Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (3-қисм)

1597

Мусулмон файласуфлар ва далиллар

Дин фалсафасини тизимлаштиришга энг катта ҳисса қўшганлар Форобий ва Ибн Сино сингари мусулмон файласуфлар ҳисобланади. Улар чин маънода аквинолик Фома (1225-1274) ва Дунс Скот (1256-1308) сингари насроний файласуфларнинг устозлари ҳисобланади. 
Гилсон томонидан Фома фалсафасидан бошлаб изоҳлашга киришилган экзистенциал метафизиканинг ортида Форбий ва Ибн Сино бор. Фоманинг илоҳиёт бўйича изланишларининг шарофати билан Ғарбда машҳур бўлган (Аллоҳнинг борлиги ҳақидаги) “беш далил”нинг учтаси сўзма-сўз Форобийдан олинган. Форобийдан келтирилган иқтибосларни Фома асарларида саҳифалаб кўриш мумкин. 

Дин бўйича файласуфона нуқта назарнинг имониятлари ва чегараларини кўрсатиб беришда Ғаззолий Дэвид Юм (1711-1776) ва Кантдан асло қолишмас эди. Кўпгина динларда ҳатто бугун ҳам мистик ҳаётни тушунтиришга етгулик ифода бойлиги мавжуд эмас, бизда эса терминологияси, услуби ва ҳоказолари билан инсонни ҳайратга солувчи тасаввуф бор. Исломнинг фалсафаси, каломи ва тасаввуфи ҳам инсониятнинг ёрқин муваффақиятларидир. 

Аслида ислом фалафаси, мусулмон файласуфлар дейилганда хаёлга (Форобий, Ибн Сино сингари) атиги бир неча кишининг исмининг келиши тўғри эмас. Ҳақиқат шуки, исмлари ва сифатлари қандай бўлишидан қатъи назар, файласуф бўлсин ёки бўлмасин, ислом дунёсида кўпгина соҳалардаги олимлар ва мутафаккирлар фалсафа билан шуғулланган, фалсафий масалаларга эътибор қаратган, тури муаммолар устида бош қотирган, (муваффақият даражасига қандай бўлишидан қатъи назар) бир қатор асарларни ёзиб қолдирган. 

Шуни ҳам айтиш керакки, Ғаззолийдан тортиб кўпгина мусулмон мутафаккирлар Аллоҳнинг борлигини исботлаш масаласида нақлни эътиборсиз қолдирадиган даражада ақлий ва фалсафий далилларга ишонишга қарши чиқишган. Ислом дунёсида кенг тарқалган далиллар аслида файласуфлар, каломчилар ва мутафаккирлар турли ёндашувлар билан сўз юритган “ҳудус”, “имкон” “ғоя ва низом”, “иноят” сингари далиллар билан тўғридан-тўғри Қуръон оятларига таянган диний далиллардир. 

Ғарблик файласуфлар ва мутафаккирларнинг мазкур масала бўйича изланишлари ўтмишдан ҳозирги кунгача давом этмоқда. Бу ўринда масала Шарқу Ғарб ёки Жануб-Шимол билан боғлиқ эмас, балки ҳар қайси даврдаги ва ҳар қайси жўғрофидаги инсон – Одам ва Ҳаво фарзандлари билан боғлиқдир. 
Келинг, аввал Ғарбни кўриб чиқайлик.

Ғарблик файласуфлар ва уларнинг далиллари
 
Ислом дунёсида ғарблик олимлар ва файласуфларнинг далилларидан фойдаланишга эҳтиёж борми?.. Мусулмон зиёлилар ва олимлар ўртага ташлаган далиллар кифоя қилмайдими?.. Мусулмон мутафаккирлар бу масалада нима дейишган?..
Республика  тарихининг энг машҳур уламоларидан бири Элмалили Ҳамди Язир (1878-1942) шундай деган эди: “Ғарбнинг XIV асрда бошланган уйғониши эндигина камолот даврига қадам қўймоқда. Энди Ғарбда модерн фалсафанинг йўналиши динга қаратилган. Мусулмонлар сифатида Ғарбнинг илми ва фанини танишимиз зарур. Улар ислом классикаларини қандай қилиб ўз тилларига ўгираётган ва улардан фойдаланаётган бўлса, биз ҳам уларнинг классикаларини таржима қилишимиз ва олинадиган нарсани топсак, олишимиз зарур”. 
“Ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсасидир, уни қаерда топса, олишга ҳақлидир” деган ҳадисни эслайлик. Шундай экан, фойдали маълумот ва фикрлар, янги топилмалар ва технологияларни олишнинг зарари йўқ, албатта. 
Элмалили ва кўпгина билимдон зотлар айтганидек, ғарблик олимлар, файласуфлар ва мутафаккирларнинг кўпи ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам динга ва диний қадриятларга чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлади. 

Машҳур инглиз файласуфи Бертран Расселнинг (1872-1970) “Илм ва дин” номли асарида Ньютон, Кувье, Фарадай сингари табиий фанлар бўйича олимлар диндор инсонлар эканлиги айтилган. Коперник (1473-1543) ўз асарини Рим папасига бағишлаганди, Декартнинг черков билан алоқалари яхши эди.
Ғарбда Афлотундан бери аллақанча файласуф, мутафаккир ва олим атеизмга ва инкорчи фикрларга қарши чиққан, Аллоҳнинг борлиги ҳақидаги далилларни кўрсатишга уринган. Айниқса, ХХ асрда “илмий далиллар” номи билан ҳайратда қолдирадиган ҳужжатлар ўртага ташланди. 

Декарт, Лейбниц ва Спиноза (1632-1677) сингари рационалист файласуфлар одатда динга рационал нуқтаи назардан ёндашишган, Худонинг борлигини ақлий далиллар билан исботлашга эътибор қаратишган. 
Ҳаворий Павелга кўра, Худонинг борлиги ҳақидаги далиллар Унинг асари бўлмиш коинотдадир, инсоннинг Худонинг борлигини билмаслигини айтишини эса кечириб бўлмайди. Далилларнинг энг ёрқини инсоннинг ўзидир. 
Фикр юритган ва атрофга диққат билан назар ташлаган ҳар бир инсон аввало ўзининг мавжудлигида, қолаверса, оламда ва ҳар жойда, ҳар вақт Буюк Яратувчининг борлиги билан боғлиқ далилларни топиши мумкин. 

Уммоннинг улканлигини, ям-яшил дарахтлари ва тик қоялари билан кўкка бўй чўзган тоғларнинг мустаҳкамлигини ёки ёзнинг қоқ ўртасида юлдузларга тўла осмоннинг тилсимли кўринишини тасаввур қилиб кўринг... Ана шундай муҳитда Аллоҳ бизларга Ўзининг борлиги ҳақидаги ишораларни тақдим қилмоқда. Лекин бу қандайдир масалага жавоб тариқасида эмас, балки сирли ҳис-туйғу сифатида намоён бўлади. Худо ҳақида ўйлашга туртки берадиган бу ҳислар моҳиятан ижтимоий эмас, улар ўзимизни бир четга тортиб, ёлғиз қолган пайтларимизда ташриф буюради. Аммо инсон учун чуқур қайғуга чўмишдан ёки ўзининг мутлақ охирининг аянчли манзараси билан юзлашишидан каттароқ ёлғизлик йўқ. “Инсоннинг бир ўзи ўлади”, – деган эди Паскал. Балки кўпгина одамлар ўлимнинг остонасига етганида, Худо уларни кутаётганини кўрар. 

Хўш, бу ҳолатлар нимани исботлайди? Қатъиян ҳеч нарсани... Улар далил эмас, ҳақиқатдир. Шундай ҳақиқатки, файласуфларнинг Худонинг борлиги ҳақида саволлар бериши учун замин тайёрлайди. Бундай шахсий тажрибалар Худонинг борлигини исботлашга қаратилган саъй-ҳаракатлардан аввал ҳам бор бўлганидек, исботлашда муваффақиятсизликка учраганимиздан кейин ҳам бор бўлишда давом этаверади. 

Паскал (1623-1662) Худонинг борлиги ҳақидаги далилларга кўпам эътибор бермади. У Худонинг борлиги ёки йўқлигини ақлий йўл билан исботлаш мумкин эмас деган фикрда эди. Паскал эътиқодга бас ўйнашдек қараб, Худонинг борлигини илгари сурди. Очиғи, ишончли бас ўйини эди бу: охирида қўлга киритиладиган кўп нарса бор, бироқ йўқотиладиган ҳеч нарса йўқ. Аммо бас боғлашиш билиш дегани эмас, айниқса бу ҳолатда енгиладиган бўлсак, билишга бўлган илинждан ҳам маҳрум бўламиз. Шунга қарамай, Паскал ўзи билмайдиган нарса ҳақида бас ўйнашни истаган эди.

Кант ҳам “Соф ақлнинг тақлиди” асарида Худонинг борлигини исботлаб бўлмаслигини айтган бўлса-да, Худони назарий ақл даражасида ахлоқий бир постулат сифатида бор деб ҳисоблаш зарурлигини таъкидлаган эди. Эътиборлиси, Кант Худонинг борлигига ишонишни давом эттирган ва ҳеч қачон худотанимас бўлмаган. 
Натижа шуки, инсоният тарихи давомида Худо тушунчаси умумий маънода ҳар доим бўлган ва бўлганини инкор этиш мумкин эмас. Атеистлар ҳар қанча уринса-да, Аллоҳнинг борлигига қарши кучли далилларни кўрсата олмади. Эътиқодлилар эса Аллоҳнинг мавжудлиги билан боғлиқ кўпгина далилларни илгари суришган. Бу далиллар атеистларнинг “Худо йўқ” деган иддаоларини биттама-битта чиппакка чиқаряпти. Аслида кимлар учундир бу далилларни тилга олишга ҳожат йўқ, чунки Аллоҳинг борлиги исботлашга зарурат туғдирмайдиган даражада очиқ ва равшан. Шундай бўлса-да, инсонларни фикран қониқтириш нуқтаи назаридан далил-исботлар аҳамиятлидир. 
Ҳам исботлар, ҳам жамиятда Аллоҳга ишониш билан боғлиқ эътироф аслида Аллоҳнинг борлигини кўрсатувчи муҳим далиллар ҳисобланади. 

Ғарблик кўпгина файласуф ва мутафаккирлар бу эътироф борасида Аллоҳга қалбан ишонган мўминлар билан деярли бир нуқтада учрашади, бир хил фикр юритади ва айни нарсаларни тилга олади. 
Кейинги бобларда Ғарб дунёсининг энг қадимги ва энг машҳур файласуфлари бўлмиш Суқрот, Афлотун ва Арастунинг далилларига, Европада XV ва XVI асрларда ренессанснинг бошланишига туртки берган Декарт, Кант, Гёте сингари донғи чиққан мутафаккирларнинг ҳаётларига, уларнинг Аллоҳнинг борлиги ҳақидаги қарашлари ва далилларига тўхталиб ўтилади. 

Амин Ариқ

(давоми бор)  (1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм)

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Туркия географик ва стратегик жиҳатдан муҳим давлат” – НАТО Бош котиби

3 23:45 25.05.2022

Мевлут Чавушўғли ва Маҳмуд Аббос Фаластин масаласини муҳокама қилди

75 23:25 25.05.2022

Саудия Арабистони: “Исроил Фаластин муаммосини ҳал қилиши керак!”

202 22:50 25.05.2022

АҚШ ва Хитой тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка киришмаслиги керак – Генри Киссинжер

183 22:30 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

99 21:50 25.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: қалтис ҳаракат

320 21:10 25.05.2022
« Орқага