Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (13-қисм)

775

“...Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар. Албатта, Аллоҳ азиз ва ўта мағфиратли зотдир”.

(“Фотир” сураси, 28-оят)

“Ғаззолий Аллоҳнинг якуний ва мутлақ моҳияти ҳақида сўз юритар экан, Уни фақатгина инсон билан муносабати ва унга ўзини танитиши (ваҳий юбориши) доирасида билиш мумкинлигини айтган эди”.

 (Фазлур Раҳмон)

Учинчи боб

ИСЛОМ КАЛОМЧИЛАРИ ВА МАЗҲАБ ИМОМЛАРИНИНГ ДАЛИЛЛАРИ

Калом илмининг тадрижий тарихи

Каломнинг таърифи

Ислом маданиятида каломга умумий маънода ақлий ва нақлий далилларга мурожаат қилган ҳолда асосий диний қоидаларни изоҳлаб берувчи, тизимлаштирувчи ва ҳимояловчи илм сифатида қаралган.

Калом – ислом динининг ақида қоидаларини далилларга таянган ҳолда илгари сурувчи илмдир.

Адудиддин ал-Ижий (1335 йилда вафот этган) калом илмини далилларни илгари суриш ва шубҳани бартараф этиш орқали ақидани исботлаш дея талқин этган.

Ғаззолийга кўра (1111 йилда вафот этган), калом илмининг ғояси аҳли суннатнинг ақидасини аҳли бидъатнинг зарарларидан асрашдир.

Калом аксар самъий-нақлий далиллар томонидан қўллаб-қувватланган қатъий далилларга таянади. Шунинг учун ҳам қалбга энг кўп таъсир кўрсатувчи ва кириб борувчи илм ҳисобланади.

Калом – илмларнинг онаси, энг шарафлисидир. Зеро, шаръий қоидаларнинг асоси ва диний илмларнинг аввали удир. Уни ўқимай-ўрганмай туриб бошқа илмларни тушуниш мумкин эмас. Ислом ақидаси ва имон асосларидан сўз юритувчи калом Аллоҳнинг борлиги, бирлиги, сифатлари, борлигининг исботи ва ақоид мавзусида танқид ва ҳужумларга жавоб қайтарувчи илмдир.

 Каломнинг пайдо бўлиши

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва хулафои рошидин даврларида ислом жамияти фикрий тортишувлардан узоқ бўлиб, соф ақида ва мустаҳкам асосга эга эди. Хорижий тиллар ва маданиятларнинг бузғунчи  ва безовта қиладиган таъсирлари ва ҳужумлари кўринмас, зеҳнларда пайдо бўлган саволлар учун шахсан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва машҳур саҳобаларга мурожат қилиб, жавоб олиш мумкин эди.

Шу сабабли тўрт халифа даврини ҳам ўзи ичига олган йилларда исломнинг имон асосларидан сўз юритувчи ақоид илми (ва бошқа илмлар) тадвин қилинмаган эди. Асри саодатдан ҳозирги ҳозирги кунгача бўлган давр ичида калом, тавҳид илми, ислом фалсафаси пайдо бўлди ва ривожланди.

Ҳазрат Усмоннинг шаҳид қилиниши (35/656), халифалик ҳақидаги баҳслар, янги фатҳ этилган ўлкалардаги инсонларнинг эътиқодлари ва маданиятлари тўғрисидаги тортишувларнинг кун тартибига олиб чиқилиши, ички урушлар ҳамда бу урушларда ўлганлар ва ўлдирилганларнинг оқибатлари (диндаги ўринлари) қандай бўлиши ҳақидаги гап-сўзлар, қадария ва хорижия сингари фирқалар ҳамда мазҳабий оқимларнинг пайдо бўлиши, ақоид бўйича мазҳабларнинг келиб чиқишига замин тайёрланиши муҳим омиллар бўлди.

Тарихчиларнинг эътирофича, тобеинлардан Ҳасан Басрийнинг (110/728 йилда вафот этган) мажлисида юз берган бир ҳодиса мўътазиланинг пайдо бўлишига ва шу тариқа калом илмининг келиб чиқишига турки берган. Ҳодиса шундай: Ҳасан Басрийнинг мажлисига келган бир киши катта гуноҳ қилган мўминнинг ҳолатини сўрайди. Талабалардан Восил ибн Ато (131/743 йилда вафот этган) устозининг жавоб беришини кутиб ўтирмай, катта гуноҳга қўл урган одам на мўмин, на кофир эканлигини, иккисининг ўртасидаги мартабада (ал-манзилату байнал манзилатайн), яъни фосиқ бўлишини айтиб, мажлисни тарк этади. Шундан сўнг Восил ибн Ата ва унга эргашганларга мўътазила (четга чиққанлар) деб ном берилди. Мўътазила мазҳабининг ақоид масалаларини изоҳлаш тарзи калом услуби деб аталди. Шу тариқа калом илми ҳижрий иккинчи асрнинг бошларида келиб чиқди. Калом илмига асос солганлар ва уни ривожлантирганлар сифатида аввало Имоми Аъзам, Ашъарий, Мотуридий ва Ғаззолий тилга олиниши зарур.

Калом илми шу тахлит пайдо бўлди.

Ислом фалсафасининг келиб чиқиши ана шу тарихий жараённинг маҳсули ва натижасидир. Китобда аввало калом илмига асос солган имомларнинг далиллари, кейин эса мусулмон файласуфларнинг далиллари кўриб чиқилади. Бироқ бундан олдин аҳли суннат эътиқодига қисқача тўхталиб ўтсак.        

Аҳли суннат эътиқод

“Аҳли суннат” диний адабиётда “Диннинг тамал масалаларида Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалар амал қилган йўлга эргашганлар” деган маънони билдиради. Бу – Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобаларнинг йўлидан борувчилар, уларни ўрнак деб билувчилар, Қуръон ва суннатни ўзларига дастуриламал қилганларга берилган номдир.

Аҳли суннат III (IX) асрда эътиқодий мазҳаб сифатида пайдо бўлгани, бошқача айтганда, аҳли бидъатнинг зуҳурларидан кейин муҳофазакор аксариятнинг шу ном билан атала бошлагани эътироф этилган. Алҳи суннат Қуръон ва суннатга риоя этилиши кераклигини қабул қилиб, ақлни нақлга тобе қилиш билан бошқа мазҳабларга қараганда мувофиқ йўлни танлаган асосий мазҳабдир. Зеро, динда асосий тамойил ваҳийга риоя қилишдир. Мутлақ ва мукаммал маълумот манбаи бўлмаган ақл нақлга ҳоким бўлса ёки нақл ақлга тобе этилса, баъзи мутафаккирлар айтганидек, ваҳийга ҳожат бўлмайди ва бу ҳолатда илоҳий амрларнинг маъниси қолмайди. Ҳозирги кунда дунёдаги мусулмонларнинг тўқсон фоизидан зиёди аҳли суннат ҳисобланади.

Аҳли суннат Аллоҳнинг зоти, сифатлари, дунёнинг яратилиши, қадар, пайғамбарлик, мўъжиза ва каромат, шафоат, қайта тирилиш ва охират сингари ислом ақоидининг тамал масалаларида ҳамфикр бўлиш билан бирга мазкур масалаларнинг тафсилотлари, изоҳ ва талқинлари борасида турли қарашларга эга ҳамдир.

Калом илмининг пайдо бўлиши ва аҳли суннат эътиқодининг моҳияти ҳақидаги қисқа тушунтиришлардан кейин бу соҳанинг етакчилари бўлмиш Имом Ашъарий, Мотуридий, Абу Ҳанифа ва Ғаззолийнинг ҳаётлари ва улар таянган далилларга ўтсак.     

Амин Ариқ

(давоми бор)  

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (14-қисм)

734 22:00 07.03.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (12-қисм)

827 21:00 27.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (11-қисм)

692 21:00 20.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (10-қисм)

723 21:30 17.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (9-қисм)

640 21:35 10.02.2021
« Орқага