Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (4-қисм) 

1904

“Маънавий ишқ бутун ҳисларнинг энг улуғи, энг мукаммалидир”.

Декарт

“Кўришни истаганлар учун етарлича нур, кўришни истамаганлар учун етарлича қоронғилик бор”

Блез Паскал

Иккинчи боб

Ғарблик мутафаккирлар ва олимлар наздида Аллоҳнинг борлигига далиллар

Қадимгидан замонавий давргача

Аллоҳнинг борлиги ҳақидаги далиллар тарихнинг ҳар даврида инсонларнинг кун тартибидан ўрин олган муҳим ва универсал мавзу бўлган. Одам алайҳиссаломдан бошлаб юборилган барча пайғамбарлар ва барча самовий динларнинг чақириқларида, илоҳий китобларда аввало имон асослари, эътиқод тамойиллари ўрин олганини кўриш мумкин. Муҳаммад алайҳиссалом йигирма уч йил давом этган пайғамбарлик даврларида инсонларни биринчи навбатда “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун Расулуллоҳ” калимаи тавҳидига, яъни Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва ўзлари Унинг пайғамбари эканликларига ишонишга чақирганлар. У зотдан аввалги пайғамбарлар ҳам шубҳасиз ўз қавмларидан худди шу нарсани исташган. Одамлардан Аллоҳга ишонишни ва ўзларининг Аллоҳ томонидан юборилган элчи эканликларини тасдиқлашини сўрашган. 

Йиллар, асрлар шу тариқа ўтди...

Пайғамбарларга гувоҳлик берган, уларнинг чақириқларига эргашган оқил зотлар, мутафаккирлар тарих давомида инсонларни огоҳлантиришга, инсонлар учун фойдали бўлар деган умидда Аллоҳнинг борлиги ва бирлиги билан боғлиқ изоҳлар беришга уринишган. 

Келинг, Ғарб дунёсидан бошлайлик...

“Ташқи оламга эмас, ўзинг томон йўл ол, ҳақиқат инсоннинг ичидадир”, деган Аврелий Августин (354-430) машҳур француз файласуфи Декартнинг ёндашувига ўхшаш тарзда “шубҳа” ҳақида баҳс юритиб, Аллоҳнинг борлигини исботлаган эди. 

Кентерберилик Ансельм (1033-1109), Готфрид Вильгельм Лейбниц (1646-1716), аквинолик Фома (1225-1274), Рене Декарт (1596-1650), Иммануил Кант (1724-1804), Ғарб инсонининг маънавий қадриятларга қайтишига катта таъсир кўрсатган ва сезги (интуиция) фалсафасининг асосчиси бўлган Анри Бергсон (1859-1941) бу борада хаёлга биринчи бўлиб келадиган кишилардир. 

Сўнгги даврда Аллоҳнинг борлиги ҳақидаги янги изланишларнинг маҳсули сифатида бир қатор асарлар дунёга келди. Булардан Абрахам Кресси Моррисоннинг “Инсон ёлғиз эмас”, Жон Клавер Монсманинг “Кенгаювчи коинотда Худонинг борлигига далил”, Алексис Каррелнинг “Инсон исмли мажҳул”, инглиз файласуфи Энтони Флюнинг “Адашибман, Худо бор экан” номли китобларини тилга олиш мумкин. 

Ғарблик олимларнинг аксари изланишларга асосланган чуқур эътиқод эгаси бўлганлари маълум. Ньютон, Кувье, Фарадей, Декарт, Эйнштейн, Гёте диндорлик доирасида, консерватив ҳаёт кечиришган. 

Эътиқод сари элтувчи йўлда коинот ва ундаги ҳайратланарли тартиб интеллектуаллар учун ҳар доим илҳом манбаи бўлган. Машҳур психолог Жеймс Леуба 1914 ва 1933 йилларда ўтказган икки тадқиқотда аниқланишича, олимлар орасида эътиқод ва диндорлик борасида физиклар биринчи ўринда, биологлар иккинчи, социологлар учинчи, психологлар эса тўртинчи ўринда экан. Масалан, буюк физик Ньютон диндор одам эди. У илмий қарашларининг натижасида таслис ақидасини (Учлик: насронийлик ота Худо, ўғил Худо ва Муқаддас руҳдан иборат ягона Худо ҳақидаги ақида) инкор этди, чунки кўриниб турган фавқулодда тартиботнинг ортида ягона қудрат бўлиши керак-да. Бу масалада Ньютондан кейин хаёлга келадиган илк олим Эйнштейндир. У турфа босқичлардан ўтган умрининг охирги йилларида “яратувчи улуҳият” фикрига яқинлашган эди. Ньютон, Эйнштейн ва замонамизнинг даҳоси Стивен Хокингга кўра, оламнинг мукаммаллиги унинг мўъжизавий характерида намоён. Энг катта мўъжиза коинотда бунчалик тартибнинг мавжудлигидир. 

Қисқаси, Ғарб дунёсида турли йўналишларда тадқиқот олиб борган, инсон ва оламни ўрганган олимлар орасида эътиқодлилар кўпчиликни ташкил этгани аниқ. Энди улардан баъзиларининг ҳаёти ва қарашларига тўхталиб ўтсак. 

Суқротнинг ҳаёти ва асосий қарашлари (эрамиздан аввалги 470-377 йиллар)

Антик юнон файласуфи Суқрот эрамиздан аввалги 470 йилда Афинада дунёга келди. Отаси Софрониск ҳайкалтарош, онаси Фенарета эса доя эди. Суқрот кучли заковати, жозибадор нутқлари, нозик истеҳзолари, ўзи ҳимоя қилган ахлоқий фикрлари ва ҳаёт тарзи билан инсонларга таъсир кўрсатди. “Мен билган нимадир бўлса, у ҳам ҳеч нарсани билмаслигимдир”, деган Суқротнинг фикрича, ҳар бир инсон туғилишиданоқ барча ахлоқ тушунчаларига эга бўлади. Унинг хатти-ҳаракатлари, айниқса истеҳзолари ва “ўзингни ўзинг таниб ол” тамойилининг маъноси ҳар бир инсоннинг фитратан оддий, яхшиликнинг эса яратилишданоқ яхши эканлиги ҳақидаги нуқтаи назари билан боғлиқ.   

Файласуфнинг фикрича, ҳеч ким била туриб ёмон бўлмайди, ҳар ёмонлик тўғри деб ҳисобланган жоҳилликка бориб тақалади. Мана шу Суқротнинг ахлоқий рационаллигидир. “Саволга тутилмаган ҳаёт яшашга арзимайди”, деган Суқрот қаршисидаги инсонлар тўғри деб ҳисоблаган маълумотларни истеҳзо йўли билан чиғириқдан ўтказар эди. У “Тўғри нима? Нима тўғри эмас?”, “Жасорат нима? Нима жасорат эмас?”, “Фазилат ва ҳақиқат нима?” деган саволларни ўртага ташлаб, одамлардаги асоссиз ва ишончсиз маълумотларни йўқ қилиб, асл ҳақиқатни (Худонинг борлигини ва ахлоқни) ўргатган файласуфдир. 

Суқрот фалсафасининг ҳаракатлантирувчи нуқтаси скептицизм ҳисобланади. Афлотун унинг энг машҳур шогирдидир. 

“Ақлидан яхши фойдала олиши инсонни фазилатли кишига айланитиради”, деган эди Суқрот. У кўп худолик динига эътиқод қилар, бироқ илоҳий иноятга ишонар, ҳар нарсадан устун улуғ бир қудрат бор деб ҳисоблар эди. У ҳаётининг муҳим лаҳзаларида ичидан бир овоз келганини, ўша овоз уни қандай йўл тутиши кераклиги ҳақида огоҳлантиришини айтиб, уни “даимоинон” деб атаганди. Суқротнинг назарида беҳуда ишлардан воз кечиб, донолик сари чорлайдиган бу овоз илоҳий бир сасдир. 

Суқрот ўзининг ҳаёти улуғ қудратнинг қўлида эканлигига ва ўша қудрат томонидан бошқарилишига ишонар эди. 

Шунга қарамай, Суқротни худосизлик айблаб, судга беришди. У ўзига ярашмайдиган бу айбловнинг қаршисида асло қўрқмади. Афлотуннинг нақл қилишича, файласуф ўзини мардонавор ҳимоя қилди. Ўша пайтда у етмиш ёшда эди. Судда узр сўрамади. Суд уни ўлим жазосига маҳкум этди. Бодиёни руми заҳрини Суқротнинг ўзи ичиб, жазосини ўзи ижро қилди. 

Амин Ариқ

(давоми бор) (1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм)

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Туркия географик ва стратегик жиҳатдан муҳим давлат” – НАТО Бош котиби

240 23:45 25.05.2022

Мевлут Чавушўғли ва Маҳмуд Аббос Фаластин масаласини муҳокама қилди

157 23:25 25.05.2022

Саудия Арабистони: “Исроил Фаластин муаммосини ҳал қилиши керак!”

281 22:50 25.05.2022

АҚШ ва Хитой тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка киришмаслиги керак – Генри Киссинжер

237 22:30 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

111 21:50 25.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: қалтис ҳаракат

368 21:10 25.05.2022
« Орқага