Бошланғич диний таълим ҳақида (1-қисм)

12:00 27.08.2019 1325

Илм-фан қанчалар равнақ топмасин, майдони қанчалар кенгаймасин, у барибир инсонлар учун хотиржамлик, саодат руҳини, бир сўз билан айтганда, чин инсонийликни рўёбга чиқариб беришга қодир эмас. Чунки бу илм ҳаётнинг фақат моддий томонини ривожлантиради, узоқни яқин қилиб, узун муддатни қисқартириб беради. Шунинг учун ушбу биз яшаётган асрни «тезлик асри», «масофаларни кесиб ўтиш асри» деб номлашди. Лекин бирор киши бу асрни «фазилатлар асри», «хотиржамлик асри» ёки «инсоният учун саодат асри» дея оладими? Йўқ, ҳозиргача бу гапни биров айтолмади.

Руҳий-диний чанқоқлик ҳар бир соғлом инсонда бўлади. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Ушбу «чанқоқлик» «мусаффо зилол сув» билан қондирилмаса, одамлар «лойқа сув»га бўйин чўзиб қолиши табиийдир. Шунинг учун диний таълим борасида жиддий ўйлаб кўриш ва шуғилланиш керак.

Халқнинг диний таълим олишда муаммоларга дуч келиши, турли тўсиқларга учраши уларнинг ички оламида зиддиятларни келтириб чиқаради, норозилик кайфиятини уйғотади. Айниқса, ёши ўтганда Қуръон ўқишни истаганда, бошига турли ташвишли ҳолатлар тушиб, мусибат етган чоғда дуолар қилишни қўмсаганда саводсизликдан алам чекиш ҳар қандай одамни афсус-надомат гирдобига тортади. Ҳаж-умра ва бошқа мақсадлардаги сафарлар асносида, оинаижаҳон орқали бошқа мусулмонларнинг Қуръонни қўлга олиб, бемалол, гўзал тарзда ўқиб ўтиришини кузатиш кўпчиликнинг қалбида ўксиклик пайдо қилади. Буларнинг барчаси норозилик туйғусини кучайтиради.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Давоми бор…

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!