Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (1-қисм)

2419

Туркиялик профессор Эрол Гунгўр шундай деган эди: “Кун ўтган сайин инсон еб-ичадиган, жуфтлашадиган ва имкон бўлиши билан бошқа инсонларни бўғизлайдиган, нима учун яшаётганини ўйлашга вақт топа олмайдиган даражада овораи сарсон мавжудотга айланмоқда. Асосий фалокат мана шу!”

Охирги йилларда кўп тилга олинаётган деизм ва атеизм борасидаги баҳсларга шу нуқтаи назардан қараш ҳам фойдадан холи эмас. Муаммо диндами ёки ўзимиздаги ва оламдаги илоҳий теранликни илғамайдиган ҳолга тушишимиздами?.. Ҳолбуки, бироз фикр юритган, ўқиб-ўрганган, изланган, аввал ўз вужудига, табиатга, атрофига, коинотдаги тенгсиз тартиботга ибрат назари билан қараган ҳар киши Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига далилларни осонлик билан топиши мумкин. 

Эътиборингизга турк ёзувчиси Эмин Ариқнинг узоқ йиллик изланишлари маҳсули бўлмиш “Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм. Эътиқодсизликдан эътиқод сари” китоби таржимасини ҳавола этамиз. Унда деизм ва атеизм борасидаги баҳсларга кенг қамровли жавоблар қайтаришга ҳаракат қилинган, мусулмон ва ғарблик олимларнинг Аллоҳнинг борлиги ҳақидаги далиллари келтирилган. Ўйлаймизки, бу ишимиз, иншааллоҳ, хайрли ва манфаатли бўлади.

Муаллиф ҳақида

Измир олий ислом институтини (ҳозирги Докуз Эйлул университети илоҳиёт факультети) 1973 йилда тамомлагач, Дин ишлари бошқармаси таркибида узоқ йиллар меҳнат қилди. Аввалига Айдин вилоятининг Енипазар туманида, кейин Ўдемиш, Сефериҳисар, Маниса ва Истанбулда воиз бўлиб ишлади. 

Маниса вилоятининг Демиржи туманида, шунингдек, Карабурун, Икиздере, Бейкоз, Каршияка, Карабағлар ва Бодрум туманларида муфтий ва бошқарувчи сифатида фаолият олиб борди. Дин ишлари бошқармаси номидан Франциянинг Лион шаҳрида (1989-1993) ижтимоий ёрдамчи вазифасида ишлади. 

Амин Ариқнинг мақолалари турли журналлар ва интернет сайтларида анча вақтдан бери чоп этиб келинади. Китоблари дин, тарих, тасаввуф ва фалсафа мавзуларини ўз ичига олган. Ўзи туғилган Сефериҳисар туманида тадқиқотларини ва ёзувчилик фаолиятини давом эттираётган Амин Ариқ икки фарзанднинг отасидир. 

Ёзувчининг “Инсон – ҳаёт – севги”, “Ҳазрат Муҳаммад”, “Ҳазрат Мавлоно”, “Насиҳатлар – ўгитлар”, “Ҳаёт ва ўлим” номли асарлари турли нашриётларда босилиб чиққан. 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм (Раҳмати ва марҳамати билан ҳар нарсани ўраб олувчи ва гуноҳларни кечиргувчи Аллоҳнинг номи билан).

“Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир.

Ва Унинг оят-белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлишидир. Албатта, бунда олимлар учун оят-белгилар бордир.

Ва Унинг оят-белгиларидан кечаси ва кундузи ухлашингиз ҳамда Унинг фазлидан талаб қилишингиздир. Албатта, бунда эшитадиган қавм учун оят-белгилар бордир.

Ва Унинг оятларидан сизга қўрқув ва умид учун чақмоқни кўрсатур ва осмондан сувни нозил қилади-да, у билан ерни ўлгандан кейин тирилтирур. Албатта, бунда ақл юритадиган қавм учун оят-белгилар бордир”.

(“Рум” сураси, 21-24)

Муқаддима

Ҳар бир инсон Аллоҳнинг борлигига имон келтиришга етгулик салоҳият ва мойиллик билан дунёга келади. Аммо ўтмишда бўлганидек ҳозирги кунда ҳам кибр, қайсарлик, ҳирс, салтанат, дунёвийлашиш, бойлик қутқуси, такаббурлик, ғафлат, билимсизлик, нафсга эргашиш, бемалоллик, нотўғри таълим, жаҳолат, масъулиятдан қочиш, орзуларнинг асирига айланиш, диндан бехабарлик, фалокатлар билан юзлашиш, азоб тортиш ҳамда оила, муҳит ва маданиятнинг таъсири сингари омиллар инсонларнинг бир қисмига салбий таъсир кўрсатмоқда, айримларнинг Худонинг мавжудлиги тўғрисида шубҳага боришига сабаб бўлмоқда. Туркияда ва дунёда дарвинизм, материализм, позитивизм, марксизм, нигилизм, агностицизм, пантеизм, сатанизм, атеизм, деизм сингари оқимларнинг таъсирига дучор бўлган ва “мағизларидаги фитрат”дан айрилган бундай инсонлар умумий маънода ниҳоятда юзаки ёндашувга эгаликларини айтиш мумкин. 

“Биз кўрмайдиган нарса мавжуд эмас!” деган тарғиботга бериладиган даражада мутаассиб бўлган бу одамлар ҳар томонлама ўқиб-ўрганса, изланишлар олиб борса ва чуқур фикр юритса, эътиқодга эришиши мумкин. Зеро, бугунги кунда ҳатто фан ҳам ташқи дунёнинг ҳақиқатлари борасида назария сифатида ўртага ташланган ва натижалари фақатгина билвосита тушуниб етиладиган маълумотлардан иборат эканлиги, йўқса “кўз билан кўрса, қўл билан ушласа бўладиган равшан ҳақиқат эмаслиги” аён бўлиб бўлган. Машҳур физик Стивен Хокинг (1942-2018) Ньютон физикасининг яроқсизлигини кўрсатиб, эндиликда кўпгина назариялар ўз ўрнини янги назарияларга бўшатиб бераётганини, фаннинг каттагина қисми қатъий эмаслиги англашилганини ва шу кунгача айтилган илмий ҳақиқатлар қайтадан кўздан кечирилиши зарурлигини таъкидлаган эди. 

Замонавий илм-фаннинг эҳтимол энг нуфузли шарҳловчиси Пол Дэвис шундай дейди: “Фан оламнинг ҳар бир бўғинда тамомила мантиқ ва ақлга мос эканлиги тўғрисидаги фаразга таянади... Атеистлар эса (табиат) қонунларининг ҳеч қандай асоси йўқлигини ва коинотнинг буткул бемаънолигини иддао қилади. Олим сифатида бу фикрни қабул қилмайман. Оламнинг мантиқли ва тартибли тузилиши унинг илдизлари таянган мустаҳкам мантиқий тамалга эга бўлиши керак”.          

Шундай экан, куч-қудрати, заковати ва қобилиятлари чекланган бир мавжудот бўлмиш одамзод “Кўра олмаяпмиз!”, “Кўринмайдиган нарсага қандай ишонишимиз мумкин?!”, “Аниқ далил йўқ!” деган важи корсон билан ҳар насрани йўқдан бор қилган улуғ Аллоҳни қандай қилиб, устига-устак, илм-фаннинг номидан инкор этиши мумкин?.. Аллоҳнинг борлиги – илм-фан маълумотлари ва натижаларига ҳурмат кўрсатувчи, сохта фикрламайдиган, чуқур фикр юритувчи, изланувчи ҳар бир ақл эгаси тараддудсиз қабул қиладиган буюк бир ҳақиқатдир. 

Афлотундан тортиб Форобийгача, Ибн Сино, Ибн Халдун, Мавлоно Румий, Ибн Арабийдан тортиб Ньютон, Эйнштейн, Анри Бергсон, Алексис Каррелгача, бугун ҳаётда бўлган шарқлик ва ғарблик машҳур олимлар, кўпгина файласуфлар, чуқур фикр юритадиган миллионлаб мутафаккир ва доҳийлар оламнинг яратувчиси – улуғ Аллоҳнинг борлигини қабул қилишда иккиланишмаган. Ҳатто олимлар Аллоҳни метафизик, фалсафий ва илмий далиллар билан инкор этиш исботлашдан мушкулроқ эканлигини айтишади.

Фикрловчи, ўқиб-ўрганувчи, изланувчи, аввало ўзининг мавжудлигига, табиатга, атроф муҳитга, оламнинг ақлни лол қолдирувчи мураккаб тузилишига, беқиёс низоми ва ўхшаши йўқ тартиботига ибрат назари билан қараган ҳар бир киши Аллоҳнинг борлиги ва унинг ягоналиги борасидаги далилларга осонлик билан эришиши мумкин. Охирги йилларда айниқса табиий фанларда қўлга киритилган кўпгина янги маълумотлар Буюк Яратувчининг мавжудлигини очиқ-равшан намоён этмоқда. Олмон математиги ва файлафуси Лейбницнинг (1646-1716) “Нима учун ҳеч нарсанинг ўрнига нимадир бор?” деган саволи фикр юритувчи ҳар ақл эгаси, айниқса, олимлар томонидан тинимсиз берилмоқда. Йигирманчи асрда атеизмнинг энг машҳур ҳимоячиларидан бўлган Энтони Флю (1923-2010) илмий юксалишлар таъсирида 2004 йилда қарашларини ўзгартирган, “ДНК бўйича олиб борилган тадқиқотлар бизга яратувчи буюк бир қудратнинг, Тангрининг борлигини кўрсатмоқда”, деган ва атеизмдан эътиқодга қайтган эди. Ҳаётининг аксар қисмида атеизмнинг энг машҳур фалсафий ҳимоячиларидан бири бўлган Флю шу тариқа умрининг охирларида атеизмдан воз кечди, Тангрининг борлигига ишонишини ва Тангри йўқ дейиш маънисизлик эканлигини таъкидлади. 

Машҳур физик ва космолог Стивен Хокинг 2013 йилнинг 8 январида берган интервьюсида биринчи марта Аллоҳнинг борлигига ишонишини айтиб, шундай деган эди: “Коинотнинг пайдо бўлиши фаннинг ҳақиқатига таянади, аммо бу мутлақо фан қоидаларини тузган ва уларни ҳам яратган Тангри йўқ деган маънони билдирмайди”. 

Шунга қарамай... Дунёда ва юртимизда атеизм гирдобига тушиб қолган, эътиқод ва эътиқодсизлик ўртасида аросатда бўлган анча-мунча инсон борлиги ёки динларга эмас, деизмга эргашувчиларнинг сони ортаётгани маълум. Қисқача айтганда, деизм Худога ишонувчи, аммо динларни инкор этувчи инсонлар эргашган фалсафий оқим, таълимотдир. Деистларнинг ҳам ҳар хили бор. Баъзилари азалий, охири йўқ, ақлли мавжудот сифатида оламни яратган, унда тартиб ўрнатган ва унинг бошқарувини зиммасига олган, бироқ дунё билан алоқаси бўлмаган бир Худога, айримлари эса дунёдаги воқеаларга мутлақо бефарқ Худога ишонади. Баъзилари динларнинг барини инкор қилса, айримлари “ақл синовларидан ўтган динлар”ни маъқуллайди. 

Аслида деизм насронийликка қарши норозилик ҳаракати сифатида илк бор XVII асрда Британияда пайдо бўлган теологик-фалсафий оқимдир. Деизм хусусда католик мазҳабига, умумда эса турли динларга раддия сифатида пайдо бўлган норозилик оқими эканлигини унутмаслик зарур.

Юртимизда ўзини диндор деб атайдиган айрим кишиларнинг ҳафсалаларни пир қилиши ва уларнинг ёмон намуна бўлиши, динни тушунтирувчи баъзи кишилар ўртасида келиб чиқадиган баҳслар ҳамда бошқа сабаблар оқибатида сонлари оз бўлса-да, баъзи инсонлар деизмга эргашмоқда.

Ундай бўлса, нима қилиши керак? 

“Билим қудратдир, билим кучдир”, – деган эди Фрэнсис Бэкон. Форобий эса шундай фикр билдиради: “Аввало тўғрини билиш зарур. Тўғри билинса, янглиш ҳам билинади. Бироқ аввал янглиш билинса, тўғрига етиб бориб бўлмайди”. 

Кўпгина тадқиқотчилар деизм, атеизм ва ҳоказо оқимларнинг қутқусига учган инсонлар кенг қамровли ўқиб-ўрганмаган, фақат бир томонлама изланган, аввал тўғриларни ўрганмаган ва чуқур фикр юритмаган деган фикрда. У ҳолда инсон ўқиши, изланиши, фикр юртиши, тафаккур қилиши зарур. Ҳаммасидан аввал тўғриларни ўрганиши керак...

Қўлингиздаги китоб ана шу эҳтиёжнинг маҳсули сифатида ёзилди. Аллоҳнинг борлиги ҳақидаги турли очиқ-равшан маълумот, ҳужжат ва далиллар, маҳаллий ва хорижлик олимларнинг фикрлари келтирилган “Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм. Эътиқодсизликдан эътиқод сари” номли ушбу китоб атеизмдан ташқари деизм ҳам янги бир муаммо сифатида тарқалган ва жамиятда салбий таъсирлар келтириб чиқарган даврда чоп этилди.    

Китоб узоқ йиллик саъй-ҳаракат ва изланишлар натижасида ҳар даврда ҳам вақти-вақти билан, бироқ замонамизда янада кўпроқ тушкунликка тушадиган, тараддудланадиган, Худо ҳақидаги янглиш тасаввурлар натижасида зеҳний ва руҳий душворликларга учрайдиган инсонлар учун маънавий рецепт бўлсин деган ниятда тайёрланди.

Умид қиламанки, китоб ўқувчиларнинг ишончини оқлайди. Уларнинг саволлари ва муаммоларига қаноатлантирувчи жавоблар беради, ҳаётнинг мазмуни тўғрисида саволлар бериб, ўзи учун янги йўл харитаси чизишга уринаётган, изланиш билан машғул ҳаммага, ёшларимизга, жамиятдаги ахборий ифлосланиш натижасида фикрлари остин-устун бўлиб кетган ҳар кимга фойдали бўлади. 

Энг самимий истагим шу. 

Амин Ариқ,

Сефериҳисар, 2019 йилнинг майи

(давоми бор)

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Илм-фан ривожига ҳисса қўшганлар атеист бўлганми?

415 15:05 14.04.2022

Атеистларни Исломга қандай даъват қилишимиз керак?

1325 18:00 15.07.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (12-қисм)

1821 21:00 27.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (11-қисм)

1806 21:00 20.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (10-қисм)

1648 21:30 17.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (9-қисм)

1558 21:35 10.02.2021
« Орқага