Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Бозор атрофида фаҳш тарғиб қилинса, ўзбеклар чўчқа гўшти сотиб турса...

5726

Уйим Қўйлиқ деҳқон бозорига яқин бўлганлиги учун бозорлик қилгани кўпинча шу бозорга бораман. Бозор ҳар томонлама қулай ва нарх наволари ҳам чўнтакбоп. Лекин бу бозордаги икки ҳолат таъбимни хира қилади. 

Биринчиси, бозор ёнидаги автобус бекати кўприк тагида жойлашган. Шу бекат ёнида доимо, айниқса куннинг иккинчи ярмида кўплаб аёллар йиғила бошлайди ва ўтган кетган йигитлар ҳамда ўрта ёшли эркаклар, қолаверса, ёши катта инсонларга ҳам фаҳш ишни таклиф қила бошлайди. Баъзи ҳолларда у жойда енгилтабиат аёллар кам бўлса-да, лекин уларни мижоз билан таъминлайдиган қўшмачилар доимо бўлади. Сиз уларни ёнидан ўтсангиз ҳеч уялмасдан сиз эшитадиган овозда «қизлар бор, келишган қизлар бор» деб туришади. Бу аёлларнинг юзи шунчалик қотиб кетганки, Аллоҳ қайтарган жирканч ишни таклиф қила туриб юзида бироз уялиш ҳисси кўринмайди. Бундай инсонлар ҳолати борасида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар «Иймон бир либосдирки, Аллоҳ уни хоҳлаган кимсасига кийдиради. Агар банда зино қилса, ундан либос ечиб олинади. Борди-ю тавба қилса, унга (иймон либоси) қайтарилади» (Абу Довуд, Термизий ривояти). Расулимиз башорат қилганларидек бу инсонлар юзидан имон шарпасини топиш қийин. 

Ачинарлиси, бу «тарғиботчи»лар ёнида баъзан яхши-ёмонни ажрата оладиган ёшдаги фарзандлари ҳам бўлади. Уларнинг ёнида ҳам бемалол тарғиб қилаверади. Бир марта менинг ёнимда автобус кутиб турган ёш ўспирин йигитга «тарғиботчи» аёллардан бири келиб «қизлар бор, қизлар бор» дея бошлади. У йигит ҳам автобус келгунча роса тарғиботчи аёл билан суҳбатлашди. Уларнинг суҳбатидан шу нарса аниқ бўлдики, бу ерда фақат уч ёки тўртта ўртакашлар айланиб мижоз топади, фаҳш билан шуғулланадиган аёллар эса шу атрофдаги маълум бир турар жойда улар юбориб турган мижозларни кутиб олишади. Бу ўртакашларнинг ҳар бирининг қўл остида камида беш ёки олти нафар аёл бор. Агар бу ерга бегона аёл “иш”га келса, албатта уларнинг бирининг қўл остига ўтиши ёки бу ердан кетиши керак. Ўртакашлар ҳимоясидаги аёллар турли ёшда. Йўловчи йигит билан суҳбат жараёнида бўлган «тарғиботчи» опанинг сўзларига кўра ҳатто 15-16 ёшдаги қизлар ҳам бор экан. Қизларнинг ёшига қараб нарх-навоси ҳам турлича. Менинг эшитганим — бир соатлик вақт учун 150 мингдан 500 минггача бор. Бу ердаги ўртакаш опалар шунақанги тарғиб қиладики, икки дақиқа суҳбат қурган содда йигитлар албатта уни тузоғига илинади. Аммо менинг ёнимда турган йўловчи йигит анча уддабурон экан узоқ суҳбатдан сўнг «опа, бундай ишга виждоним йўл қўймайди» деб кетиб қолди. Бу “опа”ларнинг асосий мижозлари – спиртли ичимлик ичган, оёқда зўрға турадиган, аммо чўнтагида яхшигина пули бор «окахонлар» экан. Тўғри, уларни тегишли идора вакиллари бу жойдан узоқлаштириб турибди, лекин улар кетгач яна тарғибот давом этмоқда. Ҳатто бир сафар кун қоронғилашгани сари ўртакашлар сингари аёллар кўпая борди, мен шу яқин атрофдаги сартарошхонада эдим. Сартарошхона ойнасидан улар яққол кўриниб турарди. Кун қоронғилашгани сари улар кўпаяверди ва оғзидан атрофдагилар эшитадиган тарзда беҳаё сўзларни айта бошлади. Бу шунчалик авж олдики, ҳатто сартарош шу атрофдаги ички ишлар ходимини телефон орқали чақириб, уларни бу ердан ҳайдаб юборди. Мен кўрганимни ёзаяпман. Бу ишлар қалбингиз ларзага келадиган даражада авж олган. 

Аллоҳ таоло бандаларини зинога яқинлашишдан ва зинога сабаб бўладиган ишлардан қайтариб шундай дейди:
«Зинога яқинлашманглар! Чунки бу бузуқликдир ва энг ёмон йўлдир» (Исро, 32).

Бу бозорда иккинчи қалбимни ўртаган ҳолат – бозорга кириш жойида, ҳалол маҳсулотлар ўртасида бир амакининг ҳаром бўлган чўчқа гўштини сотиб ўтиришидир. Бозор ўртасида чўчқа гўштини сотилиши одатий ҳолдир, лекин уни ўзбек, мусулмонман деган одамнинг сотиб туриши жуда қайғулидир.

Бундай ишларнинг секин-аста жамиятимизда одатий ҳолга айланиб бориши яхши эмас. Фаҳш ишлар билан шуғулланадиганлар тўғрисида олдин ҳам кўплаб ОАВда мақолалар чиққан эди, лекин ҳанузгача бу ишга буткул барҳам берилгани йўқ. Шунинг учун жамоат жойида бундай ноқобил ишларни буткул йўқотиш керак. 


Нурбек Ғофуров

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Машина бозорда нафс масаласини кўтардик

988 18:00 03.06.2021

Бозорларда нарх-наво ошармиш...

691 17:00 21.04.2021

Саудия Арабистони билан яна бир ҳамкорлик йўлга қўйилади

1002 19:30 03.04.2021

“Эскижўва” бозорида хўроз уриштирилган(ми)...

1398 18:00 31.03.2021

Нигерда мотам: бозордан қайтаётган одамлар қирғин қилинди

864 13:35 17.03.2021
« Орқага