Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (7-қисм)

1766

Рене Декартнинг ҳаёти ва асосий қарашлари (1596-1650)

Классик далил

Классик далил Аллоҳнинг борлиги билан боғлиқ далил ва исбот истаган кишиларга биринчи бўлиб тушунтириш мумкин бўлган, ишонтирувчи ва кучли далил ҳисобланади. Машҳур файласуф Декартнинг кўпгина манбалардан ўрин олган классик далилини қуйидагича тақдим этиш мумкин:

“Айни пайтда мен нуқсонли бир мавжудот эканлигимни биламан. Нуқсонли бўлса-да, хаёлимда мукаммал зот ҳақида фикр мавжуд.

Ўйлаяпман: менинг мавжудлигимнинг сабаби нима?

Нафсимни ўз вужудимнинг сабаби ва яратувчиси сифатида кўриш учун имкон кўролмаяпман. Чунки менда яратувчи қудрат бўлганида эди, шубҳасиз ўзимни бундай нуқсонли эмас, барча комиллик сифатларига эга тарзда, янада мукаммал қилиб яратган бўлардим. Ҳа, менда шундай қудрат бўлганида, бутун камолотни ўзимга беришим аниқ эди. Зеро, бор бўлишга қодир қудрат камолотни ҳам ўзига беришга қодирдир. Лекин мен бунга қодир эмасман. Ундай бўлса, мен вужудимнинг яратувчиси эмасман.

Худди шу сабабга кўра коинотдаги бошқа мавжудотлар ҳам менинг ва ўзларининг яратувчиси бўлолмайди. Чунки улар нафсларининг яратувчиси бўлганида, ўзларини энг олий сифатлар билан яратган бўларди. Шундай экан, мутлақ камолотга эга бўлмаган мавжудотлар менинг яратувчим бўла олмайди. Ота-онам баданимнинг вужудга келишида воситачи, холос.

Шундай экан, мени яратган қудрат мутлақ камолот эгаси бўлган зотдир. У зотда камида менда мавжуд бўлганларнинг бор бўлиши зарурийдир. Ундай бўлса, мени яратган комил зот ҳам камида мен сингари мавжуддир. Ўша зот мутлақ камолот эгаси бўлган Тангридир”.

Якунда файласуфнинг ушбу гўзал сўзларини келтирайлик: “Тангрининг мавжудлиги бир ҳақиқатни ифода этувчи геометрик теориядан ҳақиқийроқдир”.

 Артур Шопенгауэрнинг ҳаёти ва асосий қарашлари (1788-1860)

Олмон файласуфи Артур Шопенгауэр тужжор отанинг ва адабиётчи онанинг фарзанди ўлароқ дунёга келди. Тиббиёт ва фалсафа бўйича таҳсил олди, Шарқ мистицизми ва пантеизм устида изланишлар олиб борди, Берлин университетида дарс берди.

Ҳаётни изтироб деб билган файласуфнинг бошидан ўтганлар унинг фалсафасига ҳам таъсир кўрсатган. Унинг фалсафасини ҳаётдаги ва инсоннинг ичидаги ёмонликлардан халос бўлишга уриниш сифатида кўриш мумкин. “Фавқулодда заковатга эга кишилар тор фикрлиларнинг ҳамма нарсани чиппакка чиқарувчи ихтиёрларига қараб ҳаракат қилганларида эди, мақсадларига эришган ва умри узун асарларни вужудга келтирган бўлишармиди?” – деган эди Шопенгауэр. Унинг энг муҳим асарлари сифатида “Олам – ихтиёр ва тасаввур сифатида” ҳамда “Ахлоқшуносликнинг икки асосий муаммоси” китобларини келтириш мумкин.

Шопенгауэрнинг фалсафасида ихтиёр жуда муҳим ҳисобланади. У Ницше ва Бергсон билан бир қаторда “экзистенциализмда ақлга қарши ихтиёр” мавзуси билан шуғулланган.

Файласуфнинг назарида ҳаракатларимизнинг манбаи бўлмиш ихтиёрни ички тажриба натижасида тушуниш мумкин. Шопенгауэрга кўра, ихтиёр деган нарса мавжудликнинг асосидир, яъни менинг мавжудлигимнинг асоси бўлган ихтиёр ва бошқа бировнинг, ҳатто физик қувватларнинг ихтиёри бир хилдир. Бироқ ҳар инсон унга бошқача нуқтаи назардар қарагани учун бу айнийлик билинмайди. Шундай қилиб, воситасиз ички мушоҳада (тажриба) билан мавжудлигимизнинг аслини тушуниб етганимиз пайт оламий борлиқни ҳам тушуниб етган бўламиз, чунки булар бир хил нарсалардир.

Иммануил Кантнинг ҳаёти ва асосий қарашлари (1724-1804)

Критицизмнинг асосчиларидан ҳисобланувчи Иммануил Кант Шарқий Пруссиянинг Кёнигсберг шаҳрида таваллуд топди ва умрини шу ерда ўтказди. Лейбниц ва Вольф[1]дан таъсирланди. 1755 йилда доцент илмий унвонини олди, физика ва астрономия бўйича асарлар ёзди, университетда дарс берди.

“Тарбиялаш мажбурий бўлган ягона мавжудот инсондир”, деган Кант фалсафадаги бирламчи ва асосий вазифаси илмни далиллаш, кейин эса ахлоқ ва диннинг рационаллигини ҳимоя қилиш деб ҳисоблади. Бу мақсадни рўёга чиқариш учун Декарт ва Юмнинг қарашларидан фойдаланган ҳолда ўз назариясини ишлаб чиқди.

Кант ўзидан кейинги олмон фалсафасининг идеалист келажаги учун замин ҳозирлаган, ўзига хос қарашлари билан танқидий фалсафага асос солиб, билишда ақлнинг ўрни ҳақида мулоҳаза юритган эди. Машҳур файласуфнинг “Соф ақлнинг танқиди”, “Амалий ақлнинг танқиди” ва “Адабий тотувлик” номли асарлари ҳали-ҳануз фалсафада асосий манбалар сифатида тилга олинади.

Энди эса Кантнинг ҳозир ҳам мусулмон файласуфлар фойдаланидан икки далилига тўхталиб ўтсак.

Ғоя-низом далили

Суқрот ва Цицерондан эътиборан фойдаланиб келинган ушбу далилни кўплаб мутафаккирлар қўллаб-қувватлаган.

Далил қуйидагича:

- коинот бир-бирига уйғун сабаблар ва ғоялар тизимини ифодалайди (кичик тезис);

- сабаблар ва ғояларнинг мувофиқлигини ифодаловчи ҳамма нарса олим ва ақл юритувчи бир заруриятнинг асаридир (катта тезис);

- ундай бўлса, коинот олим ва ақл юритувчи бир муассирнинг асаридир, у эса Худодир (натижа).

Кант ушбу далилнинг “катта тезис” ва “натижа” қисмларига танқидий кўз билан қараган бўлса-да, уни ҳурмат билан тилга олиш зарурлигини уқдирган эди: “Бу энг қадимги, энг равшан ва ақлга мос бўлган далилдир. Табиатнинг тадқиқ этилишини қўллаб-қуватлайди. Бизнинг табиат ҳақидаги билимимизни бойитади. Буюк Яратувчи ҳақидаги фикримизни қарши чиқиб бўлмайдиган ишончга айлантиради”.

Амин Ариқ

(давоми бор)  (1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм) (5-қисм) (6-қисм) (7-қисм)

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли


[1] Христиан вон Вольф, олмон файласуфи ва математиги

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (26-қисм)

1481 21:55 05.06.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (14-қисм)

2045 22:00 07.03.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (13-қисм)

2075 22:23 06.03.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (12-қисм)

1821 21:00 27.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (11-қисм)

1806 21:00 20.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (10-қисм)

1648 21:30 17.02.2021
« Орқага