Ислом

Бошлиқлик ва имомликнинг фарқи қандай бўлади?

1050

Имом муҳаққиқ Ибн Қоййим Жавзия бошлиқ бўлишни яхши кўриш билан динда имом бўлишни яхши кўриш орасидаги фарқ ҳақида батафсил гапириб шундай дейди: “Дунёда бошлиқ бўлишни яхши кўриш билан Аллоҳга даъватда пешво бўлишни яхши кўриш орасидаги фарқ – бу Аллоҳнинг буйруғини улуғ кўриб, Аллоҳ учун насиҳатгўй бўлиш билан нафсини улуғ кўриб, нафсининг хоҳлаганига елиб-югуриш орасидаги фарқдир. Чунки Аллоҳ учун самимий бўлиб, Уни улуғлаган ва яхши кўрган одам ҳамма Роббисига итоат қилиб, Унга осий бўлмасликни хоҳлайди.

Аллоҳнинг калимаси олий бўлишини, дин фақат Аллоҳ учун бўлишини ҳоҳлайди. Бандалар ҳаммаси Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйсуниб ва қайтариқларидан қайтиб яшашини хоҳлайди. У Аллоҳга ибодат қилишда самимий, халқини Аллоҳга даъват қилишда самимий. У дин амалларида пешво бўлишни яхши кўради. У ўзидан олдин ўтган тақводорларга эргашгани каби, Роббисидан тақводорлар ҳам ҳавас қилиб эргашадиган имомлардан бўлишини сўрайди. Агар у банда Аллоҳнинг ҳақ йўлига даъват қилувчи бўлиб, инсонлар қалбида жой бўлишни хоҳласа, инсонларга имом бўлиб, уларнинг ўз қўлида Пайғамбар алайҳиссаломнинг изидан оғишмай боришини хоҳласа, бунинг зарари йўқ. Балки, у мақтовга арзигудек иш, чунки у ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишларини ва шу йўлда уларга ёрдамчи бўлишни хоҳлаяпти.

Аллоҳ таоло Ўзининг бундай бандаларини зикр қилиб, уларга мақтовлар айтган ва уларнинг чиройли амаллари ва сифатларини келтирганидан сўнг шундай дейди: “Улар: “Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи қил”, дейдиганлардир”. (Фурқон, 74). Улар Аллоҳ таолодан жуфтлари ва зурриётлари Аллоҳга итоат қилиш билан кўзларини қувнатишини сўраяпти. Аллоҳга тоат-ибодатда тақводорларни уларга ҳавас қилиб эргашадиган қилиб қалбларини шод қилишини сўраяпти. Чунки имом ва унга эргашувчилар бир-бирига тоат-ибодатда ёрдам берувчилар. Улар Аллоҳнинг розилиги ва тоати йўлида тақводорларга ёрдам бўладиган нарсани сўрашди. У нарса асоси сабр ва аниқ ишонч устига қурилган “диндаги пешволик”дир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: “Ва сабр қилган пайтларида улардан Бизнинг амримиз ила ҳидоятга бошлайдиган пешволар чиқардик. Улар бизнинг оятларимизга аниқ ишонардилар”. (Сажда, 24). Уларнинг динда имом бўлишни сўраши ўзларини ҳидоят қилишини, фойдали илм ва солиҳ амаллларга тавфиқ беришини сўрашидир.

Динда имомлик зоҳирида ва ботинда ҳам солиҳ амаллар билан эришилади. Аллоҳ таоло уларни Ўзининг исмига нисбат бериб “Роҳманнинг бандалари” деб атади. Бу Аллоҳ таоло улар бу олий мартабаларга Аллоҳнинг фазли-марҳамати ва уларга қилган олийжаноблиги билан эришганини халқига билдириб қўйиш учундир. Уларнинг мукофотини ҳам жаннатдаги юқори ўринлардан бири “ғурфалар” бўлади деди. Дунёдаги олий мартаба бўлмиш динда имом пешво бўлганлари учун унинг мукофоти ҳам жаннатдаги олий мукофот бўлди.

Дунёда бошлиқ бўлиш эса буларнинг аксидир. Бошлиқ бўлишни хоҳловчилар барча инсонлар уларга бўйсунишини, уларнинг ғаразли мақсади йўлида ёрдамчи бўлишини хоҳлайди. Уларнинг бу мақсадлари ортидан ҳаддан ошиш, зулм, ҳасад, бир-бирига кина-кудурат, Аллоҳнинг ҳаққига риоя қилмаслик каби ёмон нарсалар келиб чиқади. Дунёда амалдор бўлишнинг кўпи мана шулар устига қурилади. Амалдорлар кўпи мана шундай фасод устида эканини сезмайдилар. Шунинг учун қиёмат кунида қайта тирилганда улар кичик зарра мисоли тирилади ва бошқалар уларни оёқлари билан тепиб ўтади. Бу дунёда Аллоҳнинг буйруқларини паст санаб, бандаларини таҳқирлагани учун у дунёда ўзлари хорланади.

Асадуллоҳ Холмуродов таржимаси.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Исроил туғёни давом этмоқда: ал-Ақсо масжиди имоми ҳибсга олинди

1065 09:03 01.06.2020

Қамоқдан Қуръон туфайли озод бўлган йигитча

3952 09:30 19.05.2020

Хитой: Уйғур таксичиси ва онаси имомни машинасида ташигани учун 16 йилга қамалди

2480 23:39 21.04.2020

Имом хатосини тан олди ва... 

2362 15:00 14.04.2020

“Эшак ҳанграса, намоз бузилади” дейдиганларга насиҳат

3580 06:30 09.04.2020

“Ислом умматининг 100 буюк шахси”: Имом Шавконий

898 20:30 02.04.2020
« Орқага