Абул Ҳасан ал-Ашъарийнинг ҳаёти ва асосий қарашлари (260-324)
Абул Ҳасан Ашъарий – ашъарийлик эътиқодий мазҳабининг асосчиси, аҳли суннатнинг эътиқоддаги икки имомидан бири. Яманлик машҳур саҳоба Абу Мусо ал-Ашъарийнинг сулоласидан. Отаси болалигида вафот этди, Закариё ибн Яҳё ас-Сожийдан сабоқ олди. Онаси мўътазила уламоси Абу Али ал-Жубоъийга турмушга чиққач, унинг ҳимоясида вояга етди ва ундан калом дарсларини олди.
Имом Ашаъарий Басрада таваллуд топди. Қирқ ёшигача мўътазила эътиқодига эргашган, бу борада асарлар ёзган бўлишига қарамай, тахминан 300 (912-913) йилда, жума кунларидан бирида Басра жомесида “уч ака-ука”деб нмоланган масалада устози ал-Жубоъийдан устун келиб, унинг қарашларидан қониқмагани сабабли мўътазила эътиқодидан воз кечган. Бу ҳақда шундай деган эди: “Мен Али ибн Исмоил ал-Ашъарий. Яқин вақтгача мўътазила таълимотини ўргатдим ва тарқатдим. Қуръони каримнинг махлуқ (яратилган) эканлигига ишондим. Охиратда Аллоҳни кўришим мумкинлигини инкор қилдим. Аллоҳга субутий сифатларни нисбат бериб бўлмаслигини ҳимоя қилдим. Энди барчангиз гувоҳ бўлингки, мен бу йўлдан чиқяпман, бу таълимотни мутлақо тарк этяпман”.
Шундан сўнг мўътазила услубидан фойдаланган ҳолда ақлий далиллар билан аҳли суннатдан бошқа мазҳабий оқимларга қарши қаттиқ кураш олиб борди. Қарашлари қисқа вақт ичида ислом ўлкаларига, хусусан, Ироқ, Миср ва Мағриб бўйлаб тарқалди.
Фиқҳда шофиъий, моликий ва ҳанбалий мазҳабига мансуб бўлганларнинг аксари эътиқодда ашъарий мазҳабига мансубдир. Аҳли суннат ақидасини мустаҳкамлаш ва ёйишга қўшган ҳиссаси туфайни унга “носуриддин” (диннинг ёрдамчиси) лақаби берилган.
Асарлари. Абул Ҳасан ал-Ашъарий калом, жадал, тафсир, усули фиқҳ илмлари ҳақида, мажусийлар, яҳудийлар, насронийлар ва турли фалсафий қарашларнинг танқиди бўйича юздан ортиқ асар ёзгани ривоят қилинади. Баъзилар унинг асарлари сони уч юз эканлигини айтишади. “Мақолотул исломиййин”, “Ал-Ибона”, “Ал-Ламаъ” энг машҳур асарлари ҳисобланади.
Ақлий далил. “Ал-Ламаъ” асарида бу далил шундай тушунтирилган: Аллоҳнинг борлигини фақатгина ақл юритиш воситасида тушуниб етиш мумкин. Унинг борлиги ҳақидаги маълумотлар инсонда туғилишдан мавжуд бўладиган турдаги маълумотлар эмас. Акс ҳолда Унинг борлиги ҳақида шубҳалар илгари сурилмаган ва пировард натижада ҳамма мажбурий равишда Аллоҳга имон келтирган бўларди. Аллоҳнинг мавжудлигини идрок этиш учун инсон ўзининг қайси унсурлардан яратилгани, бир томчи сувдан қандай қилиб мукаммал мавжудотга айлангани ҳақида фикр юритиши кифоя. Зеро, унинг дунёга келиши ва турли босқичлардан ўтган ҳолда дунёни тарк этиши ўзининг иродаси ва кучига кўра бўлмайди. Шу ҳолатда инсонни яратган, яшатиб қўйган ва унинг дунёдаги ҳаётини якунлаган ирода ва қудратна эга бир зот бўлиши зарур, у Аллоҳдир.
Ашъарий олимларининг аксари Аллоҳнинг борлигини ақл юритиш орқали тушуниб етиш мумкинлигини ва ҳар бир инсон шундай йўл тутиши лозимлигини айтишган. Ғаззолий ва Даввоний (1426-1502) эса асарларнинг бир қисмида ақлий истидлол билан бир қаторда кашф услубига ҳам аҳамият қаратишган.
Инсоннинг пайдо бўлиш далили. Абул Ҳасан ал-Ашъарийнинг бир томчи сув (маний) бўлгани ҳолда турли босқичлардан ўтиб, мукаммал мавжудот ҳолатига келган инсоннинг бу жараённи ўз билими ва иродаси билан амалга ошира олмаслигига эътибор қаратиб, Аллоҳнинг борлигини исботлашга ҳарақат қилиши оддий ва тушунарли бир далилдир.
“Ал-Ламаъ” асарида шундай баён этилган: “Энг мукаммал яратилишга эга инсонни олайлик... Она қорнида аввал бир томчи маний экан, кейин қон лахтасига, шундан сўнг эт, қон суякдан иборат инсонга айланди. Энди ўйлаб қўрайлик. Унинг бу босқичларни ўз-ўзидан босиб ўтиши мумкинми? Мумкин эмас. Чунки кўриб турибмизки, ҳатто моддий ва маънавий қобилиятларининг камолот палласида ҳам ўзи учун на кўз, на қулоқ, на бирор аъзо ярата олади. Камолот палласида буни амалга оширишдан ожиз бўлган инсон гўдакликдек энг кучсиз ва ожиз даврида қандай уддалаши мумкин?.. Янги туғилган инсоннинг чақалоқлик, ёшлик, балоғат ва кексалик чоғларига гувоҳ бўламиз. Уни ёшлик палласидан кексалик даврига ўтказган ўзи эмаслигини биламиз. Чунки инсон қанчалик ҳаракат қилса-да, ўзини кексаликдан қутқариб, ёшлик даврига қайтара олмаслиги маълум. Келтирилган изоҳотдан шундай хулоса келиб чиқади: инсонни ҳолатдан ҳолатга ўтказувчи, уни бошқарувчи бир зот бор, у Аллоҳдир”.
Манийнинг ўз-ўзидан қон лахтаси, эт парчаси ва ниҳоят этдан, суякдан ва қондан иборат инсонга айланиши бу ишлари амалга оширувчи Яратувчининг мавжудиятини зарурий равишда тақозо этади.
Бу ҳақиқатни изоҳлаш учун бошқа мисол келтирайлик: қайта ишланмаган пахта ўз-ўзидан ип, кейин эса тўқилган мато ҳолига келиши мумкинми? Пахтанинг бирор уста ёки тўқувчининг қўли тегмаган ҳолда, ўз-ўзидан ип ёки матога айланишини кутган одам ақлга зид ҳаракат қилган бўлмайдими?..
Амин Ариқ
(давоми бор)
Таржимон: Аброр Адҳам ўғли