардан бирма-бир изоҳлар талаб қилинди. Айни жараёнда айрим масъуллар яхшигина «терлатилган» бўлса, баъзилари тузуккина «обориб-олиб келинди».

Пировардида, муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинишини биласиз. Тегишли қарорлар сабаб неча нафар масъулларга қандай чора кўрилгани, қанчаси эгаллаб турган лавозимга нолойиқ деб топилиб, яна қанчасининг жавобгарлик масаласи ҳал этилгани ­­— бу энди алоҳида мавзу.

xabar.uz дан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

ИИБ ходими томонидан калтакланган адвокат туман прокурори ҳам айбдор демоқда

998 10:40 05.03.2020

Қашқадарё прокурори ҳибсга олиниб, ертўлада қийноққа солинган

3278 14:30 03.03.2020

Собиқ бош прокурор Отабек Муродовга 5 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланди

1078 22:00 25.02.2020

Ҳар бир туманда бир миллион туп кўчат экилади

464 14:40 24.02.2020

Андижонда «прокурор ёрдамчиси» 4 минг доллар пора олаётганда қўлга олинди

693 17:40 19.02.2020
« Орқага