Илм

Бозорларда Аллоҳни зикр қилиш

1451

Ҳар бир инсон савдо-сотиқ қилиш учун бозорга боради. Айнан шу пайтда Аллоҳ таолони зикр қилиш савоби кўп амаллардандир. Ҳадисларда ҳам инсонлар Аллоҳ таолони зикр қилишдан ғафлатда қоладиган ўринларда Уни зикр қилиш ўта савобли амал экани айтилган.

Машҳур тобеинлардан бўлган ҳазрати Абу Қалобадан ривоят қилинади: “Бир куни икки киши бозорда учрашиб, улардан бири иккинчисига: “Шу пайтда инсонлар Аллоҳ таолонинг зикридан ғафлатда қоладилар, кел биз Аллоҳга истиғфор айтайлик", деди. Буни эшитиб иккинчи киши ҳам истиғфор айтди.

Кейинчалик улардан бири вафот этди. У билан бозорда зикр қилган киши: “Биз иккимиз бозорда учрашган кечада Аллоҳ таоло биз иккимизнинг гуноҳларимизни мағфират қилибди”, деяётганини тушимда кўрдим”, деган экан.

Бозорда хаёлига келган зикрни айтиш мумкин. Лекин  ҳадисларда айнан бозорда айтиладиган махсус зикрлар ҳам келган.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бозорга кириб, “Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, лаҳул-мулку валаҳул-ҳамд юҳйий ва юмийт ва ҳува ҳайюл-лаа ямуут биядиҳил-хойр ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр”ни айтса, Аллоҳ унга минг-минг ҳасанот ёзади, минг-минг (сағира) гуноҳларини афв қилади ва минг-минг баланд даражаларга кўтаради”, дедилар”. 
(Имом Термизий ривояти)

Маъноси: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқ, яккаю-ягона зотдир. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Унга бўлсин. У тирилтиради, ўлдиради. У ўлмайдиган – тирикдир. Барча яхшилик унинг изнидадир. У барча нарсага қодир зотдир”.

Термизийнинг Умар розияллоҳу анҳудан нақл қилган бошқа ривоятида “Жаннатда унга уй қуради”, деган жумла қўшилган.

Ушбу дуони ёдлаб олиб, бозорда юрган вақтда қайта-қайта ўқиб юрилса, нур устига нур бўлади ва номаи аъмолда яхшиликлар захираси ортиб боради.

Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тошкентда бозорлар ёпилади

1261 20:00 23.03.2020

Бозорлардаги ёнғиндан ким манфаатдор?

1006 22:00 10.03.2020
« Орқага