Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (16-қисм)

868

Ғаззолийнинг ҳаёти ва асосий қарашлари (1058-1111)

Ислом оламининг энг машҳур олим, мутафаккир ва мутасаввифларидан Имом Ғаззолий салжуқийлар даврида, Хуросоннинг Тус шаҳрида дунёга келдилар. Ғаззолий – таъсири ҳам Ғарб, ҳам Шарққа ёйилган буюк олим, каломчи, сўфий ва ахлоқ-одоб ўргатувчидир. Шунинг учун у зотга “ҳужжатул ислом” – “исломнинг далили” номи берилди.

Дастлабки диний таълимни Тус шаҳридаги олимлардан олганларидан кейин таҳсилни Журжонда давом эттирдилар. Беш йиллик таҳсилдан кейин бир карвонга қўшилиб Тусга қайтаётганларида қароқчиларнинг ҳужумига учраб, бор будларидан, ҳатто дарс қайдларидан ҳам айрилдилар. Қароқчиларнинг ортидан бориб, бошлиғидан дарс қайдларини қайтариб беришини истадилар ва улар учун Журжондан бир неча йиллар яшаганликлари тушунтирдилар. Қароқчиларнинг бошлиғи билимни ёд олиш ўрнига қоғозларга ёздингми деган мазмунда у зотни калака қилди. Шу воқеа сабаб Ғаззолий уч йил ичида бутун дарс қайдларини ёд олдилар.

Ғаззолий “Низомия” мадрасасида ўша даврнинг энг машҳур уламоларидан Имом Ҳарамайн ал-Жувайнийга шогирд тушдилар. Фавқулодда заковат ва хотирага эга Ғаззолий анъанавий фанлардан ташқари мантиқ, ҳикмат, фалсафа, адабиёт ва бошқа билимларни ҳам ўргандилар. Ўша пайтда Ғаззолий йигирма саккиз ёшда бўлиб, салжуқийлар вазири Низомулмулкнинг ҳурматига эришган эдилар. Ғаззолийнинг обрўйси ошиб борди ва у зот “Низомия” мадрасасига мударрис этиб тайинландилар. Ўшанда Ғаззолий ўттиз беш ёшда эдилар, дарсаларига ва ваъзларида минглаб одам келарди.

Манбаларда келтирилишича, Ғаззолий “Низомия”да тўрт йил ишлаш асносида энг самарали таълиф асарларини ёздилар. Айни пайтда тасаввуф билан боғлиқ изланишларни ҳам давом эттирдилар. Тасаввуфнинг энг махфий ва энг чуқур нуқталарига етиб бориш назарий изланиш билан эмас, балки шавқ ва ҳол сифатлари ҳамда одатларни ўзгартириш билан бўлиши мумкинлигига ишонч ҳосил қилиб, узлатга чекинишга қарор қилдилар... 1095 йилда мадрасадаги вазифани тарк этиб, узлатга чекиндилар ва ўн йил давомида асарлар ёзиш билан машғул бўлдилар. Асосий асарлари ҳисобланмиш “Иҳёу улумиддин” шу даврда битилди.

Ғаззолий 1106 йилда Нишопурга қайтдилар ва “Низомия” мадрасасида яна дарс бера бошладилар. Алломани қайтишга кўндирган киши салжуқийлар ҳукмдори Санжарнинг вазири ва Низомулмулкнинг (1018-1092) ўғли Фахрулмулк (1106 йилда вафот этган) эканлиги айтилади.

Ғаззолий умрларининг сўнгги дамларини дарс бериш, кўнгил аҳлининг суҳбатларида қатнашиш ва асарлар ёзиш билан ўтказдилар. 1111 йилнинг 18 декабрида Тус шаҳрида вафот этдилар. У зот машҳур шоир Фирдавсийнинг қабри яқинига дафн этилди.

Улуғ олим узлат пайтларида ёзган асарлари орасида “Таҳофутул фалосифа”, “Ал-иқтисод фил-эътиқод” ва “Иҳёу улумиддин” бор.

Ғарбга таъсири

Имом Ғаззолий нафақат ислом дунёси, балки Ғарбда ҳам шуҳрат қозондилар. Ғарблик файласуфлар ва шарқшунослар у зотни буюк файласуф сифатида эътироф этади. Ғаззолийнинг скептицизм ва имон ҳақидаги қарашлари ва далиллари Ғарбда катта қизиқиш уйғотди. “Иҳёу улумиддин” асари Ғаззолийнинг вафотидан ўн олти йил ўтиб лотин тилига, кейин эса бир қатор Ғарб тилларига таржима қилинди ва қилинмоқда.

Исмоил Ҳаққи Измирли Имом Ғаззолийнинг Ғарбга кўрсатган таъсири ҳақида қуйидагиларни келтирган эди:

а) “Шубҳа Ҳаққа олиб боради” ғоя билан Ибн Ҳайсам (965-1040) сингари Декартнинг салафи бўлдилар.

b) Фалсафани тадқиқ этиб, ақлнинг барча доктрина ва муаммоларни қамраб олиш масаласида мустақил эмаслигини илгари сурганлар. Бу фикр Кантда ҳам бор.

c) Имон билан илмни айириш билан Ҳамилтонгнинг салафи бўлдилар.

d) Ақл ва табиатга ишонмай, ваҳийга ишониш билан Паскалнинг салафи бўлдилар.

Қуръон далиллари

Имом Ғаззолийга кўра, Аллоҳнинг борлигини билиш учун биринчи бўлиб истеъфода қилинадиган нур ва эргашиладиган йўл Қуръони карим кўрсатган далиллардир. Буюк ва муназзаҳ Аллоҳнинг каломидан ўтадиган калом йўқдир.

Шундан сўнг Ғаззолий ер, осмон, инсоннинг яратилиши ва инсонга берилган чексиз неъматлардан сўз юритилган баъзи оятларни келтирганлар. Инсоннинг салим яратилиши ва бунга мос равишда Қуръонда зикр этилган далиллар аслида бошқа далилларга ҳожат қолдирмаслигини таъкидлаб, калом олимларининг анъанасини бузмаслик учун қисқача ҳудус далилини такрорлаб ўтганлар.

Ғаззолийга кўра далиллар иккига ажралади:

а) Аҳли назардан бўлмаган киши бир қарашда тушуна оладиган далиллар. 

b) Авом киши тушуна олмайдиган, тафаккур ва тадқиқ этилиши керак бўлган далиллар.

Қуръонда келтирилган далиллар ҳар инсон фойдаланиши мумкин бўлган озиқ кабидир. Каломчиларнинг далиллари эса баъзи инсонлар фойдаланиши мумкин бўлган, кўпчилик зарар кўрадиган дорига ўхшайди. Бошқача айтганда, Қуръонда келтирилган далиллар эмизикли бола ҳам, вояга етган киши ҳам фойдаланадиган сув мисолидир. Ҳолбуки, бошқа далиллар фақатгина камолотга етган кишиларни тўйдирадиган, гоҳида касал қиладиган таомларга ўхшайди. Шундай экан, аҳли назардан бўлмаган, авом (чуқур маълумотга эга бўлмаган) киши далилга эҳтиёж сезиши билан Қуръондаги далилларга мурожаат қилиши, мунозарага, чуқур тафаккур ва тадқиққа киришиб ўтирмай, ана шу далилларнинг зоҳирига қараш билан кифояланиши зарур.

Эстетик далил

Инсоннинг ўзининг мавжудлиги ва ташқи дунёдаги ҳайратга солувни нарсаларга ибрат кўзи билан қараб Аллоҳни танишидир. Ким нафис қилиб ўралган ипак матони кўриб, унинг ҳар қандай қудратдан маҳрум ўлик киши томонидан тўқилганини айтса, ўзининг жоҳил ва аҳмоқ эканлигини айтган ҳамда буни қабул қилган бўлади. Девордаги чиройли ёзувни ёки нақшни кўриб, уни ёзганни мақтаган инсон қандай қилиб ўзидаги ва бошқа мавжудотлардаги ҳайратга солувчи асарларни кўриб, уларнинг Яратувчиси ҳақида фикр юритмайди?..

Ғаззолийнинг мазкур далили ғоят содда ва ҳар вақт кучини йўқотмайдиган далилдир.     

 

Амин Ариқ

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (26-қисм)

1286 21:55 05.06.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (25-қисм)

1569 21:05 23.05.2021

Тасаввуфнинг тарихий тадрижи

1507 22:00 09.05.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (22-қисм)

0 22:00 24.04.2021

Сўнгги давр мутафаккирларининг далиллари

918 20:00 18.04.2021

Ибн Рушднинг ҳаёти ва асосий қарашлари (1126-1198)

1174 22:05 10.04.2021
« Орқага