Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (25-қисм)

1568

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳаёти ва асосий қарашлари (1207-1273)

Турк-ислом дунёсининг энг машҳур шоир, мутафаккир ва мутасаввифларидан бири ҳисобланувчи ҳазрат Мавлоно 1207 йилда Балх шаҳрида (ҳозирги Афғонистон) дунёга келди. “Мавлоно” сўзи “жаноб” деган маънони билдиради. У зотга “Султон”, “Худовандигор”, “Ҳазрати пир”, “Жалолиддин Румий” сингари нисбатлар берилган.

Отаси Балхдан чиқиб, узоқ сафардан кейин 1222 йилда оиласи ва яқинлари билан бирга Караман[1]га келди ва бу ерда етти йил яшади. Шундан кейин Кўняга ўрнашди. Кўняга кўчгандан икки йил ўтиб вафот этгач, Мавлоно отасининг мақомини эгаллади, ваъз ва суҳбатларининг шуҳрати Онадўлига ёйилди.

Мавлоно 1244 йилда Кўняда Шамс Табризий билан учрашди. Ҳаётидаги муҳим бурилиши нуқтаси бўлган ушбу учрашувдан кейин унинг учун тасаввуфда яп-янги палла бошланди. Асарлари ўнлаб хорижий тилларга ўгирилди, дунёнинг тўрт тарафида миллионлаб инсон унинг ихлосмандига айланди. Фикрлари, қарашлари, шеърлари, таълимотлари юзлаб мутафаккир ва шоирга илҳом манбаи бўлиб хизмат қилди.

Шамс Табризий билан танишганган кейин Мавлононинг ваъз ва суҳбатларни тўхтатиб қўйгани Кўняда эътирозларга сабаб бўлди. Шу сабабли Табризий бир неча бор шаҳарни тарк этди ва охир-оқибат Шомга кетиб, у ердан қайтиб келмади. Бу даврда Мавлоно “Маснавий”, “Девони кабир”, “Мажолиси сабъа” асарларини битди.

Ҳазрат Мавлоно 1273 йилнинг 17 декабрда вафот этди. “Вафотимиздан кейин қабримизни ерда қидирманг, бизнинг қабримиз ориф кишиларнинг кўнгилларидадир”, деган кечада бу дунёни тарк этди. Ўлимидан кейин йиғлашларини истамагани сабабли вафот куни “шаби арус” (“тўй кечаси”) деб аталди.

Тавҳид далили

Мавлононинг тасаввуф ҳақидаги қарашлари ва далилларининг тамали ишқ, севги, важд сингари ҳоллардир. У Аллоҳни қидирган кишига “Маснавий”да шундай хитоб қилади:

“Эй ўзидан бехабар ғофил! Сен ҳали ҳам қобиқни излаяпсан. Диққат этки, севгилинг жонингнинг ичидадур. Баданнинг моҳияти ҳислар, ҳисларнинг моҳияти эса жондир. Агар сен тандан, ҳислардан ва жондан кечсанг, ҳар доим Уни топасан”.

Ҳар ерда, ҳар нарсада Аллоҳни кўрар эди Мавлоно. Унинг ҳужжатларини, борлиги ҳақидаги белгиларни кўрарди. 

Диний тажриба далили

Мавлонога кўра, инсон ички тажрибаси билан Аллоҳга етишиши зарур. Шундай экан, ақлнинг маҳсули ҳисобланувчи фалсафанинг нима иши бор эди диний тажриба соҳасида?.. Кўпгина сўфийларнинг назарида бу саволнинг жавоби ҳечам қийин эмас. Ақлий далилнинг диний тажриба соҳасида қиладиган ҳеч нарсаси йўқ. Бу ерда “ўйла ва топ”га эмас, балки “яша ва кўр”га ўрин бор. Мавлононинг таъбири билан айтганда, “Ёғочоёқ билан юрадиган фалсафанинг ишқ майдонида босиб ўтадиган масофаси йўқ”. Назарий ақл бир қўли билан берганини нариги қўли билан қайтариб олади, изланиш йўлида кетар экан, шубҳанинг эшигини тақиллатади.

“Ошиқлар жамоатида ўзгача усул амал қилади, – дейди Мавлоно. – Ишқ шароби ўзгача сархушлик олиб келади”.

“Илмнинг йўли мадрасадан ўтади, ишқнинг макони эса маконсизликдир”.

Ишқ далили (Лайли ва Мажнун)

Мавлононинг асарлари, ҳаёти ва далилларининг манбаи ҳамда ҳадафи уч ҳарфдан иборат сўздир – ИШҚ. Ҳамма нарса ишқдир... Тангри ишқдир... Яратилиш ишқ, инсон ишқдир... Дин ва имон ишқ, ҳаёт ва ўлим ишқдир... Илоҳий ишқ!

Бу ишқни таърифлаш душвор! Сўраганларга “Мен бўл ва билиб ол!” деган эди кўнгилларнинг султони. “Ишқ қуёшдир, қуёшнинг далили унинг ўзидир. Бир далил истасанг, ундан юз ўгирмасанг бас! Мен ишқ борасида нима айтсам айтай, ишққа етганимда айтганларимнинг кифоясизлигидан уялиб қоламан!” деган эди. Шундай деган бўлса-да, ишқни ундан мукаммалроқ ва чиройлироқ таърифлаган чиқмади бугунгача. Унинг “Маснавий”сидан ўрин олган Лайли ва Мажнун қиссаси илоҳий ишқнинг нима эканлигини энш яхши тасвирлаган ажойиб ҳикоядир. Далил қидирганлар учун таъсирчан ва гўзал далил бўла олади.

Қиссада Мажнунинг исми Қайсдир. Маҳалла мактабида Лайлини кўриб қолиб, унга ошиқ бўлиб қолган. Ошиқ бўлган фақатгина Мажнунми? Йўқ! Мавлононинг наздида коинотда ишқсиз ҳеч нарса йўқ. Ҳар нарса нимагадир ошиқ: балиқ сувга, сув эса балиққа, кеча кундузга, кундуз эса кечага...

Қайс ва Лайлининг муҳаббатини билиб қолган оилалари уларни мактабга жўнатмай қўйди. Қизга совчиликка боришди, лекин рад жавобини олишди. Шундан сўнг Қайснинг юрагига бир оташ тушди ва уни лов-лов ёндира бошлади.

Нима учун ишқ оташдир? Ишқ ўйинида нима учун азоблар, балолар, изтироблар бор? Чунки буларнинг бари ошиқнинг камолотга етишишига хизмат қилади. Қандай қилибми? Мавлоно ҳамма учун тушунарли қуйидаги ўрнакни келтирган:

“Қозон қайнай бошлагач, нўхат қозоннинг устига сачрай бошлайди, юзлаб жўшқинликларни намоён этишга киришади. “Нега мени оташга соляпсан, модомики, сотиб олдинг, нега бу аҳволга соляпсан?” дейди нўхат. Уй бекаси эса “Йўқ, оташдан сачраб қочишга уринма, яхшилаб қайна”, дейди. “Сени истамаганимдан, севмаганимдан қайнатмаяпман, сенга таъм кирсин, озиққа айлангин, жонга аралашгин деб қайнатяпман. Бу синов сени хўрлаш учун эмас. Полизда сув ичган, яшилланган эдинг-ку, ўшанда сув ичишинг шу оташга тушишинг учун эди. Тангрининг раҳмати қаҳридан зиёда, шу сабабли кимнидир синаши Унинг раҳматидандир... Балоларга учраб қайна, нўхат, шундай қайнаки, на борлигинг қолсин, на сен қол!”

Демакки, ошиқнинг камолотга етиши ҳам оташ чамбаридан ўтишига боғлиқ.

Қайснинг отаси хавотирда... Уни Каъбага олиб бориб, бу ишқ балосидан халос бўлиш учун дуо қилишини истади. Бироқ Мажнуннинг дуоси тамомила тескариси эди:

Ё Раб! Балои ишқ ила қил ошно мени,
Бир дам балои ишқдан қилма жудо мени...   

Оташли қалбнинг бу дуоси Каъбада қабул бўлмас эканми?.. Албатта, бўлур. Шу тариқа Қайснинг ишқи янада оловланди. Бир нуқтага тикилганча дунёдан узоқлашган Қайсда девоналик белгилари намоён бўла бошлади. Ниҳоят, мажнун бўлиб, чўлларга равона бўлди.

Энди Лайли бечора Мажнуннинг бутун дунёсини тўлдирган эди. Кўрган, эшитган ҳар нарсаси Лайлига ўхшар, унинг изига эгадек туйиларди. Кунлардан бирида овчининг қўлида кийикни кўриб қолди, унинг кўзларини Лайлининг кўзларига ўхшатгани сабабли жониворни қутқариш учун эгнидаги кийимларини ечиб овчига берди. Тун – Лайлининг сочларини ёйишидир, юлдузлар – унинг тишлари, ой эса табассумидир.

Шундай қилиб, вақт ўтиши билан Мажнун учун бутун дунё Лайли каби кўрина бошлади.

Хўш, нега коинотдаги ҳамма нарса Лайлига айланиб қолди? Чунки севувчи севгани билан боғлиқ ҳар нарсани севади. Айтиб ўтилганидек, башарий севгидан илоҳий севгига ўтиш бор бу қиссада. Охир-оқибат бу севгидан табиатдаги ҳамма нарса, ҳар бир мавжудот насибасини олади.

Мажнун бир кучукни кўриб қолди. Уни қучоқлади, эркалатди. Бир одам кўриб қолиб, кучукнинг ёмонликларини айтиб, Мажнуннинг қилган ишини қоралади. Мажнун эса шундай деди: “Сен суратга (шаклга) қараяпсан. Бу кучук Лайлининг маҳалласини қўриқлайди. Мен у моҳтобнинг маҳалласини қўриқлайдиган кучукнинг бир тукини қанчадан-қанча арслонларга алмашмасман”.

Хуллас, Лайло севгиси атрофдаги ҳамма нарсани қамраб оладиган даражада катталашиб бормоқда ва шу тариқа башарий ишқ илоҳий ишқ сари равона бўлмоқда. Мажнун учун кейинги босқич ўзини Лайли каби ҳис қилиши, у билан маънан бирлашишидир...

Мажнун йўлиққан дард туфайли, севгисидан узоқдалиги учун тўсатдан хасталанди. Дори бериш учун табиб келди. “Қон олишдан бошқа чора йўқ, ифлос қонни чиқариб юбориш учун ҳижома қилиш керак”, – деди табиб. Уста ҳижомачини чақиришди. У келиб, Мажнуннинг қўлини боғлади, ўзи эса қўлига наштарини олди. Мажнун наъра тортди. “Ол пулингни, кет, – деди. – Ўлсам, ўлайин”. Ҳижомачи сўради: “Ўкирган шердан қўрқмайдиган одам ҳижоманинг оғриғидан қўрқяпсанми?” “Вужудим Лайли билан тўла, ичимда Лайлидан ўзгаси йўқ, – дея жавоб қайтарди Мажнун. – Қўрқаманки, сен ҳижома қилаётган маҳал наштаринг бехосдан Лайлига тегиб кетади! Қалби ёруғ ҳар ким биладики, мен ва Лайлининг ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ”.

Чўл беги Навфалнинг Мажнунга раҳми келарди. Бир куни Лайлини кўриб қолди: қорачагина, кўримсизгина қиз экан. Мажнунга шундай деди:

– Сен чиндан ҳам телба экансан. Ошиқ бўлгани бошқа бировни топа олмадингми? Менинг жорияларим ичида энг хунуги ҳам Лайлидан ўн баравар чиройлироқ. Хоҳласанг, мени улардан бирига уйлантириб қўяман, бу дарддан қутуласан.

– Лайли сенинг кўзингга хунук кўринган бўлиши мумкин. Менинг кўзим билан қараб кўр-чи, унда нималарни кўрар экансан, – деди Мажнун.

Қиссанинг ниҳоясида Лайлининг эри ўлиб, у ҳам чўлларга равона бўлади ва Мажнунинг олдига келади. Бироқ Мажнун Лайлини танимайди, чунки унинг ўзи Лайлига айланган эди. “Сен қандай қилиб Лайли бўлишинг мумкин? Сен Лайли бўлсанг, унда мен кимман? Мен Лайли бўлсам, сен кимсан?” – дейди унга...

Қиссада ҳикоя қилинган ишқ ҳазрат Мавлоно назарда тутган илоҳий ишқдир. Ҳазратнинг йўли ҳам ишқ йўлидир, башарий севгидан илоҳий севгига ўтган, илоҳий ишққа кўтарилган йўл. Ишққа Мажнуннинг кўзи билан қаралса, Худонинг борлигини исботловчи “ишқ далили”ни кўриш мумкин.

Гўзаллик кўздадир, нарсада эмас... Бир нарсани чиройли кўрсатадиган истакдир, ишқдир. Хоҳламай қаралса, чиройли ҳам хунук кўринади. Шу сабабли Лайли сенинг ўзингга бошқача кўринади, Мажнуннинг кўзига эса бошқача. У ҳолда гўзалга ишқсиз кўзинг билан қарашни бас қил, Мажнуннинг ошиқ кўзи билан боқ...  

 

Амин Ариқ

(давоми бор)  

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли


[1] Туркиядаги шаҳар

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (26-қисм)

1286 21:55 05.06.2021

Тасаввуфнинг тарихий тадрижи

1507 22:00 09.05.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (22-қисм)

0 22:00 24.04.2021

Сўнгги давр мутафаккирларининг далиллари

918 20:00 18.04.2021

Ибн Рушднинг ҳаёти ва асосий қарашлари (1126-1198)

1173 22:05 10.04.2021
« Орқага