Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (5-қисм)

1691

Афлотуннинг ҳаёти ва асосий қарашлари (эрамиздан аввалги 427-347 йиллар)

Ислом фалсафасига катта таъсир кўрсатган юнон файласуфларининг энг йиригидир. Ғарб дунёсидаги илк олий таълим муассасаси – Афина академиясининг асосчиси ҳисобланади. У асос солган таълимот афлотунизм (платонизм), дарс берган мактаб эса академия деб аталади. 

Афлотун Афинада туғилиб ўсди. Асосий устози Суқрот эди, шунинг учун Суқротнинг давомчиси ҳисобланади. Арастуга устозлик қилди, яъни Суқрот ва Арасту ўртасида кўприк бўлди. 

Афлотун абадий саодатга эришишга интилган, бу дунёнинг ўткинчи ҳою ҳавасларига эътибор бермаган файласуф эди. У динга ижобий қараган, идеал давлатда диний таълим берилиши кераклигини айтган. Афлотуннинг назарида жамиятдаги ҳар қандай ёмонликнинг сабаби динга ва муқаддасотларга ишонмасликка бориб тақалади. У Худони яхши, гўзал, адолатли, кўпаймадиган ва камаймайдиган, ўзгармайдиган, оламнинг марказида бўлган зот деб ўйлаган. 

Давридаги барча илм санъат турларига қизиқиб кўрган, қирқдан зиёд асарлари кунимизгача етиб келган. Асарларининг бири қисмини диалог шаклида ёзган, шулардан энг аҳамиятлиси “Давлат ва қонунлар” ҳисобланади. 

Теологик далил

“Қонунлар”да учта масала тилга олинган:

– Худонинг борлиги;

– Унинг инояти;

– Унинг абадийлиги. 

Афлотун юлдузларнинг интизомли ҳаракати ва оламдаги тартиботни англаган инсон учун эътиқод йўли очилишини айтади. Унинг назарида руҳ барча мавжудотлардан аввал бўлиб, у ўлмайди. Юлдузларни тартибга солиб қўйган Зотни (ақл йўли билан) танишга олиб борадиган фикрлардан маҳрум кишининг диний эътиқоди эса саломатда бўлмайди. 

Афлотун аввалгиларнинг моддиятчи қарашларини чиппакка чиқарган ва тасодифий иддаоларни яксон қилиб, Аллоҳнинг борлиги ҳақидаги далиллардан бирини шундай изоҳлаган эди: 

“Билингки, санъат ва заковат асари бўлган ҳар нарса бир яратувчининг маҳсулидир. Сув тегирмонини, аравани аввалдан ҳисоб-китоб қилиб, маълум бир режа асосида ясаган уста бор. Мана шу ҳақиқатни кўриб турган ҳолда энг олий заковат ва энг нозик санъат асари бўлмиш ҳаёт ва коинот моддадан келиб чиққанини ва ўз-ўзидан пайдо бўлганини иддао қилиш қабул этса бўладиган нуқтаи назар эмас. Мавжудотларнинг олий ва азалий санъаткорнинг иродаси ва яратиши билан пайдо бўлганини ўша мавжудотлар боғлиқ бўлган қонунлар кўрсатиб турибди. Бу санъаткор, ажойиб меъмор – Аллоҳдир”.     

Арастунинг ҳаёти ва асосий қарашлари (эрамиздан аввалги 384-322 йиллар)

Ислом фалсафасига муҳим таъсир кўрсатган қадимги юнон файласуфи ҳисобланади. Фракиянинг Стагира шаҳрида туғилган. Афинада Афлотуннинг академиясида таълим олди. Таҳсили давомида Афлотуннинг энг яхши талабаси бўлди, кейин эса унинг фалсафасинни танқид остига олувчи рақибига айланди. Македония қироли Филиппнинг ўғли Искандарга таълим бериб, “жаҳон ҳукмдорини етиштирган устоз” номини олди. Қадимги юнон фани ва фалсафаси у билан юксак чўққига эришди. Арасту ўткир зеҳри, тажрибаси ва танқидчи феъли билан замонасининг барча фанларини тизимлаштирди. Фалсафанинг барча йўналишлари билан шуғулланди, ўзидан кейин юзга яқин асар қолдирди. Мантиқ, фалсафа, метафизика, ахлоқ, табиат фанларининг асосчиси бўлди. 

Арасту ахлоқ фалсафасининг асосий тамойилига кўра, ҳар қандай хатти-ҳаракат ифрот (ҳаддан ошиш) ва тафрит (камчиликка йўл қўйиш)дан холи, мўътадилликка мос бўлиши зарур. Шу сабабли Арасту ахлоқ масаласида умумий ва қатъий қоидалар эмас, балки қачон, нимага кўра, кимга нисбатан, қай сабаб билан, қай даражада ва қандай ҳаракат қилиш зарурлиги борасида изланишлар олиб борди. Ана шу инсонни фазилатга, бахтиёрликка ва комилликка олиб борадиган мўътадил йўл эканлигини айтди.

Арасту ва Афлотуннинг бизга маълум диний ҳаётда яшамаганини, шу сабабли баъзи масалалардаги фикрлари ислом уломалари билан бир хил эмаслигини оддий қабул қилиш керак. Зеро, Исо алайҳиссалом келишларидан уч-тўрт аср аввал яшаган бу файласуфларнинг даврида инсонларни у ёки бу йўналишга соладиган тўғри диннинг ўзи йўқ эди. Шундай бўлса-да, айтиш мумкинки, Афлотун ва Арасту Худо ҳақидаги қарашларида диний нуқтаи назарга энг кўп яқинлашган икки файласуф ўлароқ тарихда қолди. 

Арасту низом далили борасида фикр юритар экан, устози Афлотуннинг изидан борди ҳамда фазовий жисмларнинг ҳаракатини тадқиқ қилиш орқали оламдаги ҳар нарсани тартиб солиб турувчининг мавжудлиги ҳақида фикрга бориш мумкинлигини айтди. Низом далили қисқа, аммо ниҳоятда тушунарли, ишонтирувчи далил бўлиб, кейинчалик ундан кўплаб файласуфлар, теологлар ва олимлар фойдаланган. 

Арастуга кўра, хоҳ санъатда, хоҳ табиатда бўлсин, юзага келган ҳар нарсанинг моддий, шаклий, ҳаракат эттирувчи ва ғоявий сабаби бор. Масалан, санъат оламида мебел ёки ҳайкал олинадиган бўлса, уларнинг ясалиши учун керакли модда тахта, мармар ёки биринж (1); ҳайкал учун ҳайкалтарошнинг, мебел учун эса дурадгорнинг хаёлида бир фикр, режа ёхуд намуна бор (2); ҳаракат эттирувчи қувват сифатида қўллар ва асбоб-ускуналар (3); ушбу қувватни ҳаракатга туширувчи ва уни куч-қувват ҳолатида амалга оширувчи мақсад (4) бўлиши зарур. Шундай экан, ҳар воқеликнинг ва оламнинг тўртта сабаби бор: модда, фикр, қувват ва якуний ғоя. Ана шу тўрт омилнинг бирлашиши санъат асарининг ёки жонли мавжудотнинг пайдо бўлишига олиб келади. Ҳар нарсада модда бошланғичдир, фикр (шакл) эса модда у томон йўналадиган ғоядир, модда – лойиҳа, етишмаётган нарса, шакл эса мукаммаллик, якунловчидир.     

Амин Ариқ

(давоми бор) (1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм) (5-қисм)

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли
 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Илм-фан ривожига ҳисса қўшганлар атеист бўлганми?

415 15:05 14.04.2022

Атеистларни Исломга қандай даъват қилишимиз керак?

1325 18:00 15.07.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (12-қисм)

1821 21:00 27.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (11-қисм)

1806 21:00 20.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (10-қисм)

1648 21:30 17.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (9-қисм)

1558 21:35 10.02.2021
« Орқага