Бойлик фақат Аллоҳ суйган бандаларга бериладими?

11:00 14.04.2018 855

Каломи мажидда шундай дейилган: “Энди – қачон улар ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, Биз уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Қачон ўзларига берилган нарса билан шод турганларида уларни тўсатдан (азоб билан) ушладик. Шунда бутунлай ноумид бўлдилар” (“Анъом” сураси, 44-оят).

Оятда тилга олинган кимсалар пайғамбарлар огоҳлантирган нарсадан юз ўгиришди, унга амал қилишмади. Шунда Аллоҳ таоло озроқ муҳлат берди: уларга ризқ эшикларини кенг очиб қўйди, истаган нарсаларини берди, беҳисоб мол-дунё, қўша-қўша бола-чақа билан сероб қилиб қўйди, куч-қувват ато этди. Бироқ улар неъматлар қадрига етишмади, Аллоҳга шукр қилишмади, кибр отига минишди, ғурур кўчасига киришди. Улар ўзларида йўқ хурсанд, мақтанчоқ эдилар. “Муносиб бўлганимиз учун шунча неъматга эришдик”, деб ўйлашарди. Аллоҳ таоло уларни жазолаганида яхшиликдан умидларини узишди. Ғофил ҳолда фаровон ҳаёт кечириб турган мутакаббир одамлар бошига бало ёғилса, оғир бўлади. Чунки бу кутилмаганда келади, бошқа азоблардан қаттиқроқ, аламлироқ кечади.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар Аллоҳ бандага гуноҳларига қарамай дунёдан ўзи суйган нарсаларни берганини кўрсанг, демак, у истидрождир”, дедилар. Кейин “Энди – қачон ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, Биз уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Қачон ўзларига берилган нарса билан шод турганларида уларни тўсатдан (азоб билан) ушладик. Шунда бутунлай ноумид бўлишди” оятини ўқидилар (Аҳмад ривоят қилган. Бу – ҳасан ҳадис ).

Истидрож деганда, бандага озроқ муҳлат бериш, уни айни вақтда азобламаслик, сўраган ҳамма нарсасини ато этиш, хоҳлаган ишини қилишга қўйиб бериш тушунилади. Бундай кимса гуноҳ-маъсиятга ботиб кетса ҳам Аллоҳ унга кенг ризқ, мўл-кўлчилик бераверади, қанча гуноҳи бўлсаям ҳисобсиз неъматлар билан сийлайди. Лекин фурсати етганда қаттиқ жазолайди.

Аллоҳ таоло айтади: “Қачон инсонни Парвардигори имтиҳон қилиб, уни мукаррам қилса, (кўп миқдорда) неъмат берса, у: “Парвардигорим мени азиз қилди”, дейди. Аммо қачон уни имтиҳон қилиб, ризқини тор қилиб қўйса, тезда: “Парвардигорим мени хор қилди”, дейди” (“Фажр” сураси, 15-16-оятлар).

Аллоҳ бандани имтиҳон қилиш учун кенг ризқ, куч-қувват, мансаб, чирой берса, у: “Бунга муносиб кўрилганим, Аллоҳга севимли бўлганим учун шундай бўляпти”, деб шодланади, кибр-ҳавога кетади. Бундай кимса шукр қилмайди, булар ҳаммаси синов эканини ўйлаб ҳам кўрмайди.

Агар унинг ризқи торайса, ишлари орқага кетса ёки мансаб курсисидан тушса, “Аллоҳ мени ёмон кўриб қолибди, У мени хорламоқда”, деган гумонга боради.

Иккала ҳолатда қилинган гумон, айтилган сўз нотўғри. Чунки мол-дунёси тўкис бўлиш, шоҳона турмуш кечириш банда мартабаси юқорилигини билдирмайди. Акс ҳолда осий кимсаларга кенг ризқ, тўкин-сочин ҳаёт берилмасди.

Бундай гапни охиратга ишонмайдиган ёки имони кучсиз одам айтади. Зеро, унинг фикрича, фақат мана шу дунё бор. Бахт-саодат фаровон турмуш билан ўлчанади. Мўмин банда эса бой бўладими, камбағалми, Аллоҳга ибодат қилади, бошига тушган кўргиликларга чидайди, тақдирдан нолимайди. Бойлик билан сийланса, шукр қилади, камбағаллик билан синалса, сабр қилади.

Келаси оятда шундай дейилган: “Йўқ! Балки сизлар етимни (иззат-)икром қилмайсиз, бир-бирларингизни мискинга таом беришга ундамайсиз, меросни қўшиб еяверасиз, бойликни жуда қаттиқ яхши кўрасиз” (“Фажр” сураси, 17-20-оятлар). Яъни: Йўқ! Бу икки ҳолатда айтилган гаплар нотўғри. Инсон бахти бойлик, бахтсизлиги камбағаллик билан ўлчанмайди. Балки ҳақиқий саодат Аллоҳга имон келтириш, У Зотга ибодат қилишдир.

Эй бандаларим, сизлар Мен берган ризқни ўз ўрнига сарфламаяпсиз, бойликка эга бўлатуриб етим-есир, ночор кишиларга таом улашмаяпсиз. Агар шундай қилганингизда, бу ишингиз Аллоҳга хуш келарди.

Сизлар бир-бирингизни бечораҳол кишиларга ёрдам беришга чақирмаяпсиз, бахиллик қиляпсиз. Ўз насибангизга қаноат қилмай етимлар, аёллар, заифлар меросига кўз олайтиряпсиз, уларни очкўзлик билан, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай емоқдасиз. Нотўғри эътиқодингиз, номаъқул ишларингиз сабаби шунда. Сизлар бойликка жуда ўчсиз, тўплаган давлатингизни инфоқ қилишга бахилсиз. Фикр-хаёлингиз бойликда. Дунёни охиратдан афзал биласиз. Иш шундангина иборат эмас. Ҳали қиёмат бор, ҳисоб-китоб бор...

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ ўртангизда хулқингизни тақсимлаганидек, ризқларингизни ҳам тақсимлаган. Аллоҳ дунёни Ўзи суйган бандасига ҳам, ёмон кўрганига ҳам бераверади. Аммо динни фақат яхши кўрган бандасига беради. Аллоҳ кимга динни берган экан, У зот уни яхши кўрибди” (Аҳмад, Ҳоким, Табароний ривоят қилган. Ҳадис санади заиф ).

Бу ҳадисда Аллоҳ таоло томонидан бандалар ризқи тақсимлаб қўйилгани, мол-дунёни Аллоҳ кимларга бериши, имон бойликдан афзаллиги айтилмоқда.

Аллоҳ ўртангизда хулқингизни тақсимлаганидек, ризқларингизни ҳам тақсимлаб қўйган”.

Аллоҳ бандалари ризқини тақсимлаб, насибаларини етказиб бериш кафолатини зиммасига олган. Буни юқорида батафсил ўргандик. Шунингдек, Аллоҳ бандалар хулқларини ҳам тақсимлаган. Хоҳлаган бандасига ҳусни хулқ, хоҳлаганига бадҳулқ беради. Шу сабаб банда Аллоҳдан гўзал хулқли бўлишни сўрайди. Шу билан бирга, ўзи ҳам одобли бўлишга ҳаракат қилади.

Аллоҳ дунёни Ўзи суйган бандасига ҳам, ёмон кўрганига ҳам бераверади. Аммо динни фақат яхши кўрган бандасига беради”.

Бу ердаги “дунё”дан мурод мол-мулк, шон-шуҳрат, мансаб-мартаба ва ҳоказолар. “Дин”дан мурод эса имон-эътиқод, ихлосдир.

Бундан чиқди, дунёга тегишли нарсалар Аллоҳ наздида пашша қанотичалик ҳам қийматга эга эмас. Шунинг учун уни хоҳлаган бандасига – мўминга ҳам, кофирга ҳам, суйган бандасига ҳам, ёмон кўрганига ҳам, солиҳга ҳам, фосиққа ҳам бераверади. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад, бу дунёда одамларнинг) барчаларига – мана бу (мўмин)ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Парвардигорингиз неъматидан ато этамиз. Парвардигорингиз неъмати (ҳеч кимдан) ман қилинмайди” (“Исро” сураси, 20-оят).

Яъни, Биз мана бу икки тоифага – фақат дунё зийнатини хоҳловчиларга ҳам, охират саодатини истаб, шунга эришиш учун интилаётганларга ҳам дунё неъматларидан берамиз. Зеро, Парвардигорингиз неъматлари ҳеч кимдан тўсилмайди.

Чунончи, бир бандада бойлик, ўткинчи дунё неъматлари жамланиши унинг илоҳий даргоҳдаги мартабаси баландлигини билдирмайди. Аллоҳ бандани яхши кўриши бошқа жиҳатга қараб белгиланади. Аллоҳ суйган бандага имон-эътиқод, ихлос неъмати берилади.

 

Зиёвуддин Раҳим ва Одилхон қори Юнусхон ўғлининг “Ризқ калитлари” китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!