Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (9-қисм)

1554

“У кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни берар. Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлар. Фақат ақл эгаларигина эсларлар”.

(“Бақара” сураси, 269-оят)

“Қайси соҳада бўлса-да, илм-фан билан жиддий шуғулланган ҳамманинг илм-фан маъбадининг эшигидаги шу ёзувга кўзи тушади: “Имон келтир! Имон – олимлар воз кеча олмайдиган васфдир”.

(Макс Планк)

Сўнгги давр мутафаккирлари ва олимлари

ХIХ асрда Ғарб дунёси илм-фан ва технология соҳасида қўлга киритган муваффақиятлар ва шу ютуқлар билан бирга ғарбликларнинг деярли бутун дунёда сиёсий ва иқтисодий ҳукмронлик ўрнатиши Ғарб инсонининг тасаввурида янги ва жуда ёрқин умид нурининг порлашига сабаб бўлди.

ХIХ асрда илм-фан инсониятнинг бутун муаммоларини ҳал қилишига ишонилар эди. Илм-фан ҳамма нарсадан аввал дастгоҳ ва завод дегани, пул ва бойлик дегани эди. Бу эса одамларни охири йўқ фаровонликка олиб боради деб ҳисобланарди. Ана шу фикрлар материалист ва позитивист нуқтаи назарнинг ёйилишига сабаб бўлди. Моддият инсоннинг муқаддасотига айланди. Ҳатто насронийликнинг муқаддас китоби бўлмиш Инжилга позитивист нуқтаи назардан ёндашилар ва шу жиҳатдан таҳлил қилинарди. Огюст Конт[1] эса позитивизмга таянган “инсоният дини” ер юзидаги ҳамманинг ахлоқий ва маънавий халоскори бўлишига ишонарди.

Европанинг дарвинчи, материалист, рационалист ва либерал фикрлари ичкарида синфлараро йирик тўқнашувларни, ташқарида эса мустамлакачилик сиёсатини амалга оширувичи асосий кучни ташкил қилганди.

Дарвиннинг биологик тараққиёт назарияси, Маркснинг капиталист ривожланиш назарияси, шунингдек, Фихте[2], Гегел[3] ва Гердернинг “Тарих фалсафалари” жамиятнинг илм-фан билан ривожланишини ва тобора идеалга яқинлашаётганини уқтирарди. Ҳолбуки, ХХ асрда бу назариялар ва фалсафий қарашларнинг бари чиппакка чиқди...

ХIХ асрнинг охирида ва ХХ асрнинг бошларида аввалига физикада қўлга киритилган ютуқлар эски физика асос қилиб олинган материалист нуқтаи назарни шубҳа остида қолдирди. Физика ва билим фалсафасидаги изланишлар олдинига позитивист тушунчаларга зарба берди, инсон зеҳнияти дунёни тушунишда пассив эмас, балки фаол рол ўйнаши маълум бўлди. Энг позитив деб ҳисобланувчи физикада ҳам модданинг энг майда зарраларини тўғридан-тўғри билиб бўлмаслиги, улар ҳақида билганларимиз олимларнинг субъектив таърифларига асослангани таъкидланди. Ҳатто Макс Планкдек машҳур физик физиканинг илм-фандан кўра кўпроқ санъат эканлигини айтганди. Ниҳоят, ҳақиқатни излашда илм-фандан ташқари бир қатор усуллар ва мезонларнинг ҳам борлиги эътироф этилди: санъат, дин, сезги ва ахлоқ тажрибаси. Эйнштейн илмий изланишларинг ҳам манбасида, ҳам усулларида диний инстинкт борлигини иддао қилди. Ақлнинг моддадан муҳимроқ эканлигини қабул қилгандан кейин бундай хулоса чиқармаслик имконсиз эди.

Инсоният диннинг аҳамиятини охирги даврда янада чуқурроқ тушуниб етди. Дин инсониятнинг ўтмиши қадар қадимийдир ва у тўғрисидаги баҳс-мунозаралар ҳар доим бўлган. Барча даврларда ҳам ақл юритувчилар, хусусан, илоҳиётшунослар ва файласуфлар диннинг тамали бўлмиш Худога ишониш ва Худонинг борлигини исботлаш масалалари устида бош қотиришган.

Аллоҳнинг борлигини исботлаш ёки камида мана шундай иддаоли масалада фикр юритиш тарих давомида фалсафа ва илоҳиётшуносликнинг марказий масаласи бўлиб келди. Фалсафа тарихида из қолдирган бирор жиддий файласуф йўқки, ана шу масалалар тўғрисида нимадир демаган бўлса. Бу борада жилдлаб китоблар ёзилган бўлса-да, фалсафа ва илоҳиётшуносликда ҳалигача деярли ҳар ой янги китоб ва сон-саноқсиз мақолаларнинг чоп этилаётгани масаланинг ҳамон долзарб бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Қизиқ, Аллоҳнинг борлигига ишониш ёки ишонмаслик шунчалик қийинмики, худди ечими йўқдек муаммо билан юзлашмоқдамиз. Ғаззолий ва Декарт сингари кўплаб мутафаккирлар эътиқоднинг фитрий (туғилишдан бор) эканлигини ва айнимаган инсон табиати Худонинг борлигига ишонишга мойиллигини айтган бўлса-да, барибир Аллоҳнинг борлиги ҳақида бир қатор далилларни келтиришган, исботлаш усулларини ишлаб чиқишган.

Сўнгги асрлардаги Ғарб олимларига келадиган бўлсак...

Умуман олганда уларнинг далиллари ақлий ва илмийдир. Уларнинг назарида илм-фан Аллоҳга олиб борувчи восита ҳисобланади. “Илм-фансиз дин кўр, динсиз илм-фан эса оқсоқдир”, – деган эди Эйнштейн.  

Профессор Альберт Макомп Уинстинс эса шундай дейди: “Илм-фан билан шуғулланишим имонимни аввалгидан кўра анча мустаҳкамлади. Шубҳасиз, илмлар инсоннинг коинотда Аллоҳнинг қудрати ва улуғлигини кўришларига ёрдам беради. Ўз тадқиқот соҳасидан нимадир янги нарсани кашф қилган инсоннинг имони зиёда бўлади”.

Ўз соҳаларида ҳурматли ҳисобланадиган ва бутун дунёга довруқ таратган бу олимларнинг изоҳлари шуни кўрсатадики, Ғарбдаги олимларнинг аксари ҳам динга ва Аллоҳга эътиқодга ҳурмат кўрсатишган, ҳам ўз изоҳларида Аллоҳнинг борлиги ҳақидаги далилларни келтириб ўтишган. Ана энди китобимизнинг энг ҳаяжонли бобига – Ғарб дунёининг охирги асрлардаги мутафаккирлари ва олимларининг янги, таъсирчан, илмий ва ақлий далиларига, фикр-мулоҳазаларига ўтамиз.

 

Макс Планкнинг ҳаёти ва асосий қарашлари (1858-1947)

 

Тўлиқ исми – Макс Карл Эрнст Людвиг Планк. Олмон физиги, 1918 йилги Нобел мукофоти совриндори. Германиянинг Кил шаҳрида, зиёли оилада туғилган. Ўттиз ёшида Берлин университетида физика кафедрасининг мудири бўлди. Илм-фан дунёсига қўшган энг муҳим ҳиссаси “квант гипотезаси” ҳисобланади.

 Планк илоҳий қонунлар дунёда тажалли этмоқда деган фикрда эди: бу қонунларни биз ақлимиз билан ижод қилмаймиз, шартлар бизни уларни кашф қилишга ундайди. Оламда ақлий бир тартибот мавжуд ва у қодир ақлнинг асаридир.

Олим дин ва илм-фан ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ, аксинча улар бир-бирига ёрдам беради деб ҳисоблаган. “Билим табиатнинг якуний сирини еча олмайди, чунки бизнинг ўзимиз ечишга уринаётган сирнинг бир парчасимиз”, – деган эди Планк. Яна шундай фикр билдирганди: “Дин ва табиий фанлар биргаликда скептицизм, натурализм, эътиқодсизлик ва хурофотларга қарши (Худо йўлида) аёвсиз кураш олиб бормоқда”.

Ҳаёти давомида Макс Планкнинг бошига бир неча бор оғир кулфатлар тушди. Биринчи рафиқаси Мари 1909 йилда оламдан ўтди, тўнғич ўғли Карл эса 1916 йилда Биринчи жаҳон урушида фронтда ҳалок бўлди. Эгизак қизларининг ҳар иккиси ҳам туғуруқ пайтида вафот этди. 1944 йилда Берлиндаги уйига бомба тушди, бутун ҳужжатлари ва китобларидан айрилди.

Етти фарзандидан фақатгина Эрвин исмли бир ўғли ҳаётда қолганди. Эрвин 1944 йилда Гитлерга суиқасд уюштиришда айбланганлар орасида эди. Нацистлар олимга шарт қўйди: нацизмга садоқат ҳақидаги хатни имзола ва ўғлинг ўлим жазосидан омон қолади.

Аммо Планк қўл қўймади.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Гёттинген шаҳрига кўчиб ўтган Макс Планк 1947 йилнинг 4 октябрида оламдан ўтди.   

Амин Ариқ

(давоми бор)  (1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм) (5-қисм) (6-қисм) (7-қисм) (8-қисм) (9-қисм)

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли


[1] Исидор Мари Огюст Франсуа Ксавье Конт (1798-1857) – француз файласуфи, позитивизм асосчиси

[2] Иоганн Готлиб Фихте (1762-1814) – олмон файласуфи

[3] Георг Вильгельм Фридрих Гегел (1770-1831) – олмон файласуфи

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (26-қисм)

1475 21:55 05.06.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (14-қисм)

2038 22:00 07.03.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (13-қисм)

2073 22:23 06.03.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (12-қисм)

1816 21:00 27.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (11-қисм)

1796 21:00 20.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (10-қисм)

1645 21:30 17.02.2021
« Орқага