Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (2-қисм)

2312

“Албатта, осмонлару ернинг яратилишида, кечаю кундузнинг алмашиб туришида, одамларга манфаатли нарсалари ила денгизда юриб турган кемада, Аллоҳнинг осмондан сув тушириб, у билан ўлган ерни тирилтириши ва унда турли жондорларни таратишида, шамолларни йўналтиришида, осмону ер орасидаги итоатгўй булутда ақл юритувчи қавмлар учун белгилар бор”.

(“Бақара” сураси, 164-оят)

“Агар чиндан ҳам Худо бўлмаганида, ичимда Худо ҳақидаги фикрга эга бўлишим имконсиз бўлур эди”.

Декарт

Биринчи боб

АЛЛОҲНИНГ БОРЛИГИ ВА ДАЛИЛЛАР

Аллоҳнинг борлигини исботлашга қаратилган тадқиқотлар

Аллоҳнинг борлигига далиллар, ҳужжатлар ва ишоралар ўтмишдан ҳозирги кунгача бўлган жамиятлар, фалсафа ва илоҳиёт билан шуғулланувчилар жиддий эътибор қаратган, бу борада баҳслар юритган муҳим мавзу ҳисобланади. Ҳақиқат шуки, қадимдан тортиб ҳозирги кунда ҳам Аллоҳга имон келтирганлар баробарида сонлари оз бўлса-да, Уни инкор этувчиларнинг мавжудлиги кўпгина файласуфлар, олимлар ва мутафаккирларни мазкур масалада тадқиқотлар олиб боришга, Аллоҳнинг борлиги тўғрисида далиллар топишга ундаган. Бу саъй-ҳаракат ва изланишларнинг мақсади Аллоҳнинг борлигини ва бирлигини исботлаш орқали ишонмайдиган инкорчиларни ҳам фикран қаноатлантириш, уларнинг муаммоларига ечим топиш ҳамда уларни ҳам эътиқодлилар сафига тортишдир.

Аллоҳнинг борлигини “исботлаш” ёки камида шундай фикрий саъй-ҳаракатга берилиш ҳар доим фалсафа ва илоҳиётнинг марказий масаласи бўлиб келган. Фалфаса ўтмишида из қолдирган бирор жиддий файласуф йўқки, бу тарихий ва мураккаб масала борасида фикр билдирмаган бўлсин. Зеро, “Мен кимман?”, “Бу олам-коинот нима учун мавжуд?”, “Коинотнинг яратувчиси ким?”,”Мен нима учун яралдим?”, “Мен ва бошқалар мавжудлигининг сабаби нима?” “Менинг ва бошқалар мавжудлигининг мақсади нима?”, “Ҳаётдаги мақсадларим нималар бўлиши керак?”, “Фазо, вақт, модда, қувват ва онг ортидаги куч нима?”, “Олам тасодифан пайдо бўлдими ёки уни Худо яратдими?”, “Оламнинг тузилиши ва ҳаракати қандай қилиб бунчалар нозик мувозанатда?”, “Мен ичимда ҳис қиладиган яхши ва ёмон овозлар, ҳислар, парокандаликларнинг маъноси ва сабаби нима?”, “Ўлим нима, ўлим нима учун бор?”, “Қандай яшашим, яшашдан мақсадим нима бўлиши керак?” сингари саволлар инсоният тарихи давомида сўралган ва уларга жавоблар қидирилган. 

Ғаззолий ва Декарт каби машҳур мутафаккирлар эътиқод фитрий эканлигини, айнимаган инсон табиати туғилишданоқ ишонишга мойил бўлишини очиқ-ойдин айтишган, Аллоҳнинг борлиги ҳақида бир қатор далиллар келтиришган, бу масалада исбот усулларини ишлаб чиқишган. 

Хўш, таниқли мутафаккирлар тарихнинг ҳар даврида нега бундай изланишларни олиб боришган, нима учун бунчалик овора бўлишган? Фикрловчи инсонлар миялари қизиб кетгунча нега бош қотиришган?..

Аввало таъкидлаш лозимки, Аллоҳнинг борлигини исботлашга қаратилган изланишлар, саъй-ҳаракатлар ва ўртага ташланган далилларнинг ортида ҳурматга лойиқ инсон меҳнати бор. Бу изланишлар ва саъй-ҳаракатлар инсон зеҳнининг тафаккур майдонида аҳамиятли савияга етгани сабабли энг яхши ишоралар ҳисобланади. Уларнинг бари инсон бошқа инсонга ёрдам қўлини узатгани ва бошқалар учун хайр истаганини билдирувчи, меҳр-марҳаматга тўла изланишлардир.  

Унутмаслик керакки, Аллоҳнинг борлиги ҳақида далилларни илгари сурган киши бугунга қадар йўқ бўлган нарсани кашф қилишга уринган ҳисобланмайди. Бу масалада классик далилларни ўртага ташлаганлар, бу далилларни мустаҳкамлашга уринганлар ёхуд янгидан-янги илмий далилларни эълон қилганлар мавжуд эътиқодларнинг рационал/ақлга таянган эканлигини кўрсатишга уринган кишилардир. 

Олимлар ва мутафаккирларнинг баъзи янги далилларни топиш истаги эски далиллар етарли даражада қаноатлантирмаётгани ҳақидаги фикр билан боғлиқ. Яъни янги изланишлар янада кучлироқ далилларни ўртага ташлаш учун ҳаракат демакдир. Ўша эски далиллар, шубҳасиз, бу масалада бош қотирганларни етарли даражада қаноатлантирган эди. 

Аммо инсон янада яхшироққа, янада мукаммалроққа, янада таъсирлироққа эришишни истайди. Ана шу истак янада рационал, янада тушунарли, янада кўпроқ қаноатлантирадиган далилларни қўлга киритишга ундаган. 

Мазкур китобда ҳам аввалги-классик, ҳам янги далиллар билан биргаликда танишамиз. Сизлар билан бирга ўтмиш боғига узоқ ва ниҳоятда завқли, ажойиб сайрга чиқамиз. 

Афлотун, Суқрот, Ибн Сино, Форобий, Ибн Рушд, Ғаззолий, Анри Бергсон, Декарт, Макс Планк, Этьенн Гилсон, Алексис Каррел, Эйнштейн ва Стивен Хокингларга қулоқ тутамиз. 

“Тангри асарлари орқали маълум бўлади”, деган Исаак Ньютон билан, “Агар Тангри ҳақида фикр юритилаётган бўлса, У бор бўлиши керак”, деган Николя Мальбранш билан танишамиз. 

Ғарблик замондош олимлар ва ислом билимдонларининг коинот, инсон ва Аллоҳ ҳақида билдирган турфа фикрларига гувоҳ бўламиз. 

Инсониятнинг кун тартибидан ҳеч тушмаган ва бундан кейин ҳам тушмайдиган оламшумул мавзуни биргаликда кўздан кечириб, бирга мутолаа қиламиз.

Қисқаси, ғарблигу шарқлик, мусулмонму насроний бўлсин, Аллоҳга имон келтирган, Унинг борлиги ҳақида бош қотирган зиёлилар, олимлар, файласуфлар ва мутафаккирларнинг дунёқарашни кенгайтирувчи нуқтаи назарларига яна бир бор тўхталиб ўтамиз. 

Аллоҳнинг борлиги, бирлиги, борлигига ҳужжатлар, ишоралар... Ақлий, илмий, космологик далиллар... Хуллас калом, Аллоҳнинг борлигига ҳужжатлар ва далиллар билан тўлиб-тошган ажойиб саёҳатга чиқмоқдамиз.

Дин, фалсафа ва далиллар

Диннинг нима эканлиги, унинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақидаги баҳслар қадим замонлардан бери давом этиб келади. Дин тарих давомида одамзод билан бирга мавжуд бўлгани, бошқача айтганда, инсон бор бўлган ҳар бир макон ва замонда дин ҳам бор бўлгани бир ҳақиқатдир. Шундай экан, дин инсоннинг ҳар қандай эътиқоди, фикрлари ва хатти-ҳаракатларининг ифодаси, инсоннинг ҳаёт тарзи ёки ҳаёти давомида йўл кўрсатадиган йўлбошчиси дейиш мумкин. 

Дин индивидуал ва ижтимоий жиҳати бўлган, фикр ва татбиқот нуқтаи назардан тизимлаштирилган, инсонларга муайян ҳаёт тарзи тақдим этувчи, уларни маълум бир дунёқараш атрофида бирлаштирувчи илоҳий муассасадир. 

Саид Шариф ал-Журжонийга (1339-1414) кўра, дин – унга эргашувчиларни пайғамбар етказган ҳақиқатларни қабул қилишга чақирувчи илоҳий қонундир. Муҳаммад Абдуллоҳ (1849-1905) эса инсоннинг коинотдаги махлуқотлар ҳақида мушоҳада юритиб, илоҳий ҳақиқатларни идрок этишини дин деб атаган. Ана шу илоҳий ҳақиқатлардан бири пайғамбарлик ҳисобланади. Инсон пайғамбарлар орқали юборилган ваҳийлар ёрдамида илоҳий ҳақиқатнинг моҳиятини тушуниб етади ва бу дунёдаги амалларининг жавобини бошқа бир дунёда олишига ишонади. 

Замонавий мусулмон мутафаккирларидан Саид Ҳусайн Насрга (1933) кўра, дин инсонни ҳақиқатга боғлайдиган нарсадир. 

Фаласафага келадиган бўлсак...

Фалфасанинг моҳияти сўроқлаш ва фикр эритишдир. Диннинг моҳияти эса, Ғаззолийнинг таъбири билан айтганда, маънавий ҳузурга эришиш, эътиқод қилиш, қабул қилишдир. Фалсафа билан шуғулланганда бирор фикрга эга бўламиз, динга амал қилганда эса тушунамиз, ҳис этамиз, ибодат қиламиз. Аммо дуо ва ибодатнинг тафаккур жиҳати бўлганидек, тафаккурнинг ҳам диний жиҳати бўлиши мумкин. Масалан, Қуръон ташвиқ қилган тааммул (атрофлича фикр юритиш) ва тафаккур ҳам ибодатнинг бир туридир. Шу сабабли Ибн Рушд каби мутафаккирлар ҳикмат билан фалсафа юритишни диний жиҳатдан зарурий деб ҳисоблашган. Ибн Рушднинг “Фаслул мақол” асари ана шу нуқтаи назарни исботлаш учун битилган. Ибн Рушднинг бу қарашида маълум даражада ҳақиқат бор, бироқ айни пайтда дин ва фалсафа алоҳида-алоҳида соҳалар эканлигини таъкидлаб ўтиш фойдалан холи эмас. Қуръон ҳикматларга бой китоби, аммо фалсафа китоби эмас. 

Арасту фалсафага “тартиб-интизомли коинот қаршисида инсоннинг ҳурмат ича ҳайронлигидир”, олмониялик фалсафа тарихчиси Альфред Вебер эса “табиат ҳақида ялпи қарашнинг тадқиқ этилиши, тўлиқ изоҳлашга бўлган уринишдир”, дея таъриф берган. 

Фалсафа оламни, инсон ва қадриятларни тушуниш мақсадида кенг қамровли тадқиқот олиб бориш, умумлаштирувчи ва яхлитловчи изоҳ бериш йўлидаги саъй-ҳаракатдир. 

Фалсафа юритадиган инсон масаласи бор инсон демакдир. Ҳодисаларга нисбатан ўз қарашларини баён этадиган, фикр юритадиган, ўз ҳаракатлари билан ҳақиқатлар сари йўналган инсон демакдир. 

Дин фалсафаси билан шуғулланиш диннинг тамал иддаолари борасида рационал, холисона, кенг қармовли, изчил фикр юритиш ва сўзлаш демакдир. 

Динга рационал нуқтаи назардан қараш деганда, одатда ақлий кучимизнинг имконларидан фойдаланган ҳолда диннинг асосий қоидаларини имкон қадар асослаш деб тушуниб келинган. Масалан, Аллоҳнинг борлиги, руҳнинг ўлмаслиги, ваҳийнинг имкони сингари фундаментал диний қоидаларни ақлий далиллар ёрдамида асослашни исташган. Форобий, Ибн Сино, Ибн Рушд сингари мусулмон файласуфлар ва бошқа мутафаккирлар дин ва фалсафани айни ҳақиқатнинг икки бутоғи сифатида кўришган. Ушбу нуқтаи назар ҳамда дин фалсафасининг тизимли калом билан яқин алоқаси борлиги очиқ-равшандир, Аллоҳнинг борлигига ҳужжатлар эса дин фалсафасининг муҳим мавзуси ҳисобланади. 

Шу билан бирга дин ва далиллар мавзусида ҳар нарсани ақл билан изоҳлашга уринган айрим файласуфлар хатога йўл қўйгани айтилади. Масалан, Ғаззолийнинг машҳур “Таҳотуфул фаолисифа” асарида бу ҳақда сўз юритилган. Ғаззолийга кўра, дин ваҳийга таянган бўлиб, у ақлни қадрлайди, аммо ақл ҳамма нарса дегани эмас, ҳамма нарсани ҳал қилмайди, ҳамма нарсани ҳам билолмайди. 

Лекин ваҳий ва каломнинг чегараларига ҳурмат билан ёндашувчи дин фалсафаси инсон тафаккурини ривожлантиришга ва Аллоҳнинг борлиги ҳақидаги далилларни янада яхшироқ тушунишга ҳисса қўшиши шубҳасиз. 

Китобнинг келгуси саҳифаларида дин ва илм ўртасидаги алоқа тўғрисида сўз юритилади, динга ҳурмат кўрсатган олимлар ҳамда мусулмон файласуфларнинг ҳаётлари ва улар келтирган далиллар кўриб чиқилади. 

(давоми бор) (1-қисм) (2-қисм)

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Илм-фан ривожига ҳисса қўшганлар атеист бўлганми?

415 15:05 14.04.2022

Атеистларни Исломга қандай даъват қилишимиз керак?

1325 18:00 15.07.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (12-қисм)

1821 21:00 27.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (11-қисм)

1806 21:00 20.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (10-қисм)

1648 21:30 17.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (9-қисм)

1558 21:35 10.02.2021
« Орқага