Брянск вилоятининг Сураж туманида нефть маҳсулотлари бўлган резервуарлар ёнмоқда, деб хабар берган вилоят губернатори Александр Богомаз ўзининг телеграм-каналида.
Унинг сўзларига кўра, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Ёнғин 30 ноябрга ўтар кечаси содир бўлган. Ёнғинга нима сабаб бўлганига аниқлик киритилмаган.
"Ёнғинни ўчириш ва қутқарув бригадалари воқеа жойида ишламоқда. Ёнғин майдони 1800 квадрат метрни ташкил этади. Ўчиришга 80 дан ортиқ киши ва 30 дан ортиқ техника, жумладан, ўт ўчирувчи поезд жалб қилинган. Россиянинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Брянск вилоятидаги Бош бошқармаси қўшимча равишда аэромобил гуруҳини жўнатди”, — деб ёзган Богомаз.
Брянск вилояти Украина ва Белоруссия билан чегарадош. Брянскдан Украина чегарасигача тўғри чизиқда - 110 километр, магистраль бўйлаб - 173.
Россия ҳаво базалари, ўқ-дорилар ва нефть омборларига ким ва нима учун ҳужум қилмоқда?
Апрель ойида Брянскнинг Фокинский туманидаги нефть базасида йирик ёнғин содир бўлган эди. Ўшанда Брянск вилоятининг бир қанча давлат муассасалари ходимлари эвакуация қилинди ва Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Александр Чуприяннинг шахсан ўзи ёнғин жойига етиб келди.
1 апрелга ўтар кечаси Белгороддаги нефть базасида портлашлар ва ёнғин содир бўлди. Кейин Украинанинг иккита жанговар вертолёти жуда паст баландликда Россия ҳаво ҳудудига кириб келиб зарба берган. Россия Мудофаа вазирлиги буни тан олди. Тергов қўмитаси Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «в» банди («Террор акти») бўйича жиноий иш қўзғатди.